Перейти на главную страницу
Ушбу китобда мамлакатимизнинг истиқлол йилларида Президент Ислом Каримов раҳнамолигида қўлга киритган улкан ютуқлари, давлат ва жамият қурилиши, иқтисод, сиёсат ва маънавият соҳасидаги натижалар акс эттирилган.
«Мустақиллик биз учун - ўзлигимизни англаш, юрт тинчлиги ва барқарорлигининг, инсон манфаати, эркинлиги ва фаровонлигининг, биз кўзлаган демократик жамият барпо этишнинг гаровидир» деган эзгу ғоя тўпламнинг мазмун-моҳиятини белгилайди.
Истиқлолнинг 18 йиллиги арафасида чоп этилаётган мазкур қўлланма ўтган давр мобайнида босиб ўтилган мураккаб йўлимизга яна бир бор назар ташлаб, ислоҳотлар жараёнида амалга оширилган ишлар ва эришилган натижаларнинг моҳияти ва аҳамиятини кенг жамоатчилик, бутун халқимизнинг онгу-шуурига етказишга хизмат қиладиган маънавият ва маърифат соҳаси ходимлари, олимлар ва мутахассислар, тарғиботчи ва ташвиқотчиларга мўлжалланган.
18ВК 978-9943-01-455-8
«О'ZВЕКISТОN» НМИУ, 2009
КИРИШ
Истиқлол эл-юртимиз учун ўз тақдирининг эгаси бўлиб, қадр-қимматини англаб, муносиб ҳаёт кечириш, юртимизда ҳуқуқий демократик давлат ва фуқаролик жамиятини барпо этиш имкониятини яратди. Айни пайтда у ҳар бир одамнинг иқтисодий-ижтимоий соҳаларда истеъдод ва қобилиятини тўла намоён этиши, ҳуқуқ ва эркинликларини рўёбга чиқаришининг мустаҳкам заминидир.
Мустақиллик йилларида кўҳна тарихимиз, бой меросимиз, миллий давлатчилигимиз, муқаддас динимиз, урф-одат ва анъаналаримиз қайта тикланди. Бугунги кунда меҳр-оқибат, бағрикенглик, ҳамжиҳатлик каби олижаноб фазилатлар, миллий ва умумбашарий қадриятларга ҳурмат, Ватан тақдири ва келажагига дахлдорлик туйғуси юрагимизнинг туб-тубидан ўрин олди.
Яқинда Президент Ислом Каримовнинг Ватанимиз ва халқимиз ҳаётидаги буюк сана - Мустақиллик байрамининг 18 йиллигига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича қарори қабул қилинди. Унда жойларда, меҳнат жамоалари, ўқув муассасалари, маҳаллаларда «Мустақиллик биз учун - ўзлигимизни англаш, юрт тинчлиги ва барқарорлигининг, инсон манфаати, эркинлиги ва фаровонлигининг, биз кўзлаган демократик жамият барпо этишнинг гаровидир» деган эзгу ғояни ифода этадиган ташкилий-амалий, маданий-маърифий тадбирлар ўтказиш ҳамда тарғибот- ташвиқот ишлари олиб бориш борасидаги кенг кўламли вазифалар белгилаб берилди.
Шу маънода мамлакатимиз мустақиллигининг 18 йиллигини нишонлаш арафасида ўтган давр мобайнида босиб ўтилган мураккаб йўлимизга яна бир бор назар ташлаш, мустақил тараққиётимиз давомида амалга оширилган ишлар, эришган натижаларни холисона баҳолаш ва уларнинг моҳияти ва аҳамиятини кенг жамоатчилик, бутун халқимизнинг онгу шуурига етказиш мақсадга мувофиқдир.
Дарҳақиқат, мустақиллик туфайли биз ўзлигимизни англадик, озод халқ, мустақил давлат сифатида Ўзбекистоннинг бор бўй бастини, улкан салоҳиятини бутун дунёга намоён қилиш имкони очилди. Озодлик боис бизни жаҳон таниди, халқимизнинг фидокорона меҳнати, ёшларимизнинг ғайрати, азму шижоати ила Ватанимизнинг шон-шуҳрати олам узра яна кенгроқ ёйилмоқда. Ҳуррият берган беқиёс имкониятлар негизида эртанги кунимиз эркин ва фаровон келажагимизни ўз қўлимиз билан бунёд этмоқдамиз.
Ватанимизнинг янада обод, халқимиз ҳаётининг фаровон бўлиши ва олдимизда турган юксак вазифаларнинг бажарилиши кўп жиҳатдан қишлоқларимизнинг тақдири ва келажаги билан боғлиқ. Шунинг учун қишлоқ аҳлининг ҳаётини замонавий мезонларга жавоб берадиган даражага кўтариш, аграр соҳа ривожига ривож қўшиш, унинг самарадорлигини ошириш айни кундаги долзарб масалалардандир. Президентимиз томонидан 2009 йилнинг «Қишлоқ тараққиёти ва фаровонлиги йили» деб эълон қилиниши ва бу борада қабул қилинган Давлат дастури қишлоқда турмуш даражасини ошириш, қишлоқ аҳлининг манфаатларини янада тўлиқ таъминлашга қаратилган ҳуқуқий базани мустаҳкамлаш, қишлоқ инфратузилмасини янада ривожлантириш, бир сўз билан айтганда, амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларни янада чуқурлаштириш, иқтисодиётимизни модернизация қилиш ва замонавийлаштириш, қишлоққа саноатни олиб кириш йўналишида узоқни кўзлаб олиб борилаётган ишларимизни жадаллаштириш, қишлоқ ҳаётининг савияси ва маданиятини янги поғонага кўтаришга хизмат қилаётганини алоҳида таъкидлаш жоиз.
«Мустақиллик» ва «ислоҳот» тушунчаларига муштарак сўзлар сифатида қарашимиз табиий, албатта. Чунки фақат мустақил давлат ва мустақил жамиятдагина ислоҳотларни амалга ошириш мумкин. Мустақиллик ҳам, ислоҳотлар ҳам инсоннинг яхши яшаши, муносиб турмуш даражасига эришиши учун зарур шароит яратади. Мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар босқичма-босқичлик тамойилига асосланганини, ушбу тараққиёт йўли нечоғли тўғри ва ҳаётий эканини хорижий эксперт ва мутахассислар, сиёсатчилар ҳам эътироф этмоқда. Буларнинг барчаси Юртбошимиз томонидан ишлаб чиқилган «Тараққиётнинг ўзбек модели» ва машҳур беш тамойил асосида амалга оширилаётган ишларнинг намоёнидир.
Ушбу қўлланмада мамлакатимизда мустақил тараққиёт даврида сиёсий, иқтисодий, ижтимоий ва маънавий-маърифий соҳада қўлга киритилган салмоқли ютуқлар, амалга оширилган улкан бунёдкорлик ишлари, уларнинг маъно-моҳияти ва аҳамияти хусусида сўз юритилади.
Ўтган даврни Юртбошимизнинг «Ўзбекистоннинг 16 йиллик мустақил тараққиёт йўли» асари асосида таҳлил қилиш уни икки даврга бўлиш мумкинлигидан далолат беради. Ўтиш даври ва миллий давлатчилик асосларини шакллантириш билан боғлиқ биринчи галдаги ислоҳот ва ўзгаришларни ўз ичига олган дастлабки босқич – 1991 - 2000 йиллар мамлакатимиз ва халқимиз ҳаётида улкан из қолдирган ўтиш даври том маънода тарихий аҳамиятга эга давр бўлди.
2001 йилдан 2007 йилгача бўлган муддатни ўз ичига олган иккинчи босқич - фаол демократик ўзгаришлар, суд-ҳуқуқ тизими ва ижтимоий-гуманитар соҳаларни изчил ислоҳ қилишни таъминлашда ғоят муҳим аҳамият касб этади.
Демак, мамлакатимизда барпо этилаётган демократик жамият тадрижий асосларга эга бўлган кучли ислоҳотчилик орқали юксалмокда. Аслида ҳам шундай. Бир даврдан иккинчи даврга ўтаётган жамият кучли ислоҳотчилик орқалигина янгилана олади. Бунинг учун эса янгича тафаккур зарур бўлади. «Табиийки, - деб таъкидлайди Президентимиз, - бир тизимдан иккинчи тизимга ўтиш жараёнида одамлар онгида, жамият мафкурасида туб ўзгаришлар содир бўлади. Бироқ, баъзи бировларнинг ҳадиксираб, эркин бозор шароитида маънавий-ахлоқий қадриятларнинг қиммати тушиб кетади, маданият иккинчи даражали нарсага айланиб қолади, деган хавотирлари ўринсиз экани Ўзбекистондаги бугунги ўзгаришлар мисолида яна бир бор яққол аён бўлмоқда.»
Янгича тафаккурнинг юзага келиши учун муайян ижтимоий муҳит лозимдир. Ўзбекистонда бундай муҳит осонгина яратилгани йўқ. Биз ўз мустақиллигимизни қўлга киритиб, янги тараққиёт йўлига қадам қўйганимиздан сўнг халқимизнинг хоҳиш-иродаси, асрий орзу-интилишларига таянган ҳолда, шўро давридан оғир мерос бўлиб қолган маъмурий-буйруқбозлик тизимини тубдан ислоҳ қилиш, унинг ўрнида моҳият эътибори билан бутунлай янги – эркин бозор муносабатларига асосланган ҳуқуқий давлат, демократик жамият барпо этиш йўли белгилаб олинди. Табиийки, бу мақсадга эришиш учун қандай стратегик йўл, ислоҳотларнинг қандай шакл ва усули маъқул экани ҳақида олимлар ва мутахассислар, кенг жамоатчилик, эл-юртимиз вакиллари бош қотирди. Бу борада тараққий топган давлатлар мисолида ўзини оқлаган илғор тажрибалар ҳам чуқур ўрганилди. Энг муҳими, халқимизнинг ҳаёт тарзи, миллий анъана ва қадриятларимиз, аҳолининг руҳи ва кайфияти ҳам ҳар томонлама ҳисобга олинди. Чунки ҳар қандай ислоҳотнинг пировард натижаси аввало унинг заруратини аҳолининг кенг қатламлари қай даражада тушуниши ва қўллаб-қувватлаши, бу ўзгаришларнинг инсон ҳаётига, унинг фаровонлигини оширишга кўрсатадиган амалий таъсири билан ўлчанади. Ана шу ҳақиқатдан келиб чиққан ҳолда, одамларга ислоҳотларнинг маъно-моҳиятини аниқ-равшан тушунтириб бериш, шу асосда жамият аъзоларида ишонч уйғотиш, уларни бунёдкорлик сари сафарбар этиш муҳим аҳамиятга эга.
Аслида, ҳар қандай ислоҳотнинг самараси аввало халқнинг маънавий-руҳий янгиланиши, тафаккурининг юксалиши, юз бераётган ўзгаришлар унинг ҳаётига ва тақдирига дахлдор бўлганини чуқур ҳис қилиши ва шундан хулоса чиқариши билан белгиланади. Мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар жараёнида аввалбошдан ана шу нозик жиҳатга алоҳида эътибор қаратилди. Барча ўзгариш ва янгиланишларнинг марказига инсон ва унинг манфаатлари қўйилди. Бугунги кунда ҳам ўзгаришлар жараёнининг моҳиятида ислоҳот - ислоҳот учун эмас, аввало инсон учун, унинг фаровон ҳаёти учун, деган тамойил мужассамдир.
Юртимиздаги бугунги тинч ва осойишта, бунёдкор ҳаёт, барқарор тараққиёт бундай ёндашувнинг нақадар тўғри бўлганини ва узоқни кўзлаганини тасдиқлаб бермоқда. Масъулиятли пайтларда, кескин ижтимоий ларзаларга олиб келадиган ҳар қандай инқилобий ҳаракатларга қарши, тадрижий ривожланиш тамойилларига асосланган ўз йўлимиз бор ва бу йўлдан ҳеч қачон қайтмаймиз, деб айтилган қатьий сўз ва мустаҳкам сиёсат бугун ҳам изчил амалга оширилмоқда.
Маълумки, мустабид тузум халқнинг қарашлари ва интилишларидан йироқ эди. Ана шундай мушкул бир вазиятда давлатнинг ислоҳотчилик ролини тан олмаслик масалани ўзибўларчилик ҳолатига ташлаб қўйиш билан баробар эди.
Шу ўринда таъкидлаш жоизки, демократия авваламбор маънавий мезонлар асосида бошқариладиган, кучли ҳуқуқий давлат, кучли фуқаролик жамияти демакдир. Айтиш мумкинки, ҳуқуқий давлат ва фуқаролик жамияти демократиянинг ўзаро узвий боғлиқ бўлган икки жиҳати, икки қанотидир.
Жамият ҳаётида қонунийлик мезонлари тўлиқ жорий этиб борилиши давлатнинг фаолиятида ўз аксини топиши ва доимо мустаҳкамланиб борилишини тақозо этади. Айнан шу мақсадларга мос ҳолда Ўзбекистонда ислоҳотларни муҳим йўналишлари этиб ҳокимиятни бўлиниш тамойилини амалга оширишни таъминлаш, жамиятни сиёсий тизимида парламентни ривожлантириш, суд ҳокимиятининг ролини ошириш каби масалалар белгилаб олинган. Бу йўлда жамиятимиз ҳаётининг барча соҳаларида «Кучли давлатдан - кучли фуқаролик жамияти сари» ғояси асосида ижобий иатижаларга эришилиб келинмокда. Президентимиз шу учта йўналишдаги ислоҳотлар юзасидан қуйидаги фикрни билдиради: «Мамлакатимизда давлат ва жамият қурилишининг асосий тамойиллари аниқ ифодалаб берилди, давлат ҳокимиятининг қонун чиқарувчи, ижро этувчи ва суд тармоқларига бўлиниши энг муҳим тамойил сифатида белгиланди»1, «Давлат ва жамият қурилиши соҳасида амалга оширилаётган демократик ислоҳотлар натижасида мамлакатимизнинг қонун чиқарувчи олий органи — Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси икки палатали парламентга айлантирилди»2, «Судларни жазоловчи ва фақат давлат манфаатларини ҳимоя қилувчи органдан қонун устуворлигини ва инсон ҳуқуқлари ҳимоясини таъминловчи органга айлантиришга қаратилган яхлит суд ҳокимияти тизимини шакллантириш вазифаси қўйилди ва муваффақиятли ҳал этилди»3.
Шунинг учун ҳам 1992 йилда қабул қилинган Ўзбекистон Конституциясида ҳокимиятнинг конституциявий асосда бўлиниши тамойили мустаҳкамлаб қўйилди. Бу тамойил Конституциянинг 11-моддасида «Ўзбекистон Республикаси давлат ҳокимиятининг тизими, ҳокимиятнинг қонун чиқарувчи, ижро этувчи ва суд ҳокимиятига бўлиниши принципига асосланади» деган қоидада акс эттирилган.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг Олий Мажлис палаталарининг қўшма мажлисидаги «Бизнинг бош мақсадимиз - жамиятни демократлаштириш ва янгилаш, мамлакатни модернизация ва ислоҳ этишдир» номли маърузасида мамлакат ижтимоий-иқтисодий ҳаётининг энг муҳим масалалари, жумладан, ҳокимияти бўлинишига ҳам жиддий эътибор қаратилди. Маърузада «Давлат қурилиши ва бошқаруви соҳасидаги энг муҳим вазифа бу - қонунчилик ҳокимияти бўлмиш мамлакат парламентининг роли ва таъсирини кучайтириш, ҳокимиятнинг қонунчилик, ижро ва суд тармоқлари ўртасида янада мутаносиб ва барқарор мувозанатга эришишдан иборат»4 экани қайд этилди.
Бунда, авваламбор, Президентнинг баъзи ваколатларини парламентнинг юқори палатаси - Сенатга ва ҳукуматга ўтказиш, профессионал, доимий асосда ишлайдиган қуйи - Қонунчилик палатасини шакллантириш, унинг ваколат ва ҳуқуқларини кенгайтириш кўзда тутилган ва ҳозирнинг ўзидаёқ бу борадаги саъй-харакатларнинг амалий самараси кўриниб турибди. Бу ҳукумат фаолиятининг кенгайишига ҳамда масъулиятининг ошишига олиб келади, давлат органлари фаолиятини қонуний асосда чегаралаш, уларнинг ваколатларини аниқлаштиришга хизмат қилади.
Доимий асосда ишлайдиган қуйи - Қонунчилик палатаси кўппартиявийлик, муқобиллик асосида шакллантирилиши демократиянинг ёрқин ифодаси бўлди. Қуйи палатага 4 та сиёсий партия ва ташаббускор гуруҳлардан 489 та номзод қўйилиб, улар ўртасида ҳалол кураш олиб борилди. Сайловлар икки турда ўтказилди. Биринчи турда 62 та, иккинчи турда эса 58 та депутат сайланди. Бу кўрсаткичлар фуқароларимиз ижтимоий-сиёсий фаоллигининг, ўз тақдирини ўзи белгилашга бўлган интилиши ва ишончининг ортиб бораётгани, шунингдек, давлат ишларида қатнашиш ҳаётий заруратга айланиб бораётганини кўрсатади.
Қонунчилик палатасида барча сиёсий партия ва ташаббускор гуруҳ вакилларининг бўлиши, улар ўз фракция ва гуруҳини тузиш имкониятига эга экани турли фикрлилик, баҳс-мунозара асосида фаолият юритиш, ишчанлик муҳити шаклланаётганидан далолат беради. Депутатларнинг 18,3 фоизини юристлар, 21,7 фоизини иқтисодчилар ташкил этиши, парламентда саноат, қурилиш, транспорт, алоқа, қишлоқ хўжалиги, фан, таълим, маданият, соғлиқни сақлаш соҳалари вакиллари ва тадбиркорларнинг бўлиши, бир сўз билан айтганда, Қонунчилик палатаси аҳоли кенг қатламларини қамраб олгани унинг аҳоли турли қатламлари манфаатларини тенг ифода этишини кўрсатади. Бу эса қонунларни пухта-пишиқ тайёрлашда муҳим аҳамият касб этади. Парламентдаги депутатларнинг 18 фоизини хотин-қизлар ташкил этаётгани, депутатлар миллий таркибининг ранг-баранглиги мамлакатда аҳоли турли гуруҳ ва қатламлари манфаатларининг Қонуний тарзда рўёбга чиқишига имкон яратади.
Профессионал асосда доимий ишлайдиган парламент Ўзбекистон тажрибасида илк бор шакллантирилиб, ҳозирги кунда самарали фаолият юритмоқда. Албатта, унинг тажрибаси ҳам, иш самарадорлиги ҳам борган сари ортиб, янги-янги вазифаларни бажариш салоҳияти юксалиб боради. Президентимиз томонидан Қонунчилик палатаси ваколат ва ҳуқуқларини кенгайтириш масаласи илгари сурилаётгани ҳам бежиз эмас.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов таъкидлаганидек, «Суд ҳокимиятининг мустақиллиги ва эркинлигини мустаҳкамлашга қаратилган аниқ, қонуний чора-тадбирларни амалга ошириш» лозим бўлади. Кейинги йилларда мамлакатимизда суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилиш ва янада либераллаштириш, судларнинг ҳақиқий мустақиллиги ва эркинлигини таъминлаш борасида улкан ишлар амалга оширилди.
Шу билан бирга, Юртбошимиз маъруза ва нутқларида судларнинг ҳақиқий мустақиллиги ва эркинлигини таъминлаш билан боғлиқ бўлган ҳали ечимини кутиб турган жиддий муаммолар сифатида прокуратура органларининг айрим ваколатларини, шу жумладан, шахсни ушлаб туриш, ҳибсга олиш, шунингдек, бошқа процессуал мажбурлов чораларини қўллаш ҳуқуқини судларга ўтказиш; жиноят ва жиноят-процессуал қонун ҳужжатларимизнинг дастлабки тергов ва судгача бўлган жараён устидан суд назоратини кучайтириш билан боғлиқ бўлган айрим қоидаларини қайтадан кўриб чиқиш; жиноий жазо тизимидан ўлим жазосини чиқариб ташлаш; суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимларининг масъулиятини кучайтириш; ҳуқуқ-тартибот органлари тизимида коррупцияга қарши курашиш; тадбиркорларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ҳимоясини тўла таъминлаш вазифалари белгилаб берилган.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси, халқ депутатлари вилоятлар, туманлар ва шаҳарлар Кенгашларига олдинда турган сайловлар муносабати билан жамиятни модернизациялаш ва янгилаш жараёнларида мамлакат олий қонунчилик органи, жойлардаги ҳукумат вакиллик органларининг роли ва ўрнини янада кенгайтириш ва мустаҳкамлаш мақсадларида ЎзРнинг айрим қонунчилик ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди.
Масалан, 2009 йилда қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг «Сайлов тўғрисидаги қонун ҳужжатлари такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонунларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги Қонуни асосида Қонунчилик палатасидаги депутатлик ўринлари сони 120 дан 150 тага кўпайтирилди. (Ўзбекистон Республикаси Конституцияси 77 моддасининг биринчи қисми).
«Ўзбекистон Республикаси Олий мажлисига Сайловлар тўғрисида»ги Қонунга ҳам, хусусан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси (қуйи палата) нинг 135 та депутати умумий, тенг ва бевосита сайлов ҳуқуқи асосида ҳудудий бир мандатли сайлов округларидан қўппартиявийлик асосида ва 15 таси Ўзбекистон Экология ҳаракати олий органи (Конференция) томонидан сайланиши тўғрисидаги ўзгартишлар киритилди. Фуқаролик жамияти институтларининг сайловлардаги иштироки роли ва имкониятларининг кенгайганлиги борасида Қонунчилик палатаси депутатлари таркибига Ўзбекистон Экология ҳаракатидан сайланган депутатлар депутатлик гуруҳлари тузиш ҳуқуқига эга экани ҳам далолат бермоқда.
Ҳокимиятнинг қонунчилик ва вакиллик органларини шакллантириш ишида сиёсий партияларнинг роли сезиларли ортиб бормоқда. Уларга бир вақтнинг ўзида сайловларга тайёргарлик ва уларни ўтказиш борасидаги сайлов қонунчилигининг талаблари бажарилиши бўйича катта масъулият юклатилади. Масалан, «Ўзбекистон Республикаси Қонунчилик палатаси депутати ва Олий Мажлис Сенати аъзоси мақоми тўғрисида» ги Қонуннинг 9-моддаси биринчи бандида: «Депутат ўз округи сайловчилари, уни депутатликка номзодини кўрсатган сиёсий партия билан алоқада бўлади, Қонунчилик палатасида уларнинг манфаатларини ифодалайди», деб кўрсатилган.
Бугунги кунга келиб Ўзбекистонда сиёсий партияларнинг жамият институти сифатидаги ҳуқуқий мақоми шаклланди. Ўзбекистон Республикаси Конституциясида сиёсий партиялар жамоат бирлашмалари каби жамиятнинг институти эканлиги эътироф этилиши билан бирга, уларнинг давлат ҳокимияти органлари фаолиятига аралашишга йўл қўйилмаслиги конституциявий меъёрлар билан белгилаб қўйилди. Умуман, Ўзбекистон қонунчилигида демократик принциплар асосида фаолият юритадиган сиёсий партияларнинг ўз фаолиятини амалга оширишлари учун ҳуқуқий асослар яратиб берилди.
Ўзбекистон Конституциясидаги демократик тамойиллар, шунингдек амалга оширилган ҳуқуқий ва сиёсий ислоҳотлар мамлакатда янги партияларнинг тузилишига кенг имкониятлар яратиб берди.
Ўзбекистонда кўппартиявийлик тизимини қарор топишида 1996 йилнинг 25 декабрида Олий Мажлис қабул қилган «Сиёсий партиялар тўғрисида»ги Қонун муҳим ўрин тутди. Қонун 17 та моддадан иборат бўлиб, унда сиёсий партияларнинг демократик қоидалар асосида фаолият юритишлари учун ривожланган мамлакатлар мезонлари талабларига хос бўлган ҳуқуқий асослар яратилди. Мазкур Қонунга биноан сиёсий партиялар эркин фаолият юритиш ҳуқуқига эга бўлдилар, партияларнинг ўзаро ҳуқуқий тенглиги, шунингдек, уларнинг жамият олдидаги вазифалари ва масъулияти қонунлаштирилди.
Сиёсий партиялар фаолиятининг фақат ҳуқуқий жиҳатдангина кафолатлашнинг ўзи уларнинг кенг қиррали фаолиятлари йўналишларини амалга ошириш учун етарли эмаслигини ҳаётнинг ўзи кўрсатди. Сиёсий партияларнинг жамиятдаги ва сиёсий муносабатлардаги функцияларини тўла бажара олиш қобилиятини ошириш учун уларнинг фаолиятларини молиявий жиҳатдан ҳам кафолатлаш тажрибаси жорий этилди. 2004 йил 30 апрелда Иккинчи чақириқ Олий Мажлиснинг XIV сессияси «Сиёсий партияларни молиялаштириш тўғрисида»ги Қонунни қабул қилди.
2008 йилдан бошлаб кучга киритилган «Давлат бошқарувини янгилаш ва янада демократлаштириш ҳамда мамлакатни модернизация қилишда сиёсий партияларнинг ролини кучайтириш тўғрисида»ги Конституциявий Қонуннинг қабул қилиниши мамлакатда фуқаролик жамияти институтларини янада ривожлантириш учун ҳуқуқий асосларни мустаҳкамлаб, сиёсий партияларни демократик тамойиллар асосида фаолият юритишлари учун имкониятлар яратиб берди.
Кўриниб турибдики, XXI аср бошларида мамлакатда жамият сиёсий соҳасини эркинлаштириш, бунинг учун аввало жамиятда кўппартиявийлик тизимини янада демократлаштириш вазифалари сиёсий ислоҳотларнинг муҳим жиҳатларини ташкил этади.
Сайлов тўғрисидаги қонун хужжатларига ўзгартириш киритилиши муносабати билан 2010 йилдан бошлаб Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг сиёсий партиялар ва Ўзбекистон экологик ҳаракати томонидан кўрсатилган номзодлари асосида шаклланиши мазкур палатани фуқаролик жамияти билан бевосита алоқадорликда бўлишини таъминлайди. Жамиятдаги турли ижтимоий қатламлар ва гуруҳлар сиёсий партиялар воситасида ўз манфаатларини парламентга етказиш имкониятига эга бўлдилар. Сиёсий партияларнинг бош вазифаларидан бири - давлат билан жамият ўртасидаги воситачилик функцияларини бажариши учун кенг имкониятларга эга бўлди.
Мамлакатда шаклланган сайлов тизимига доир ҳуқуқий асослар парламент, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар кенгашларини шакллантириш тамойиллари ва фуқароларнинг сайловларда қатнашиш ҳуқуқини, мамлакатда халқ ҳокимиятини амалга ошириш ва давлатнинг умуминсоний манфаатлар тамойиллари асосида ташкил этишнинг муҳим демократик пойдеворидир. Фуқароларнинг давлат ва жамиятни бошқаришдаги иштироклари сайловлар даврида аниқ ва равшан намоён бўлади. Шу билан бирга, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 32-моддасида «Бундай иштирок этиш ўзини ўзи бошқариш, референдумлар ўтказиш ва давлат органларини демократик тарзда ташкил этиш йўли билан амалга оширилади»1, дейилади. Мазкур конституциявий қоидадаги «давлат органларини демократик тарзда ташкил этиш» сўзининг асл маъноси давлат органларини халқ томонидан тўғридан-тўғри сайланишини англатади.
Ўзбекистонда сайловлардаги тенглик ҳуқуқи тамойили Конституциянинг 117-моддасида қуйидагича мустаҳкамланган: «Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари давлат ҳокимияти вакиллик органларига сайлаш ва сайланиш ҳуқуқига эгадирлар. Ҳар бир сайловчи бир овозга эга. Овоз бериш ҳуқуқи, ўз хоҳиш-иродасини билдириш тенглиги ва эркинлиги қонун билан кафолатланади. ...Сайловлар умумий, тенг ва тўғридан-тўғри сайлов ҳуқуқи асосида яширин овоз бериш йўли билан ўтказилади»2.
Ўзбекистонда сайловларнинг хуқуқий асослари ривожланган мамлакатларда кенг ёйилган демократик тамойилларга мос. 2003 йил 29 августда Олий Мажлис томонидан 1993 йил 28 декабрда қабул қилинган «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига сайлов тўғрисида»ги Қонуннинг янги таҳририни қабул қилиши натижасида унга демократик қадриятларга хос бўлган янги тўлдиришлар ва ўзгартишлар киритидди. 1994 йил 5 майда парламент томонидан Ўзбекистон Республикасининг «Фуқаролар сайлов ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида»ги Қонуни қабул қилинди. Шунингдек, 2003 йил 29 августда Олий Мажлис томонидан Ўзбекистон Республикасининг «Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига сайлов тўғрисида»ги Қонунига (1994 йил 5 май) ҳам ўзгартишлар ва тўлдиришлар киритилди. Мазкур қонунлар сайловларни амалга оширишнинг демократик тамойилларининг асоси сифатида катта синовлардан ўтди.
Ўзбекистонда Сенатни шакллантиришда маҳаллий вакиллик органларига Сенат аъзолигига номзодлар кўрсатиш ваколатларини берилиши - ҳудудий манфаатларнинг қонунларда ифодаланиши учун шарт-шароитлар яратди. Шу билан бирга, маҳаллий халқ депутатларининг Сенат аъзоларини сайлашда бевосита иштирок этиши вакиллик демократиясининг шаклланишига, шунингдек, уларнинг умуммиллий давлат бошқаруви фаолиятида бевосита иштирок этишлари учун ҳуқуқий имкониятлар ҳам яратди.
Ўзбекистон Республикасининг «Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига сайлов тўғрисида»ги Қонунига биноан халқ депутатлари Кенгашларига «сайлов куни йигирма бир ёшга тўлган ҳамда камида беш йил Ўзбекистон Республикаси ҳудудида муқим яшаётган»3 фуқаролар сайланиш ҳуқуқига эгадирлар. Олий Мажлис умумдавлат аҳамиятига эга олий қарорлар қабул қилувчи орган бўлгани учун ҳам Конституцияда (77-модда) унинг ҳар иккала палатаси - Қонунчилик палатасига депутат ва Сенатга аъзо бўлиб сайланиш ҳуқуқини 25 ёшга тўлган фуқароларга берилиши мустаҳкамланди1.
Ўзбекистон сайлов тизимидаги тенг сайлов ҳуқуқи қуйидагиларни англатади: «ҳар бир фуқаро бир овозга эга. Фуқаролар жинси, ирқий ва миллий мансублиги, тили, динга муносабати, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахсий ва ижтимоий мавқеи, маълумоти, машғулотининг тури ва хусусиятидан қатьий назар тенг сайлов ҳуқуқига эгадирлар»2.
Тўғридан-тўғри сайлов ҳуқуқи ҳокимият вакиллик органларига сайлов тўғридан-тўғри ўтказилишини англатади: беистисно барча Кенгашларнинг депутатлари фуқаролар томонидан бевосита сайланадилар3.
«Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига сайлов тўғрисида»ги (янги таҳрири) Қонуннинг 5-моддасида сайловларда яширин овоз бериш қоидаси қуйидагича ифодаланган: «Қонунчилик палатаси депутатлари сайловида эркин ва яширин овоз берилади. Овоз берувчиларнинг хоҳиш-иродаси назорат қилинишига йўл қўйилмайди»4. Ўзбекистонда қуйи вакиллик органларига сайловлар тўғрисидаги бошқа қонунларда ҳам яширин овоз бериш та-мойили мустаҳкамланди.
Мустақиллик йилларида маҳаллий вакиллик органларига сайловларга доир ҳуқуқий асослар ҳам такомиллашди. Ўзбекистон Республикасининг «Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига сайлов тўғрисида»ги Қонунининг (1994 й. 5 май) 1-моддасида Ўзбекистонда маҳаллий вакиллик органларига сайлов ўтказишнинг асосий тамойиллари демократик қадриятлар талаблари даражасида белгилаб қўйилди: «Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига сайлов ҳудудий бир мандатли сайлов округлари бўйича кўппартиявийлик асосида беш йил муддатга ўтказилади. Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари депутатлари умумий, тенг ва тўғридан-тўғри сайлов ҳуқуқи асосида яширин овоз бериш йўли билан сайланадилар»5.
Ўзбекистон парламентига демократик тамойиллар асосидаги сайловлар илк бор 1994 йил 25 декабрда ўтказилди. Мустақиллик даврида Олий Мажлисга ўтказилган биринчи сайлов мамлакатда тобора тараққий топаётган демократик жараёнларнинг амалдаги ифодаси бўлди. Кўппартиявийлик ва муқобиллик асосида ўтган сайловларда фуқароларнинг ҳуқуқлари ҳар жиҳатдан қадрланди.
1999 йил 5 декабрда бўлиб ўтган демократик қадриятлар асосидаги сайловга тайёргарлик кўришга доир ташкрший-оммавий ишлар натижасида мамлакатда 250 та ҳудудий сайлов округлари тузилди, 7723 та сайлов участкаси ташкил этилди. Округ ва участка сайлов комиссиялари таркибида 100 мингдан зиёд масъул фаоллар фаолият кўрсатдилар. Сайлов ҳуқуқига эга бўлган 12,5 миллиондан ортиқ фуқароларнинг рўйхати тузилди. Олий Мажлис депутатлигига 1200 ортиқ номзодлар кўрсатилиб, ҳар бир ўрин учун ўртача 5 - 7 тадан номзодлар ўзаро рақобатлашдилар. Сайлов кампанияси жараёнларида 250 та Олий Мажлис депутатлари сайланди.
Шунингдек, 1999 йил 5 декабрда бўлиб ўтган халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига сайловлар ҳам демократик тамойиллар асосида ўтказилди. Бу сайловларда 5 та сиёсий партия, ҳокимият вакиллик органлари, сайловчилар ташаббускор гуруҳларидан депутатликка номзодлар кўрсатишнинг қонуний асослари ўрнатилиб, унда турли хил ижтимоий қатлам ва гуруҳлар ўз вакилларини депутат бўлиб сайланишлари учун курашдилар.
1999 йил 5 ва 19 декабрда ўгказилган икки тур бўйича овоз бериш натижаларига кўра, халқ депутатлари вилоят Кенгашларига - 661, туман Кенгашларига - 4564, шаҳар Кенгашларига - 831 депутат сайланди. Маҳаллий вакиллик органларига сайланган депутатлардан 61 нафари - «Адолат» социал-демократик партияси, 85 нафари - «Ватан тараққиёти» партияси, 20 нафари - «Миллий тикланиш» демократик партияси, 509 нафари - «Фидокорлар» миллий демократик партияси, 1997 нафари эса Ўзбекистон Халқ демократик партияси вакилларидан иборат бўлди. 360 нафар депутат - вакиллик органлари, 2943 нафари — фуқароларнинт ўзини-ўзи бошқариш органлари, 81 нафари сайловчиларнинг ташаббускор гуруҳлари вакилларини
2000 йил 9 январда ва 2007 йил 23 декабрда мамлакатимизда ўтказилган Президентлик сайлови ҳам демократик тамойиллар - кўппартиявийлик ва муқобиллик асосида ўтказилди. Номзодларнинг сайлов олди ташвиқотлари ошкоралик ва тенг ҳуқуклилик асосида олиб борилди. Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловининг юксак даражада ўтиши учун барча зарур шарт-шароитлар яратилди. Мамлакатдаги сиёсий партиялар ва сайловчилар
Ўзбекистонда сайлов қонунчилигининг ривожланишига уйғун равишда фуқароларнинг сиёсий ва ҳуқуқий маданияти ҳам юксалиб борди. Айниқса, мустақиллик йилларида фуқароларнинг сайловлардаги иштирокининг фаоллиги, уларнинг сайловларга нисбатан муносабатларининг ўзгариб бориши, халқнинг демократик қадриятларни ўз турмуш тарзига сингдириб бораётганлиги аниқ сезилди.
2004 йил 26 декабрда Олий Мажлиснинг Қонунчилик палатаси ва маҳаллий вакиллик органларига сайловлар бўлиб ўтди. Сайловлар жараёнлари Конституция ва қонунлар талаблари даражасида ўтказилди. Мазкур Қонунга киритилган янгиликлар - сиёсий партиялар депутатликка номзодлари рўйхатида хотин-қизларнинг камида 30 фоиз бўлишини шарт этиб қўйилиши, шунингдек, сиёсий партиялар фаолиятини молиялаштиришга доир махсус қонуннинг қабул қилиниши сайловларнинг демократик мазмунини бойитди. Сайловда Парламент Қонунчилик палатасидаги 120 та депутатлик ўринларига 489 номзод кўрсатилди. Жумладан, сиёсий партиялардан - 435 номзод ва сайловчиларнинг ташаббускор гуруҳларидан - 54 номзод сайловларда депутатлик ўринлари учун курашдилар. Сайловда 12 197 159 (барча сайловчиларнинг 85,1 фоизи) сайловчилар қатнашди. Ўтказилган сайловлар натижасида Ўзбекистон Либерал-демократик партияси Қонунчилик палатасидаги 41 ўринни (34,2%) эгаллади. Ўзбекистон Халқ демократик партиясидан 28 та депутат (23,3%) сайланди. Шунингдек, «Фидокорлар» миллий демократик партиясининг 18 та номзоди (15,0%), «Миллий тикланиш» демократик партиясининг 11 та номзоди (9,2%), «Адолат» социал-демократик партиясининг 10 та номзоди (8,3%) Қонунчилик палатаси депутати этиб сайланди1.
Қонунчилик палатасига 159 та хотин-қизларнинг номзодлари қўйилиб, улар ўзларидаги кучли фаолликни намойиш этдилар. 21 та аёл (17,5%) Қонунчилик палатаси депутатлигига сайланди.
2004 йил 26 декабрдаги, шунингдек, 2005 йил 9 январдаги такрорий сайловларда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси 120 депутатдан иборат таркибда сайланди2.
Ўзбекистон Республикасининг «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига сайлов тўғрисида»ги Қонунининг 58-моддасига мувофиқ 2005 йил 17-20 январда Олий Мажлис Сенатига вакиллик органлари - Қорақалпоғистон Жўқорғи Кенгеси, вилоят, туман ва шаҳар халқ депутатлари иштирокида яширин овоз бериш йўли билан сайловлар бўлиб ўтди. Бу сайловлар кампаниясида маҳаллий депутатлар орасидан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзолари - 84 та сенаторлар сайланди. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармонига мувофиқ Олий Мажлис Сенатининг 16 та аъзоси тайинланди.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига сайловлар очиқ ва ошкоралик руҳияти остида ўтди. Сайловлар кампанияси жараёнлари 493 та маҳаллий, 107 та хорижий оммавий ахборот воситаларида ёритилди. Шунингдек, сайловлар жараёнларида 40 та мамлакатдан 228 хорижий кузатувчилар иштирок этдилар3.
Қонунчилик палатаси депутатлигига сиёсий партиялар, сайловчилар ташаббускор гуруҳларидан кўрсатилган номзодларнинг ўз дастурларини ташвиқот қилишлари, сайловчилар билан учрашувлари учун тенг имкониятлар яратилди, уларнинг оммавий ахборот воситаларидан фойдаланишлари учун ҳам тенг ҳуқуқлар берилди.
Марказий сайлов комиссияси, шунингдек, округ ва участка сайлов комиссиялари сайловларнинг ошкоралик ва очиқлик шароитларида ўтказишга мухим аҳамият бердилар. Интернетнинг халқаро тармоғида Марказий сайлов комиссиясининг махсус веб сайти очилиб, у муттасил равишда янгиланиб борилди. Бу сайтда сайловларга доир янгиликлар ўз вақтида бериб борилди. Натижада журналистлар ҳамда сайловларнинг бориши билан қизиққан барча жамоатчилик вакилларининг ахборотлардан фойдаланишлари учун қулай шарт-шароитлар яратилди1.
Шунингдек, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига 2004 йил 26 декабрдаги, шунингдек 2005 йил 9 январдаги такрорий сайловлар ҳам демократик тамойиллар асосида ўтказилди. Сайловларда 5 та сиёсий партия, ҳокимият вакиллик органлари, сайловчилар ташаббускор гурухларидан депутатликка номзодлар кўрсатилиб, унда турли хил партиялар ва ташаббускор гуруҳлар ўз номзодларининг депутат бўлиб сайланишлари учун курашдилар.
Ўтказилган икки тур бўйича овоз бериш натижаларига кўра, халқ депутатлари вилоят Кенгашларига - 661, туман Кенгашларига - 4564, шаҳар Кенгашларига - 831, шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорги Кенгесига ҳаммаси бўлиб 6114 та депутат сайланди. Маҳаллий вакиллик органларига сайланган депутатлардан 172 нафари (2,8%) - «Адолат» социал-демократик партияси, 1909 нафари (31,3%) - Ўзбекистон Либерал-демократик партияси, 137 нафари (2,2%) - «Миллий тикланиш» демократик партияси, 581 нафари (9,5%) - «Фидокорлар» миллий демократик партияси, 2525 нафари (41,4%) - Ўзбекистон Халқ демократик партияси, 736 нафари (11,9%) – ўзини-ўзи бошқариш органлари, 54 нафари (0,9 %) сайловчиларнинг ташаббускор гуруҳлари вакилларидан иборат бўлди. Сайланган барча депутатларнинг 923 нафари (15,1%) хотин-қизларнинг вакилларини ташкил этди2.
Ўзбекистонда мустақиллик даврида ўтказилган сайловлар натижаларинииг таҳлили шуни кўрсатдики, мамлакатда демократик қадриятларни миллий анъаналар билан уйғунлаштириш асосидаги ислоҳотлар тобора чуқурлашиб бормоқда. Демократик сайловлар институти давлат органларини шакллантиришнинг муҳим воситаси сифатида фуқаролик жамияти аъзоларининг манфаатлари ва иродасини сиёсий қарорларга айланиш жараёнларини таъминлаб бера олиш даражасига қўтарилди. Улар олий ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларини халқ томонидан назорат қилиниши учун кенг имкониятлар яратди.
Ҳозирги даврда нодавлат нотижорат ташкилотлари кучли фуқаролик жамияти қуришда, фуқаролар ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, аҳоли ижтимоий-сиёсий фаоллигини оширишда муҳим омил бўлмоқда. Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 34-моддасидаги «Ўзбекистон Республикаси фуқаролари касаба уюшмаларига, сиёсий партияларга ва бошқа жамоат бирлашмаларига уюшиш, оммавий ҳаракатларда иштирок этиш ҳуқуқига эгадирлар»1 каби фуқароларнинг жамият институтларида иштирок этишини таъминлаб берадиган ҳуқуқий асосларнинг эътироф этилиши республикада жамият тараққиёти инсоният ҳаётининг бир неча асрлар мобайнидаги тажрибалари ва синовларидан муваффақиятли ўтган эркинлик жамияти - фуқаролик жамияти сари интилаётганлигини англатади.
Ҳозирги даврда Ўзбекистондаги нодавлат нотижорат ташкилотлар ва сиёсий партиялар фаолияти 1991 йил 14 февралда қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг «Жамоат бирлашмалари тўғрисида»ги Қонуни (1997 й. апрелда қўшимча ва ўзгартиришлар киритилган), Ўзбекистон Республикасининг «Касаба уюшмалари, уларнинг ҳуқуқлари ва фаолиятининт кафолатлари тўғрисида»ги Қонуни (1992 й. июль), Ўзбекистон Республикасининг «Сиёсий партиялар тўғрисида»ги Қонуни (1996 й. декабрь), Ўзбекистон Республикасининг «Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида» янги таҳрирдаги Қонуни (1998 й. май), Ўзбекистон Республикасининг «Фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органлари тўғрисида» янги таҳрирдаги Қонуни (1999 й. апрель), Ўзбекистон Республикасининг «Нодавлат нотижорат ташкилотлари тўғрисида»ги Қонуни (1999 й. апрель) каби қонунлар воситасида мувофиқлашади.
Мамлакатда нодавлат ташкилотлар тизимини янада мустаҳкамлаш, мазкур ташкилотларнинг жамиятдаги барча ижтимоий қатламлар ва гуруҳлар манфаатларини ифода этиш мақсадларида 2003 йил 29 августда Олий Мажлис томонидан Ўзбекистон Республикасининг «Жамоат жамғармалари тўғрисида»ги Қонуни қабул қилинди2.
Мамлакатда фуқаролик жамиятининг асоси бўлган фуқаролик жамияти институтларини шакллантириш ва ривожлантириш жараёнларига доир ислоҳотлар тобора чуқурлашиб бормоқда. Бугунга кунда мамлакатимизда 402 та республика аҳамиятига молик нодавлат жамоат бирлашмалари фаолият олиб бормокда. Улардан 81 таси халқаро ташкилотлар мақомига эгадир. Нодавлат ташкилотларнинг 48 таси жамғарма, 78 таси жамият, 42 таси федерация, 16 таси касаба уюшмалари, 2 таси ҳаракат, 20 таси марказ, 48 таси ассоциация, 20 таси уюшма, 5 таси қўмита, яна 37 таси бошқа номларда расмий рўйхатдан ўтган. Ҳозирги даврга келиб республика аҳамиятига молик, шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва вилоятларда давлат рўйхатига олинган 5000 дан ортиқ нодавлат нотижорат ташкилотлар фаолият кўрсатмоқда.
Ўзбекистонда нодавлат нотижорат ташкилотларини фуқаролик жамияти институти сифатида ривожлантиришда 2005 йилнинг 10 июнида ташкил топган «Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий Ассоциацияси» муҳим аҳамият касб этди. Мамлакатда мустақил, барқарор, аҳолининг турли қатламлари қўллаб-қувватлайдиган фуқаролик жамияти институтларини шакллантиришга, ижтимоий аҳамиятли муаммоларни ҳал этишдаги, фуқароларнинг ижтимоий-сиёсий ва иш фаоллигини оширишдаги ролини кучайтириш мақсадларида 2005 йил 26 июлда «Ўзбекистон - нодавлат нотижорат ташкилотларини қўллаб-қувватлаш фонди» ташкил топди.
Хулоса қилиб айтганда, мустақиллик йилларида Ўзбекистонда нодавлат нотижорат ташкилотларнинг демократик тамойиллар асосидаги ҳуқуқий асослари шаклланди. Қисқа давр ичида мамлакатда фуқаролик жамияти қуришнинг пойдевори — конституциявий ва ҳуқуқий шарт-шароитлар яратилди. Ислоҳотлар натижасида мамлакатда нодавлат — нотижорат ташкилотлар тизими шаклланди. Мухими, «учинчи сектор» билан давлат ҳамкорлиги натижасида мамлакатда нодавлат нотижорат ташкилотларнинг мустақил фаолият юритиши, давлат ва жамият ишларини бошқариши учун кенг имкониятлар яратилди.
Ўзбекистонда кучли жамиятга ўтиш даврида ўзини ўзи бошқариш органларига, айниқса, маҳалла институтининг ривожига катта аҳамият берилмоқда. Ўзбекистонда маҳалла қадимги даврлардан бошлаб халқнинг ўзини ўзи бошқариш органи сифатида фаолият кўрсатиб келмоқда. Мустақиллик эълон қилиниши билан маҳалла ўзининг қадимий, анъанавий ва ҳуқуқий мақомларига эриша бошлади. Шу билан бирга, давлат ва унинг органлари томонидан фуқароларнинг ўзини ўзи бошқаришнинг ҳуқуқий мақомини мустаҳкамлаш, маҳалла, қишлоқ, овул ва шаҳарча фуқаролар йиғинларини фуқаролик жамиятининг асосий институтига айлантиришга доир чуқур ислоҳотлар ҳам амалга оширилди. Мустақиллик даврида 10 мингга яқин маҳалла, қишлоқ, овул ва шаҳарча фуқаролар йиғинлари - ўзини ўзи бошқариш органлари ташкил этилиб, шундан 8142 тасини маҳалла фуқаролар йиғинлари ташкил этади.
Мустақиллик даврида Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий асослари ривожланган мамлакатлар тажрибаси ва миллий қадриятлар талаблари даражасида шаклланди. Демократик жамият қуриш тажрибалари шуни кўрсатдики, қайси бир жамиятда мансаби, ирқи, жинси ва бошқа ижтимоий даражаси қандай бўлишидан қатъи назар, фуқаролар конституция ва қонунлар билан мустаҳкамлаб қўйилган ўз бурчларини амалда бажарганларидагина ўзлари учун тегишли бўлган эркинликлари ва ҳуқуқларидан фойдалана олишлари мумкин. Шунинг учун ҳам Ўзбекистон Конституциясининг махсус ХI-боби «Фуқароларнинг бурчлари» деб номланиб, у 6 та моддадан иборатдир. Хусусан, Конституциянинг бу бобидаги 48-моддаси қуйидагича ифодаланади: «Фуқаролар Конституция ва қонунларга риоя этишга, бошқа кишиларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари, шаъни ва қадр-қимматини ҳурмат қилишга мажбурдирлар»1.
Омбудсман институтининг жорий этилиши, Инсон ҳуқуқлари Миллий маркази фаолиятининг йўлга қўйилиши, мамлакатда инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилишнинг нафақат ҳуқуқий асослари яратилганлигини, балки бу соҳага доир барча институтларнинг шаклланганлигини ифодалайди.
Инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлашда фуқароларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш муҳим ўрин тутади. Ҳозирги даврда Ўзбекистон жамиятида 7 млн. га яқин фуқаролар касаба уюшмалари аъзолари, 1 млн. дан ортиқроқ фуқаролар эса сиёсий партиялар аъзолари сифатида жамоатчилик ишларида иштирок этадилар. Шунингдек, миллионлаб фуқаролар ёшлар, хотин-қизлар, турли жамғармалар, нодавлат нотижорат ташкилотлар фаолиятида иштирок этадилар.
Мустақилликка эришганимиздан буён ўтган тарихан қисқа давр ичида Ўзбекистон дунё ҳамжамиятида ўзининг муносиб ўрнини эгаллади. Ўзбекистоннинг жаҳондаги обрў-эътибори юксалиб бораётгани, энг аввало, юртимизда демократик ва бозор иқтисодиёти ислоҳотларини амалга ошириш натижасида қўлга киритилаётган улкан ижобий ўзга ришларда, уларнинг халқаро ҳамжамият томонидан эътироф этилишида мужассам бўлмоқда. Бу - давлатимизнинг жаҳон аҳлига яхши маълум бўлган, минтақамизда барқарорлик ва хавфсизликни мустаҳкамлашга қаратилган ташаббусларининг амалий самарасида ўз ифодасини топмоқда. Шу билан бирга бу - мамлакатимизнинг халқаро сиёсат майдонида олиб бораётган ҳар томонлама пухта ишланган, чуқур ўйланган ташқи сиёсатининг натижаси сифатида намоён бўлмоқда.
Ўзбекистон ўз ташқи сиёсатида фақат битта мақсад - Ўзбекистон манфаати ва яна бир бор Ўзбекистон манфаатини кўзлаб иш тутганлигини қайд этиш жоиз. Ўтган давр мобайнида Ўзбекистон ўзининг миллий манфаатларига мос келадиган барча мамлакатлар билан фаол ҳамкорлик қилиб келди. Айни пайтда халқаро ҳаётнинг муайян принципиал масалалари бўйича ёндашувларда тафовут бўлган давлатлар билан ҳам очиқ мулоқот олиб борганлигини қайд этиш мумкин.
Ўзбекистон раҳбарияти халқаро муносабатларни мафкуралаштиришга бўлган ҳар қандай уринишга қатьий қарши туриб келди. Марказий Осиёда тинчлик ва барқарорликни сақлаш, бу минтақани барқарор хавфсизлик ҳудудига айлантириш Ўзбекистон ташқи сиёсатининг муҳим устувор йўналиши этиб белгиланган.
Ўзбекистон интеграция жараёнлари ва бозор ислоҳотларини ривожлантиришга, Марказий Осиё минтақасида умумий бозорни шакллантиришга алоҳида аҳамият бериб келмоқда. Бу борада халқимиз асрлар давомида шаклланган «Қўшнинг тинч — сен тинч» деган ҳаётий нақлга доимо амал қилиб келмоқда. Шуни таъкидлаш лозимки, Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти, Марказий Осиё Ҳамкорлиги Ташкилоти, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги ва бошқа ташкилотлар билан ҳамкорлигимиз минтақада хавфсизлик, тинчлик ва барқарор ривожланишни таъминлашнинг муҳим шарти ҳисобланади.
Ўзбекистон ташқи сиёсат соҳасидаги вазифаларни ҳал этишда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти доирасидаги ҳамкорликни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратади. Шу билан бирга, жаҳон майдонида халқаро хавфсизлик масаласи билан боғлиқ мутлақо янги тенденция ва вазиятлар, шунингдек, янги таҳдидларнинг пайдо бўлиши, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти тузилмаларини, биринчи навбатда, унинг етакчи органи - Хавфсизлик Кенгашини ислоҳ қилиш ва таркибини қайта кўриб чиқишни тезлаштиришни тақозо этмоқда.
Ўзбекистон Европа қитъасидаги Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилоти, Европа Иттифоқи ва НАТО каби муҳим тузилмалар билан юртимизда демократик ва бозор ислоҳотларини чуқурлаштириш, мамлакатимизда ва умуман минтақада хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаш борасида ҳамкорликни мустақкамлашдан манфаатдордир. Халқаро валюта фонди, Жаҳон банки, Осиё тараққиёт банки, Ислом тараққиёт банки ва бошқа йирик, нуфузли халқаро молия ва иқтисодиёт тузилмалари ҳамда ташкилотлари билан ҳамкорлик келгусида ҳам ташқи сиёсатимизнинг устувор йўналишларидан бўлиб қолмоқда. Юртимизда амалга оширилаётган янгиланиш ва иқтисодий ислоҳотлар жараёнида ушбу ташкилотларнинг роли ва ўрни бениҳоя катта.
Ўзбекистон жаҳондаги йирик, халқаро майдонда етакчи ўрин тутадиган давлатлар — АҚШ, Россия, Япония, Хитой, Германия, Франция ва Европа Иттифоқининг бошқа мамлакатлари билан ҳамкорлик муносабатларини ривожлантириш ва мустаҳкамлашга алоҳида эътибор беради. Мамлакатимиз Жанубий Корея Республикаси, Бразилия, Ҳиндистон, Жанубий ва Жануби-Шарқий Осиё, Яқин Шарқ ва Араб Шарқининг кўплаб мамлакатлари билан яқин муносабатлар ўрнатган.
Бугунги кунда халқаро терроризм, экстремизм ва радикализмга қарши кураш дунё мамлакатларини бирлаштирадиган асосий омил бўлиб қолмоқда. XXI аср вабоси бўлган ушбу иллатга қарши жаҳон ҳамжамиятининг муросасиз курашини Ўзбекистон тўла қўллаб-қувватламоқда, Марказий Осиё нафақат ядровий, балки ҳар қандай бошқа оммавий қирғин қуроллари, чунончи, биологик ва кимёвий қуроллардан ҳам холи ҳудудга айланишига, айниқса, халқаро терроризм бундай қуролларга эга бўлишга интилаётган бугунги кунда бу масала янада долзарб аҳамият касб этаётганлигига жаҳон ҳамжамиятининг эътиборини тортиб келмокда.
2001 йил сентябрь воқеаларидан сўнг АҚШ ва унинг бир қатор иттифоқчи давлатлари томонидан Афғонистонда аксилтеррор компанияси амалга оширилди. Мазкур вазиятга нисбатан Ўзбекистон ўзининг қатьий позициясини баён этди ҳамда Марказий Осиё давлатлари орасида бу ташаббусни биринчилардан бўлиб қўллаб-қувватлаб келмоқда.
Бугунги кунда Ўзбекистон Афғонистонни қайта тикланиш жараёнида фаол иштирок этиш билан бирга қўшни Афғонистонга гуманитар ёрдам бериш, мамлакат транспорт инфратузилмасини, жумладан, йўллар, кўприкларни қайта тиклаш ҳақида, таълим ва маориф соҳасида, қурилиш ва ободончилик борасида ўзаро ҳамкорлик олиб бормоқда.
Ўтган давр мобайнида Ўзбекистонда мамлакатимиз хавфсизлиги ва барқарорлиги, сарҳадларимиз дахлсизлигини ишончли ҳимоя қилиш борасидаги тактик ва стратегик вазифаларни самарали ҳал этишга қодир бўлган, ихчам, тезкор, замонавий қурол-яроғ ва ҳарбий техника билан таъминланган миллий армиямизни барпо этиш бўйича кўлами ва моҳиятига кўра улкан ишлар тизимли равишда ва босқичма-босқич амалга оширилганини алоҳида таъкидлаш керак.
Армияни ислоҳ қилишнинг ҳар томонлама пухта ўйланган дастурига мувофиқ, мамлакатимиз хавфсизлигига қарши қаратилган ташқи ва ички тахдид ва хатарларни чуқур ўрганиш асосида Қуролли Кучларни қуриш ва бошқаришнинг мутлақо янги тизими шакллантирилди. Ҳарбий округлар, чегара ҳудудларининг тузилиши, ҳарбий операциялар олиб бориладиган энг муҳим йўналишларда жанговар қўшин гуруҳларининг ташкил этилиши, ўз таркибида энг муҳим ҳарбий тузилмаларни бирлаштирган Қуролли Кучлар Бирлашган штабининг шакллантирилиши мамлакатимизда ягона мақсад ва вазифалар негизида узвий боғланган ишончли мудофаа тизимини яратиш имконини берди.
Шу йиллар мобайнида сержант ва офицер кадрларни профессионал асосда тайёрлаш тизимини такомиллаштириш борасида кўп ишлар қилинди. Бугунги кунда сержантларнинг қарийб учдан икки қисми замонавий ўқув базасига эга бўлган, салоҳияти тобора ортиб бораётган сержантлар тайёрлаш мактабларида таълим олганини қайд этиш лозим. Қуролли Кучларда хизмат қилаётган сержантлар шахсий таркибининг юксак жанговар ва сиёсий тайёргарлигини таъминлаш ҳарбий қисм ва бўлинмаларда соғлом маънавий-ахлоқий муҳитни, ҳарбий тартиб-интизомни сақлашнинг муҳим омилига, армиянинг асосий ўзагига айланди.
Айниқса, армияни қурол-яроғ ва техника билан таъминлаш, қўшинларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оилалари учун ижтимоий-маиший шароитларни яхшилаш масалаларига алохида эътибор қаратилди. Масалан, биргина 2008 йилнинг ўзида ҳарбий хизматчиларнинг иш ҳақи ўртача 51 фоизга оширилди. Муддатли ҳарбий хизматни ўтаган ёшлар учун ишга жойлашиш ва олий ўқув юртларига ўқишга кириш бўйича қатор имтиёзлар тизими белгиланди. Ҳозирги кунда мамлакатимиз олий ўқув юртларида армия сафларида мардлик ва жасорат мактабини ўтаган, жанговар ҳамда сиёсий тайёргарликда юксак натижаларга эришган 22 минг нафардан зиёд ёшларимиз таълим олмоқда.
Бир сўз билан айтганда миллий мудофаани барпо этиш соҳасидаги чуқур тизимли ўзгаришлар натижасида армиямизнинг жанговар ва сиёсий тайёргарлик даражаси ва қудрати сезиларли равишда ошди, жамиятимизда, давлатимизда ҳарбий хизматнинг нуфузи, Қуролли Кучларнинг ўрни ва аҳамияти янги босқичга кўтарилди.
Ҳарбий қурилиш соҳасида жаҳондаги энг замонавий тажрибаларни ўзида мужассам этган ва айни вақтда миллий анъаналарни қўз қорачиғидек асраб-авайлаб келаётган армия мамлакат хавфсизлиги, халқнинг тинч меҳнати ва осойишта ҳаётини, демократик ҳуқуқий давлат, фуқаролик жамияти барпо этиш йўлидан изчил тараққий этишини таъминлашнинг ишончли кафолатига айланди.
Збекистон республикаси президенти ҳузуридаги давлат ва жамият қурилиши академияси
09 09 2014
5 стр.
Жамјарма фаєат илмий-амалий тадєиєотлар ва инновацион технологиялар ютуєларидан фойдаланган іолда, товар (ишлар, хизматлар) ишлаб чиєариш жараёнини модернизация єилаётган хўжалик ю
15 10 2014
1 стр.
Илмий тадқиқот Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни Сақлаш Вазирлиги Эндокринология Илмий-Текшириш Институтида бажарилган
09 10 2014
1 стр.
Халқ сайилларини ташкил қилувчи ва ўтказувчи мутасадди мутахассислар учун мўлжалланган
12 10 2014
3 стр.
Инглиз тили фани бўйича коммуникацион технологияларда электрон дарсликдан фойдаланиш юзасидан тавсия
10 09 2014
1 стр.
Илмий-услубиёт ва мактаб ахборот ресурс марказлари мутахассисларини малакасини ошириш бўлими
09 09 2014
1 стр.
Ишанходжаев А. А. – Ўзааа бош директорининг биринчи ўринбосари, Таҳрир кенгаши раиси
05 09 2014
1 стр.
Республикаси Алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари Давлат қўмитаси
05 09 2014
1 стр.