Перейти на главную страницу
1.Моддий неъматлар / Бут товарлар]
Агар олди-сотди шартномасида сотувчининг сотиб олувчига муайян товарлар тўпламини бут ҳолида (бут товарлар) бериш мажбурияти белгиланган бўлса, бут ҳолдаги барча товарлар берилган пайтдан бошлаб мажбурият бажарилган ҳисобланади.
Агар олди-сотди шартномасида бошқача тартиб белгиланган бўлмаса ва у мажбуриятнинг моҳиятидан келиб чиқмаса, сотувчи бут ҳолдаги барча товарларни сотиб олувчига бир вақтда топшириши лозим.
413-модда. Бут бўлмаган товарни топшириш оқибатлари
Бут бўлмаган товар топширилган тақдирда, сотиб олувчи ўз ихтиёрига кўра сотувчидан:
харид нархини мутаносиб равишда камайтиришни;
товарни оқилона муддатда бутлашни талаб қилиш ҳуқуқига эга.
Агар сотувчи оқилона муддатда сотиб олувчининг товарни бутлаш тўғрисидаги талабини бажармаса, сотиб олувчи ўз ихтиёрига кўра:
бутланмаган товарни бут товарга алмаштиришни талаб қилишга;
олди-сотди шартномасини бажаришдан бош тортишга ва товар учун тўланган пул суммасини қайтариб беришни, шунингдек етказилган зарарни қоплашни талаб қилишга ҳақли.
Агар олди-сотди шартномасида бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса ва у мажбуриятнинг моҳиятидан келиб чиқмаса, ушбу модданинг биринчи ва иккинчи қисмларида назарда тутилган оқибатлар сотувчининг сотиб олувчига бут товарларни топшириш мажбурияти бузилган ҳолларда ҳам қўлланилади.
414-модда. Идиш ва ўраш
Агар олди-сотди шартномасида бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса ва у мажбуриятнинг моҳиятидан келиб чиқмаса, сотувчи сотиб олувчига товарни идишда ёки ўралган ҳолда топшириши шарт, ўз хусусиятига кўра идишга жойлаш ва (ёки) ўрашни талаб қилмайдиган товар бундан мустасно.
Агар олди-сотди шартномасида идиш ва ўраш ҳақида талаблар белгиланган бўлмаса, товар бундай товар учун одатдаги усулда, у бўлмаганда –– сақлаш ва транспортда ташишнинг оддий шароитларида бундай турдаги товарнинг сақланишини таъминлайдиган усулда идишга жойлаштирилиши ва (ёки) ўралиши лозим.
Агар қонунда белгиланган тартибда идиш ва (ёки) ўрашга нисбатан мажбурий талаблар назарда тутилган бўлса, тадбиркорлик фаолиятини амалга ошираётган сотувчи сотиб олувчига товарни ушбу мажбурий талабларга мос келадиган идишда ва (ёки) ўралган ҳолда топшириши шарт.
415-модда. Товарни идишсиз ва (ёки) ўрамаган ҳолда ёхуд тегишли идишга жойламаган ва (ёки) тегишли даражада ўрамаган ҳолда топшириш оқибатлари
Идишга жойланиши ва (ёки) ўралиши лозим бўлган товар сотиб олувчига идишсиз ва (ёки) ўрамаган ҳолда ёхуд тегишли идишга жойламаган ва (ёки) тегишли даражада ўрамаган ҳолда топширилган тақдирда, агар олди-сотди шартномасидан, мажбурият моҳияти ёки товарнинг хусусиятидан бошқа ҳол келиб чиқмаса, сотиб олувчи сотувчидан товарни идишга жойлаштириш ва (ёки) ўрашни ёхуд тегишли бўлмаган идиш ва (ёки) ўрашни алмаштиришни талаб қилишга ҳақли. Сотувчига юқоридаги талабларни қўйиш ўрнига, сотиб олувчи унга сифати тегишли даражада бўлмаган товарни топширишдан келиб чиқадиган, ушбу Кодекснинг 434-моддасида назарда тутилган талабларни қўйишга ҳақли.
416-модда. Олди-сотди шартномаси тегишли даражада бажарилмагани ҳақида сотувчини хабардор қилиш
Сотиб олувчи олди-сотди шартномасининг товарлар миқдори, ассортименти, сифати, бутлиги, идиши ва (ёки) ўралиши тўғрисидаги шартлари бузилганлиги ҳақида қонун ҳужжатларида ёки шартномада кўзда тутилган муддатда, агар бундай муддат белгиланган бўлмаса, шартноманинг тегишли шарти бузилганлиги товарлар хусусияти ва вазифасидан келиб чиққан ҳолда аниқланиши лозим бўлганидан сўнг оқилона муддатда сотувчига маълум қилиши шарт.
Сотиб олувчи ушбу модданинг биринчи қисмида кўрсатилган мажбуриятни бажармаган тақдирда, сотувчи бу ҳол сотиб олувчининг талабларини қаноатлантириб бўлмайдиган қилиб қўйганини ёки сотувчи олди-сотди шартномаси шартлари бузилгани ҳақида ўз вақтида хабардор қилинганида сарфлаши мумкин бўлган маблағларга нисбатан номутаносиб харажатларга олиб келишини исботласа, у сотиб олувчининг тегишли талабларини қондиришдан тўлиқ ёки қисман бош тортишга ҳақли.
Агар сотувчи сотиб олувчига топширилган товарлар олди-сотди шартномаси шартларига жавоб бермаслигини билган ёки билиши лозим бўлган бўлса, у сотиб олувчи ушбу модданинг биринчи қисмида назарда тутилган мажбуриятни бажармаганлигини важ қилиб кўрсатишга ҳақли эмас.
417-модда. Сотиб олувчининг товарни қабул қилиш мажбурияти
Сотиб олувчи ўзига сотувчи томонидан топширилган товарни қабул қилиб олиши шарт, у товарни алмаштириб беришни талаб қилиш ёки олди-сотди шартномасини бажаришни рад этишга ҳақли бўлган ҳоллар бундан мустасно.
Агар қонун ҳужжатларида ёки олди-сотди шартномасида бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, сотиб олувчи одатда қўйиладиган талабларга мувофиқ тегишли товарни топшириш ва олишни таъминлаш учун ўзи томонидан зарур бўлган ҳаракатларни амалга ошириши лозим.
Сотиб олувчи қонун ҳужжатлари ёки олди-сотди шартномасини бузган ҳолда товарни қабул қилмаса ёки қабул қилишдан бош тортса, сотувчи шартномани бажаришдан бош тортиш ва зарарни қоплашни талаб қилишга ҳақли.
418-модда. Товарнинг баҳоси
Сотиб олувчи товар ҳақини ушбу Кодекснинг 356-моддасига мувофиқ белгиланадиган баҳода тўлаши, шунингдек қонун ҳужжатлари, олди-сотди шартномаси ёки одатда қўйиладиган талабларга мувофиқ тўловни амалга ошириш учун зарур бўлган ҳаракатларни ўз ҳисобидан бажариши лозим.
Товарнинг баҳоси унинг оғирлигига қараб белгиланадиган бўлса, агар олди-сотди шартномасида бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, у соф оғирлиги бўйича аниқланади.
Агар олди-сотди шартномасида товарнинг баҳоси уни белгилайдиган кўрсаткичлар (таннарх, харажатлар ва ҳоказо)га қараб ўзгартирилиши лозимлиги назарда тутилган бўлса, аммо шу билан бирга, баҳони қайта кўриб чиқиш усули белгиланган бўлмаса, баҳо ушбу кўрсаткичларнинг шартнома тузилган пайтдаги ва товарни топшириш пайтидаги ўзаро нисбатидан келиб чиққан ҳолда белгиланади. Сотувчи товарни топшириш мажбуриятини бажаришни кечиктириб юборганида баҳо ушбу кўрсаткичларнинг шартнома тузилган пайтдаги ва шартномада назарда тутилган товар топшириладиган пайтдаги, агар шартномада товарни топшириш пайти назарда тутилган бўлмаса, ушбу Кодекснинг 242-моддасига мувофиқ аниқланган пайтдаги нисбатидан келиб чиққан ҳолда белгиланади.
Агар қонун ҳужжатларида ёки олди-сотди шартномасида бошқача тартиб белгиланган бўлмаса ва у мажбуриятнинг моҳиятидан келиб чиқмаса, ушбу модданинг учинчи қисмида назарда тутилган қоидалар қўлланади.
419-модда. Товар ҳақини тўлаш
Агар қонун ҳужжатлари ёки олди-сотди шартномасининг шартларидан товар баҳосини муайян муддатда тўлаш мажбурияти келиб чиқмаса, сотиб олувчи уни сотувчи ўзига товарни ёки ушбу товарни тасарруф қилиш ҳужжатларини берганидан сўнг кечиктирмасдан тўлаши лозим.
Агар олди-сотди шартномасида товар ҳақини бўлиб-бўлиб тўлаш назарда тутилган бўлмаса, сотиб олувчи сотувчига топширилган товарнинг тўлиқ баҳоси миқдорида ҳақ тўлаши лозим.
Агар сотиб олувчи олди-сотди шартномасига мувофиқ топширилган товар ҳақини ўз вақтида тўламаса, сотувчи товар ҳақини ва ўзганинг пул маблағларидан фойдаланганлик учун фоизлар тўлашни талаб қилишга ҳақли.
Агар сотиб олувчи олди-сотди шартномасини бузган ҳолда товарни қабул қилиш ва ҳақини тўлашдан бош тортса, сотувчи ўз ихтиёрига кўра товар ҳақини тўлашни талаб қилиш ёки шартномани бажаришдан бош тортиш ҳуқуқига эга.
Сотувчи олди-сотди шартномасига мувофиқ сотиб олувчига ҳақи тўланмаган товарлардан ташқари бошқа товарларни ҳам топшириши лозим бўлганида, агар қонун ҳужжатлари ёки шартномада бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, у ушбу товарларни топширишни аввал топширилган барча товарлар ҳақи батамом тўлангунга қадар тўхтатиб қўйишга ҳақли.
420-модда. Товар ҳақини олдиндан тўлаш
[СПиТ:
1.Мажбурият ҳуқуқи. Битимлар / Олдиндан ҳақ тўлаш]
Олди-сотди шартномасида сотувчи товарни топширишидан олдин сотиб олувчи унинг ҳақини тўлиқ ёки қисман тўлаш (олдиндан ҳақ тўлаш) мажбурияти назарда тутилган ҳолларда, сотиб олувчи товар ҳақини шартномада назарда тутилган муддатда, агар шартномада бундай муддат назарда тутилган бўлмаса, ушбу Кодекснинг 242-моддасига мувофиқ белгиланган муддатда тўлаши лозим.
Сотиб олувчи олди-сотди шартномасида назарда тутилган товар ҳақини олдиндан тўлаш мажбуриятини бажармаган тақдирда ушбу Кодекснинг 256-моддасида назарда тутилган қоидалар қўлланади.
Олдиндан тўланган суммани олган сотувчи товарни топшириш бўйича мажбуриятни бажармаган тақдирда сотиб олувчи ҳақи тўланган товарни топширишни ёки сотувчи топширмаган товар учун олдиндан тўланган суммани қайтариб беришни талаб қилишга ҳақли.
Агар сотувчи олдиндан ҳақи тўланган товарни топшириш мажбуриятини бажармаса ва олди-сотди шартномасида бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, олдиндан тўланган сумма учун ушбу Кодекснинг 327-моддасига мувофиқ, товарни топшириши лозим бўлган кундан бошлаб товар сотиб олувчига топширилган ёки унга олдиндан тўлаган суммаси қайтариб берилган кунгача фоизлар тўланиши лозим. Шартномада сотувчининг олдиндан тўланган сумма учун фоизларни бу сумма сотиб олувчидан олинган кундан бошлаб тўлаш мажбурияти назарда тутилиши мумкин.
421-модда. Насияга сотилган товар ҳақини тўлаш
[СПиТ:
1.Мажбурият ҳуқуқи. Битимлар / Товарни насияга сотиш]
Олди-сотди шартномасида товар ҳақини у сотувчига топширилганидан сўнг маълум вақт ўтгач тўлаш (товарни насияга сотиш) назарда тутилган ҳолларда сотиб олувчи товар ҳақини шартномада кўрсатилган муддатда, агар шартномада бундай муддат назарда тутилган бўлмаса, ушбу Кодекснинг 242-моддасига мувофиқ белгиланган муддатда тўлаши лозим.
Сотувчи товарни топшириш мажбуриятини бажармаса, ушбу Кодекснинг 256-моддасида назарда тутилган қоидалар қўлланади.
Товарни олган сотиб олувчи унинг ҳақини тўлаш бўйича олди-сотди шартномасида белгиланган мажбуриятни бажармаган ҳолларда сотувчи топширилган товар ҳақини тўлашни ёки ҳақи тўланмаган товарни қайтариб беришни талаб қилишга ҳақли.
Агар сотиб олувчи топширилган товар ҳақини тўлаш мажбуриятини олди-сотди шартномасида белгиланган муддатда бажармаган ва ушбу Кодексда ёки олди-сотди шартномасида бошқа ҳол назарда тутилган бўлмаса, кечикиб тўланган сумма учун ушбу Кодекснинг 327-моддасига мувофиқ шартномага биноан товар ҳақи тўланиши лозим бўлган кундан бошлаб сотиб олувчи товар ҳақини тўлаган кунгача фоизлар тўланиши лозим.
Олди-сотди шартномасида сотиб олувчининг сотувчи томонидан товар топширилган кундан бошлаб товар баҳосига тенг бўлган сумма учун фоизлар тўлаш мажбурияти назарда тутилиши мумкин.
Агар қонун ҳужжатларида ёки шартномада бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, товарни насияга сотиш у сотилган кундаги нархларда амалга оширилади.
Товар сотиб олувчига топширилган пайтдан бошлаб унинг ҳақи тўлаб бўлингунга қадар насияга сотилган товар сотиб олувчи томонидан товар ҳақини тўлаш мажбурияти бажарилишини таъминлаш учун сотувчида гаровда турган деб ҳисобланади.
422-модда. Товар ҳақини бўлиб-бўлиб тўлаш
Товарни насияга сотиш шартномасида товар ҳақини бўлиб-бўлиб тўлаш назарда тутилиши мумкин.
Ҳақини бўлиб-бўлиб тўлаш шарти билан товарни насияга сотиш шартномасида олди-сотди шартномасининг бошқа муҳим шартлари билан бир қаторда товар баҳоси, тўловларнинг тартиби, муддатлари ва миқдори кўрсатилган бўлса, бундай шартнома тузилган ҳисобланади.
Сотиб олувчи ҳақини бўлиб-бўлиб тўлаш шарти билан сотилган ва ўзига топширилган товар учун навбатдаги тўловни шартномада белгиланган муддатда амалга оширмаса, сотувчи шартномани бажаришдан бош тортишга ва сотилган товарни қайтаришни талаб қилишга ҳақли, агар шартномада бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, сотиб олувчидан олинган тўловлар суммаси товар баҳосининг учдан икки қисмидан ортиқ бўлган ҳоллар бундан мустасно.
423-модда. Товарни суғурталаш
Агар шартномада сотувчи ёки сотиб олувчининг товарни суғурталаш мажбурияти назарда тутилган бўлса, бироқ унда суғурталаш шартлари ва товар суғурталанадиган энг кам сумма белгиланмаган бўлса, суғурталаш шартномасида назарда тутилган суғурта пули товар баҳосидан кам бўлиши мумкин эмас.
Товарни суғурталаши лозим бўлган тараф шартнома шартларига мувофиқ суғурталашни амалга оширмаган ҳолларда бошқа тараф товарни суғурталашга ва суғурталаши лозим бўлган тарафдан суғурта харажатларини қоплашни талаб қилишга ёки шартномани бажаришдан бош тортишга ҳақли.
424-модда. Мулк ҳуқуқининг сотувчи ихтиёрида сақланиб қолиши
Олди-сотди шартномасида сотувчининг сотиб олувчига топширилган товарга мулк ҳуқуқи товар ҳақи тўлангунга ёки бошқа ҳолатлар юз бергунга қадар сақланиши назарда тутилган ҳолларда, агар қонун ёки шартномада бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса ёки у товарнинг вазифасидан ва унинг хусусиятларидан келиб чиқмаса, сотиб олувчи мулк ҳуқуқи ўзига ўтгунча товарни ўзгага беришга ёки бошқача тарзда тасарруф этишга ҳақли эмас.
Топширилган товарнинг ҳақи олди-сотди шартномасида белгиланган муддатда тўланмаганда ёки мулк ҳуқуқи сотиб олувчига ўтадиган бошқа ҳолатлар юз бермаганда, агар шартномада бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, сотувчи сотиб олувчидан товарни қайтариб беришни талаб қилишга ҳақли.
[ОКОЗ:
1.03.00.00.00 Фуқаролик қонунчилиги / 03.11.00.00 Мажбуриятларнинг алоҳида турлари / 03.11.01.00 Олди-сотди / 03.11.01.02 Чакана олди-сотди]
2-§. Чакана олди-сотди
425-модда. Чакана олди-сотди шартномаси
[СПиТ:
1.Шартномалар турлари / Чакана олди-сотди]
Чакана олди-сотди шартномасига мувофиқ тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланаётган сотувчи сотиб олувчига шахсий мақсадларда, рўзғорда ёки тадбиркорлик фаолияти билан боғлиқ бўлмаган бошқа мақсадларда фойдаланиладиган товарни топшириш мажбуриятини олади.
Чакана олди-сотди шартномаси оммавий ҳисобланади.
426-модда. Товарнинг оммавий офертаси
Чакана олди-сотди шартномасининг барча муҳим шартларини ўз ичига олган ҳолда товар рекламаси, каталоглар, шунингдек товарнинг номуайян шахслар доирасига қаратилган бошқа таърифлари орқали товар таклиф қилиш оммавий оферта деб ҳисобланади (ушбу Кодекс 369-моддасининг иккинчи қисми).
[СПиТ:
1.Мажбурият ҳуқуқи. Битимлар / Оммавий оферта]
Товарларни кўргазмага қўйиш, уларнинг намуналарини намойиш қилиш ёки савдо бўлаётган жойда сотилаётган товарлар ҳақида маълумотлар (таърифлар, каталоглар, фотосуратлар ва ҳоказолар) бериш, сотувчи тегишли товарлар сотишга мўлжалланмаганлигини аниқ белгилаган ҳоллардан ташқари, нархи ва олди-сотди шартномасининг бошқа муҳим шартлари кўрсатилган-кўрсатилмаганидан қатъи назар, оммавий оферта деб ҳисобланади.
427-модда. Сотиб олувчига товар ҳақида ахборот бериш
Сотувчи сотишга таклиф қилинган товар тўғрисида сотиб олувчига зарур ва тўғри ахборотни унинг мазмуни ва уни тақдим этиш усулига нисбатан қонун ҳужжатларида белгиланган ёки одатда чакана савдода қўйиладиган талабларга мувофиқ ҳолда бериши шарт.
Сотиб олувчи чакана олди-сотди шартномаси тузилгунга қадар товарни кўздан кечириш, ўз олдида товарнинг хоссаларини текширишни ёки товардан қандай фойдаланишни кўрсатишни, агар бу ҳол товарнинг хусусияти туфайли истисно қилинмаса ва чакана савдода қабул қилинган қоидаларга зид бўлмаса, талаб қилишга ҳақли.
Агар сотиб олувчига сотиш жойида ушбу модданинг биринчи ва иккинчи қисмларида кўрсатилган товар тўғрисидаги ахборотни дарҳол олиш имкони берилмаган бўлса, у чакана олди-сотди шартномасини тузишдан асоссиз бош тортилгани туфайли ўзи кўрган зарарни тўлашни сотувчидан талаб қилишга, агар шартнома тузилган бўлса, оқилона муддатда шартномани бажаришдан бош тортишга, товар учун тўланган суммани қайтаришни ва зарарни қоплашни талаб қилишга ҳақли.
Сотиб олувчига товар тўғрисида тегишли ахборот олиш имконини бермаган сотувчи товар сотиб олувчига топширилганидан сўнг товарда пайдо бўлган камчиликлар учун ҳам, агар сотиб олувчи бу камчиликлар ўзида бундай ахборот бўлмагани сабабли пайдо бўлганини исботласа, жавоб беради.
428-модда. Товарнинг сотиб олувчи томонидан белгиланган муддатда қабул қилиниши шарти билан сотиш
Тарафлар сотиб олувчи товарни шартномада белгиланган муддатда қабул қилиб олиши шарти билан чакана олди-сотди шартномаси тузишлари мумкин, бу муддат мобайнида товар бошқа сотиб олувчига сотилиши мумкин эмас.
Агар чакана олди-сотди шартномасида бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, шартномада белгиланган муддатда сотиб олувчининг товарни қабул қилиш учун келмаслиги ёки бошқа зарур ҳаракатларни амалга оширмаслигини сотувчи сотиб олувчининг шартномани бажаришдан бош тортиши деб қаралиши мумкин.
Сотувчининг товарни сотиб олувчига чакана олди-сотди шартномасида белгиланган муддатда топширишни таъминлаш борасидаги қўшимча харажатлари, агар қонун ҳужжатларида ёки шартномада бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, товарнинг баҳосига қўшилади.
429-модда. Товарни намуна бўйича сотиш
Тарафлар товарни намуна (таъриф, каталог ва ҳоказо) бўйича олиш-сотиш шартномасини тузишлари мумкин.
Товарни намуна бўйича сотиш шартномаси ушбу Кодекс 431-моддасининг қоидаларига мувофиқ бажарилади.
Сотиб олувчи товар топширилгунга қадар сотувчининг чакана олди-сотди шартномасини бажаришга қаратилган ҳаракатларни амалга ошириш билан боғлиқ зарур харажатларини қоплаш шарти билан шартномани бажаришдан бош тортишга ҳақли.
430-модда. Автоматдан фойдаланган ҳолда товар сотиш
Товар автоматдан фойдаланиб сотиладиган ҳолларда автомат эгаси сотувчининг номи (фирма номи), у жойлашган манзил, иш тартиби, шунингдек сотиб олувчи товарни олиш учун амалга ошириши зарур бўлган ҳаракатлар тўғрисидаги маълумотларни автоматга жойлаштириш ёки бошқача усулда сотиб олувчига тақдим қилиш йўли билан унга товар сотувчи тўғрисидаги ахборотни етказиши лозим.
Сотиб олувчи товарни олиш учун зарур ҳаракатларни амалга оширган пайтдан бошлаб автоматдан фойдаланган ҳолда чакана олди-сотди шартномаси тузилган ҳисобланади.
Агар сотиб олувчига ҳақи тўланган товар топширилмаса, сотувчи сотиб олувчига товар зудлик билан топширилишини ёки у тўлаган сумма қайтариб берилишини таъминлаши шарт. Бу мажбурият бажарилмаган тақдирда, сотиб олувчи сотувчидан етказилган зарарни қоплашни талаб қилишга ҳақли.
Автоматдан пулни майдалаш, тўлов белгиларини сотиб олиш ёки валюта алмаштириш учун фойдаланилган тақдирда, агар мажбурият моҳиятидан бошқача ҳол келиб чиқмаса, чакана олди-сотди қоидалари қўлланади.
431-модда. Товарни сотиб олувчига етказиб бериш шарти билан сотиш
Чакана олди-сотди шартномаси товарни сотиб олувчига етказиб бериш шарти билан тузилган ҳолларда сотувчи шартномада белгиланган муддатда товарни сотиб олувчи кўрсатган жойга, агар сотиб олувчи товарни етказиб бериш жойини кўрсатмаган бўлса, сотиб олувчи фуқаро истиқомат қиладиган ёки юридик шахс жойлашган манзилга етказиб бериши лозим.
Агар қонун ҳужжатларида, шартномада бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса ёки у мажбуриятнинг моҳиятидан келиб чиқмаса, товар сотиб олувчига, у бўлмаганда эса –– шартнома тузилганидан ёхуд товарни етказиб бериш расмийлаштирилганидан гувоҳлик берадиган квитанция ёки бошқа ҳужжатни тақдим қилган ҳар қандай шахсга топширилган пайтдан бошлаб чакана олди-сотди шартномаси сотувчи томонидан бажарилган ҳисобланади.
Чакана олди-сотди шартномасида товарни сотиб олувчига топшириш учун етказиб бериш вақти белгиланмаган ҳолларда товар сотиб олувчидан талаб тушганидан кейин оқилона муддатда етказиб берилиши лозим.
432-модда. Товар баҳоси ва унинг ҳақини тўлаш
Агар қонун ҳужжатларида бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса ёки у мажбуриятнинг моҳиятидан келиб чиқмаса, сотиб олувчи товар ҳақини чакана олди-сотди шартномаси тузилган пайтда сотувчи томонидан эълон қилинган баҳода тўлаши лозим.
Чакана олди-сотди шартномасида товарнинг ҳақини олдиндан тўлаш назарда тутилган ҳолларда, агар тарафлар келишувида бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, сотиб олувчининг товар ҳақини шартномада белгиланган муддатда тўламаслиги унинг шартномани бажаришдан бош тортиши деб ҳисобланади.
Товарларни насияга чакана олиш-сотиш ҳақида тузилган, шу жумладан сотиб олувчининг товарлар ҳақини бўлиб-бўлиб тўлаши шарти билан тузилган шартномаларга нисбатан ушбу Кодекс 421-моддасининг тўртинчи ва бешинчи қисмларида назарда тутилган қоидалар қўлланмайди.
Сотиб олувчи товар ҳақини бўлиб-бўлиб тўлашнинг шартномада белгиланган даврида истаган вақтида товар ҳақини батамом тўлашга ҳақли.
433-модда. Тегишли сифатли товарни алмаштириш
Сотиб олувчи ўзига ноозиқ-овқат товари топширилган пайтдан бошлаб ўн кун мобайнида, агар бундан узоқроқ муддат сотувчи томонидан эълон қилинмаган бўлса, харид қилинган тегишли сифатли товарни харид жойида ёки сотувчи эълон қилган бошқа жойларда ўлчами, шакли, ҳажми, андазаси, ранги, тўплами бошқача бўлган худди шундай товарга алмаштиришга ҳақли, бунда у нархларда фарқ бўлган тақдирда сотувчи билан зарур ҳисоб-китобни амалга оширади.
Сотувчида алмаштириш учун зарур товар бўлмаганида сотиб олувчи харид қилинган товарни сотувчига қайтариб бериш ва унга тўланган пул суммасини олиш ҳуқуқига эга.
Агар товардан фойдаланилмаган, унинг истеъмол хусусиятлари сақланган бўлса ва ушбу сотувчидан сотиб олинганининг исботи бўлса, сотиб олувчининг товарни алмаштириш ёки қайтариб олиш ҳақидаги талаби қаноатлантирилиши лозим.
Ушбу моддада кўрсатилган асослар бўйича алмаштирилмайдиган ёки қайтариб олинмайдиган товарлар рўйхати қонун ҳужжатларида назарда тутилган тартибда белгиланади.
434-модда. Сотиб олувчига сифати тегишли даражада бўлмаган товар сотилганида унинг ҳуқуқлари
Сотиб олувчига сифати тегишли даражада бўлмаган товар сотилганида, агар унинг камчиликлари шартнома тузиш пайтида маълум қилинмаган бўлса, сотиб олувчи ўз хоҳишига кўра:
худди шу маркадаги (моделдаги, артикулдаги) сифати тегишли даражада бўлган товарга алмаштиришни;
харид нархини тегишинча қайта ҳисоблаган ҳолда бошқа маркадаги (моделдаги, артикулдаги) сифати тегишли даражада бўлган товарга алмаштиришни;
товарнинг камчиликларини текинга бартараф этишни ёки сотиб олувчи ёхуд учинчи шахс томонидан товарнинг камчиликларини бартараф этиш учун қилинган харажатлар қопланишини;
харид нархини мутаносиб равишда камайтиришни;
кўрилган зарар ўрнини қоплаган ҳолда шартнома бекор қилинишини талаб қилиш ҳуқуқига эга.
Товар учун тўланган пул суммасини сотиб олувчига қайтариш вақтда сотувчи ундан товардан тўлиқ ёки қисман фойдаланганлиги, товар кўриниши йўқолганлиги ёки бошқа шунга ўхшаш ҳолатлар туфайли товар қиймати қанча пасайган бўлса, шунча суммани ушлаб қолишга ҳақли эмас.
435-модда. Товарни алмаштирганда, харид нархини камайтирганда ва сифати тегишли даражада бўлмаган товарни қайтарганда баҳолардаги фарқни тўлаш
Тегишли даражада сифатли бўлмаган товарни сифати тегишли даражада бўлган бошқа товарга алмаштириш чоғида сотувчи товарнинг чакана олди-сотди шартномасида белгиланган баҳоси билан товарни алмаштириш ёки суд томонидан товарни алмаштириш тўғрисида қарор чиқариш пайтида мавжуд бўлган товарнинг баҳоси ўртасидаги фарқни тўлашни талаб қилишга ҳақли эмас.
Тегишли даражада сифатли бўлмаган товарни худди шундай, бироқ ўлчами, андазаси, нави ва бошқа белгилари ўзгача бўлган тегишли даражада сифатли товарга алмаштириш чоғида алмаштирилаётган товарнинг алмаштириш пайтидаги баҳоси билан сифати тегишли даражада бўлмаган товар ўрнига берилаётган товарнинг баҳоси ўртасидаги фарқ тўланиши лозим. Агар сотиб олувчининг талаби сотувчи томонидан қондирилмаса, бу баҳолар суд товарни алмаштириш тўғрисида қарор чиқарган пайт бўйича аниқланади.
Товарнинг харид нархини мутаносиб равишда камайтириш тўғрисида талаб қўйилган тақдирда товарнинг баҳосини пасайтириш тўғрисида талаб қўйилган пайтдаги, агар сотиб олувчининг талаби ихтиёрий суратда қондирилмаган бўлса, суд баҳони мутаносиб равишда камайтириш тўғрисида қарор чиқарган пайтдаги баҳоси инобатга олинади.
Сотувчига сифати тегишли даражада бўлмаган товарни қайтариб бериш чоғида сотиб олувчи чакана олди-сотди шартномасида белгиланган товарнинг баҳоси билан унинг талаби ихтиёрий суратда қондирилган вақтдаги, агар талаб ихтиёрий суратда қондирилмаган бўлса, суд қарор чиқарган пайтдаги тегишли товарнинг баҳоси ўртасидаги фарқни тўлашни талаб қилишга ҳақли.
436-модда. Сотувчининг жавобгарлиги ва мажбуриятни асл ҳолида бажариш
Сотувчи чакана олди-сотди шартномаси бўйича мажбуриятини бажармаган тақдирда зарарни қоплаш ва неустойка тўлаш сотувчини мажбуриятни асл ҳолида бажаришдан озод қилмайди.
[
Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2004 й., 37-сон, 408-модда; 2006 й., 37-38-сон, 371-модда; 39-сон, 385-модда; 2007 й., 3-сон, 21-модда, 37-38-сон, 377-модда, 52-сон, 533-мод
07 10 2014
26 стр.
Ушбу єонун Ўзбекистон Республикасининг халєаро шартномаларини тузиш, бажариш, тўхтатиб туриш ва денонсация єилиш тартибини белгилайди
14 10 2014
1 стр.
Хўжалик суди иєтисодиёт соіасида вужудга келадиган, ушбу Кодекс ва бошєа єонунлар билан ўзининг ваколатига киритилган низолар іамда бошєа ишларни іал єилиш йўли билан одил судловни
14 10 2014
8 стр.
Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 215-моддасида белгиланган жавобгарликка сабаб бўлади
16 12 2014
1 стр.
Ушбу Қонуннинг мақсади тадбиркорлик фаолияти соҳасидаги рухсат бериш тартиб-таомилларига доир муносабатларни тартибга солишдан иборат
14 10 2014
3 стр.
Республикаси єонун іужжатлари тўплами, 2009 й., 34-сон, 370-модда бажариш маєсадида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маікамаси іузуридаги Фан ва технологияларни ривожлантиришни мув
17 12 2014
1 стр.
Республикаси єонун іужжатлари тўплами, 2010 йил, 35-36-сон, 309-модда билан тасдиєланган "Ноширлик ва матбаа корхоналари томонидан Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси іузуридаги "Ижод" фо
09 10 2014
1 стр.
Граждандык кодекстин экинчи бөлүгү 1998-жылдын 1-мартынан баштап кр 1998. 05. 01 №2 Мыйзамы менен колдонууга киргизилген
07 10 2014
35 стр.