Flatik.ru

Перейти на главную страницу

Поиск по ключевым словам:

страница 1страница 2страница 3



Ўзбекистон Республикаси

Маданият ва спорт ишлари вазирлиги
Республика халқ ижодиёти ва маданий-маърифий ишлар илмий-методик маркази


МАДАНИЯТ ВА ИСТИРОҲАТ БОҒЛАРИДА
ХАЛҚ САЙИЛЛАРИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ

(тавсиянома)


Тошкент-2012
Сарлавҳада: Ўзбекистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари вазирлиги

Республика халқ ижодиёти ва маданий-маърифий ишлар илмий-методик маркази

Маданият ва истироҳат боғларида анъанавий сайилларни ўтказишни янада такомиллаштириш, асрлар давомида сайқалланиб келган халқона миллий анъаналаримизни тиклашга илмий-методик жиҳатдан кўмаклашиш мақсадида яратилган мазкур тавсияномада халқ сайилларининг моҳияти ва асосий турлари тўғрисида қисқача маълумот берилган.

Халқ сайилларини ташкил қилувчи ва ўтказувчи мутасадди мутахассислар учун мўлжалланган.







Сўзбоши муаллифи:




Маматқул Жўраев

-

Ўзбекистон Республикасида хизмат

кўрсатган маданият

ходими, филология

фанлари доктори,

профессор





Масъул муҳаррир:




Шавкат Ёлдашов

-

Республика халқ

ижодиёти ва маданий-

маърифий ишлар илмий-методик маркази

директори в.б.






Тўпловчи:




Маъсума Аҳмедова

-

Маданий-маърифий ишлар бўлими

етакчи йўриқчиси


© Республика халқ ижодиёти ва маданий-

маърифий ишлар илмий-методик маркази, 2012 й.

АСРЛАРГА ТЕНГДОШ САЙИЛЛАР

(Сўзбоши ўрнида)
Ўзининг қадимий ва бой миллий маданияти билан жаҳон цивилизациясига улкан ҳисса қўшган аждодларимиз ғоятда бой номоддий маданий мерос ёдгорликларини яратишган. Асрлар давомида эзгуликни тараннум этиб келган бу тафаккур дурдоналарида халқимизнинг улуғвор мақсадларга йўналтирилган энг олижаноб қарашлари ўз ифодасини топган. Зеро, бадиий салоҳияти ғоят юксак бўлган халқимиз поэтик иқтидорининг серқирралигини ўзида мужассамлаштирган номоддий маданий мероснинг ўзликни ифода қилишнинг оғзаки шакллари, яъни оғзаки бадиий ижод дурдоналари, урф-одат ва маросимлар, мусиқа санъати, ҳунармандчилик анъаналари ҳамда халқимизнинг табиат ва коинот тўғрисидаги билимлари асрлар давомида яратилиб, такомиллаштирилиб, бойитиб келинган. Битмас-туганмас руҳий қувват манбаи бўлиб хизмат қилган “Алпомиш”, “Гўрўғли”, “Кунтуғмиш” сингари буюк достонларда бунёдкорлик ва яратувчилик ғоялари тараннум этилган. Шунинг учун ҳам мамлакатимиз президенти И.А.Каримов: “Халқ оғзаки ижодининг ноёб дурдонаси бўлмиш “Алпомиш” достони миллатимизнинг ўзлигини намоён этадиган, авлодлардан авлодларга ўтиб келаётган қаҳрамонлик қўшиғидир. Агарки халқимизнинг қадимий ва шонли тарихи туганмас бир достон бўлса, “Алпомиш” ана шу достоннинг шоҳ байти десак тўғри бўлади”, – деб ёзган эдилар (Каримов И. Юксак маънавият – енгилмас куч. – Тошкент.: Маънавият, 2008. – Б.32-33).

Халқимизнинг дунёқараши, ижтимоий-сиёсий, маънавий-эстетик ва фалсафий қарашларини ўзига хос тарзда бадиий талқин қилувчи номоддий маданий мерос ёдгорликлари хилма-хил жанрлар ва анъаналарни ўз ичига олган ғоят нодир манба ҳисобланади. Зеро, номоддий маданий мерос намуналари она диёримизда юксак маданиятни бунёд этган аждодларимизнинг турмуш тарзи, орзу-интилишлари, урф-одат, маросим ва анъаналарини мукаммал акс эттирганлиги учун ҳам қадрлидир. Номоддий маданий меросимизнинг энг яшовчан, қадимий, ардоқли ва доимо ҳар бир авлод бадиий тафаккурининг сарчашмасидан қувват олиб янгиланиб борадиган анъаналаридан бири халқ сайиллари ҳисобланади. Аждодларимизнинг табиат ва коинот ҳақидаги энг қадимий тасаввурлари, эътиқодий қарашлари, деҳқончилик ва чорвачилик хўжалиги билан боғлиқ турли хил урф-одатлари, анъанавий халқ тақвими амаллари, серҳосиллик ғоясини ўзида ифодаловчи аграр маросимлар замирида юзага келган наврўз байрами – йилбоши сайли, табиатнинг барҳаётлиги тўғрисидаги мифологик ишончлар асосида шаклланган “гул сайиллари”, “бойчечак сайли”, “сумалак сайли”, шунингдек, ҳосил байрамлари ва сайиллари асрлар давомида анъанавий тарзда ўтказиб келинган. Халқимиз бундай сайилларни ҳамиша кўз қорачиғидай асраб-авайлаб, такомиллаштириб, бадиий жиҳатдан сайқаллантириб, бугунги кунга қадар таракқий эттириб келди. Миллий қадриятларимиз тикланиб, номоддий маданий меросни асраб-авайлаш ва кенг кўламда тарғиб этиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилаётган бугунги кунда қадимий сайиллар замиридаги эзгу ғоялар асосида ёш авлодни тарбиялаш долзарб вазифаларимиздан биридир.

Миллий мустақиллик халқимизнинг ўз боболари заковати туфайли яратилган улкан маданий меросга бўлган муносабатини тубдан янгилаб, аждодларимиз тарихи, маданияти, маънавий қадриятлари тизимини кенг кўламда тарғиб этишнинг мисли кўрилмаган имкониятларини очиб берди. Истиқлол шарофати билан дунёқарашимизда, онгимизда рўй берган янгиланиш, руҳий покланиш ва маънавий тикланиш жараёни фольклор санъатининг тараққиётида ҳам яққол акс этмоқда. Аждодларимизнинг кўп асрлик бадиий тафаккур дурдоналарини бебаҳо миллий қадриятлар тизими сифатида сақлаб қолиш, тарғиб ва тадқиқ этиш, унинг энг нодир намуналарини кенг оммалаштиришда маданият ва истироҳат боғларининг ҳам роли беқиёсдир. Чунки мамлакатимиздаги маданият ва истироҳат боғларида халқимизнинг қадимий сайилларини ўтказиш ҳамда анъанавий байрамларни ташкил қилиш орқали халқимизнинг кўнгилли ҳордиқ чиқаришини таъминлаш учун барча имкониятлар мавжуд.

Маданият ва истироҳат боғларида анъанавий сайилларни ўтказишни янада такомиллаштириш, айниқса, асрлар давомида сайқалланиб келган энг халқона миллий анъаналаримизни тиклашга илмий-методик жиҳатдан кўмаклашиш мақсадида яратилган мазкур тавсияноманинг асосий мақсади халқ сайилларининг моҳияти ва асосий турлари тўғрисида қисқача маълумот беришдан иборатдир. Тавсияноманинг энг муҳим жиҳати унга маданият ва истироҳат боғларида ўтказилиши тавсия этилаётган халқ сайилларига бағишланган “Наврўзни соғинган наврўзга етсин”, “Асал сайли”, “Самарқанд нонлари”, “Палов сайли”, “Меҳржон байрам сайли” каби тадбирларнинг сценарийлари илова қилинганлигидир. Бу сценарийлар маданият ва истироҳат боғларида анъанавий халқ сайилларини ташкил қилувчи ва ўтказувчи мутасадди мутахассислар учун фойдадан холи бўлмайди.

Тавсияномани тузишда халқ сайилларининг юзага келиш тарихи ва ўзига хос хусусиятларига доир илмий тадқиқотлар, шунингдек, маданият ва истироҳат боғларида маданий-маърифий тадбирларни ўтказиш бўйича амалий қўлланмалардан ижодий фойдаланилган. Шунингдек, тузувчи-муаллиф мамлакатимиздаги етакчи маданият ва истироҳат боғларида фаолият олиб борувчи маданият ходимлари иш тажрибаларини ҳам бу тавсияномага жалб этишга ҳаракат қилган.

Маданият ва истироҳат боғларида анъанавий халқ сайилларини ўтказиш бўйича тузилган бу тавсиянома номоддий маданий меросимизнинг бу қадимий дурдоналарини кенг оммалаштириш борасида амалга оширилаётган эзгу ишлардан бири бўлиб, муайян камчилик ва етишмовчиликдан холи бўлмаслиги табиийдир. Шунинг учун ҳам мазкур тавсияноманинг тузувчиси уни келгусида янада тўлдириш ва мукаммаллаштириш борасида изчил иш олиб боради, деган умиддаман.




Маматқул ЖЎРАЕВ,

Ўзбекистон Республикасида

хизмат кўрсатган маданият ходими,

филология фанлари доктори, профессор



Сайиллар халқ ҳаётининг энг яхши ва

гўзал томонларини акс эттирувчи кўзгудир

(ўзбек ҳалқ сайиллари)
Бугун биз тарихий бир даврда – халқимиз ўз олдига эзгу ва улуғ мақсадлар қўйиб, тинч-осойишта ҳаёт кечираётган, авваламбор, ўз куч ва имкониятларига таяниб, демократик давлат ва фуқаролик жамияти қуриш йўлида улкан натижаларни қўлга киритаётган бир замонда яшамоқдамиз.

Биз ўз тақдиримизни қўлимизга олиб, азалий қадриятларимизга суяниб, шу билан бирга, тараққий топган давлатлар тажрибасини ҳисобга олган ҳолда, мана шундай олижаноб интилишлар билан яшаётганимиз, халқимиз асрлар давомида орзиқиб кутган озод, эркин ва фаровон ҳаётни барпо этаётганимиз, бу йўлда эришаётган ютуқларимизни халқаро ҳамжамият тан олгани, бундай имкониятларнинг барчасини айнан мустақиллик берганини бугун ҳаммамиз чуқур англаймиз.

Ота-боболаримиздан бизга қолдирилган бой удум, урф-одат, расм-русум, анъана ва халқ сайилларини асраб-авайлаб, уни бугунги замондошларимиз бадиий-эстетик қарашлари билан узлуксиз равишда ижодий бойитиб бориш ёш авлод тарбиясининг етакчи омилларидан биридир.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 29.12.2010 йил


“2011 – 2015 йилларда маданият ва истироҳат боғларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш ва уларнинг фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирилари дастурини тасдиқлаш тўғрисида”ги 322-сонли қарорининг 21-бандида ҳам маданият ва истироҳат боғларида “Гул сайли”, “Қовун сайли”, “Узум сайли”, “Нон сайли”, “Қовоқ сайли”, “Палов сайли”, “Асал сайли” сингари сайилларни ўтказиш белгилаб ўтилган.

Мустақиллик шарофати билан урф-одат, маросим, халқ сайиллари ва байрамларнинг тарихий илдизи, уларнинг халқимиз маданий ҳаётидаги ўрни ўрганила бошланди, қадриятларимиз улуғланди. Бу борада эълон қилинган рисола ва мақолалар байрамларнинг айрим муаммоларини тадқиқ этишни тоқазо этади. Қадимги ва ҳозирги байрамларнинг пайдо бўлиши, тарихий ривожланиши, муаммолари ҳақида махсус монография, илмий-оммабоп рисолалар, дарслик ва ўқув қўлланмалар яратиш олимларимиз олдидаги шарафли вазифадир. Чунки халқ ўз Ватанида пайдо бўлган, аждодлари нишонлаб келган ва ҳозирги пайтда нишонланаётган байрамларнинг тарихи ва анъаналарини билмоғи керак. Бу, айниқса, зиёлилар, ўқитувчи ва талабалар, маданият ходимлари, байрам ва тадбирлар ташкилотчилари учун жуда зарур. Мазкур рисола мамлакатимизда байрамларга, халқ сайилларига бўлаётган катта эътибор ва эҳтиёж асносида тайёрланди.

Энг қадимги даврлардан байрамлар инсон ҳаётида муҳим аҳамиятга эга бўлган. Зеро, уларсиз инсоният ҳаётини мутлақо тасаввур қилиб бўлмайди.

Ўрта Осиё халқлари, жумладан, ўзбекларнинг ҳам энг қадимий даврлардан шакллана бошланган, авлоддан авлодга ўтиб, такомиллашиб, бебаҳо меросга айланган халқ сайиллари кўп. Сайиллар халқ хаётидан мустаҳкам ўрин олиб, бизнинг замонамизгача чуқур илдиз олиб келмоқда.

Азалдан меҳмондўст саналган ўзбек халқининг байрамлари бошқа эллар билан тарихий-маданий алоқалар жараёнида ривож топган ва бевосита уларнинг байрамларига таъсир этган ҳамда улар таъсирида бойиган. Ўзбек халқ сайилларининг энг диққатга сазовор томонларидан бири уларнинг табиат ва меҳнат билан боғлиқлигидир. Ўзбек халқ сайилларининг бир қатор қадриятлари мавсумий меҳнат фаолияти билан боғлиқ бўлган. Қадимдан аждодларимизнинг ҳар бир фаслга хос анъаналар тизими шаклланиб келган. Улар орасида эрта баҳорда – меҳнат мавсумига киришдан олдин, ёзда – ҳосил йиғиштиришдан аввал, кузда – ҳосил тўплангандан сўнг ва қишда – далалар “уйқуга кетиб” меҳнаткашларнинг бўш вақти кўпайиб, маданий дам олишга бўлган эҳтиёжи туфайли уюштириладиган одат, маросим, сайил, байрамлар халқ ҳаётида муҳим ҳодиса ҳисобланган. Асрлар давомида авлоддан авлодга ўтиб, анъанага айланган “Гул сайли”, “Қовун сайли”, “Узум сайли”, “Нон сайли”, “Қовоқ сайли”, “Палов сайли”, “Асал сайли” каби маросим ва байрамлар деҳқонлар ҳаёти, турмуши, мавсумий меҳнат жараёнида ва маънавий оламида муҳим роль ўйнаб, ёшларнинг экологик онгини шаклланишида табиат бойликларини қадрлаш, авайлаб-асраш, муайян йил фаслларида вужудга келадиган табиат гўзалликларидан завқланиш, меҳнатнинг қадрига етиш, инсонийликни улуғлаш каби вазифаларни бажаришда яхши хизмат қилган.

Маданият ва истироҳат боғларида халқимизнинг қадимий сайиллари ҳамда анъанавий байрамларини ўтказиш борасидаги амалий ишларни янада такомиллаштириш мақсадида тузилган мазкур “Тавсиянома”ни тайёрлашда номоддий маданий меросимиз дурдоналари таҳлилига доир илмий адабиётлар ва манбалардан ижодий фойдаланилди.


Гул сайли”

Маълумки, баҳор уйғониш фасли, табиатнинг янгиланиши, гул-чечакларнинг очилиш даври. Қадимда болалар аввало бойчечак, сўнг бинафша, қоқигул, толбаргак очилиб, япроқ ёзишини нишонлашган. Бу мавсумий байрамларда қизалоқлар толбарглар, қоқигуллардан чамбараклар ясашиб, бир-бирларининг бошларига кийдиришган. Қўлларига, енгларига тақишган. Улар бу билан табиат уйғонишини олқишлаган ҳолда, айни пайтда, гилам, сават тўқиш малакасини ҳам эгаллаб боришган. Қизчалар турли-туман лапар, тош, ип, ҳалинчак ўйинлари билан байрам кайфиятини янада хуш қилишган. Шақилдоқларни шақиллатиб, гул сайлини нишонлашда давом этганлар. Баҳор тугаб, ёз бошланиши билан турфа гуллар бутун борлиққа хушбўй ҳидларини тарата бошлаган. Ҳозирда ҳам кўпгина вилоятларимизда, айниқса, Наманганда гул байрамлари ўтказиш яхши анъана тусини олган.

Ҳар йили август ойи сўнгида Наманган шаҳридаги истироҳат боғида “Гул байрами” ўтказилади. Мазкур байрам илк марта ХХ асрнинг 60- йилларида ўтказилган. Унда ҳаваскор гулчилар маҳаллий нашрлар, радио, маданий-маърифий учрашувлар орқали шаҳар аҳолисини ҳовли ва кўчаларни чиройли гуллар билан безатишга чақирганлар.

Тезда Наманганни гуллар шаҳрига айлантирамиз шиори остида кенг кўламдаги ишлар бошланиб кетади. Намангандаги Бобур номли истироҳат боғида энг яхши гул етиштириш мусобақаси ўтказилиши эълон қилинган. 1961 йили унда 16 нафар гулчилар иштирок этади. Ҳозирда яхши бир анъанага айланган мазкур байрам кунлари (августнинг иккинчи ярмида – шанба ва якшанба кунлари) истироҳат боғида гулчиларнинг фотокўргазмалари ташкил этилади, ҳаваскор гулчиларга маслаҳат берувчи навбатчи мутахассис гулчилар таклиф қилинади. Истироҳат боғида мусиқа янграйди, аттракцион ўйинлар ишлайди, машҳур шоирлар чиқиш қиладилар. Гулчиларнинг кўргазмалари намойиш этилиб, мусобақа сўнгида улар ҳакамлар томонидан баҳоланади. Байрам бозорлари ташкил этилади. Мазкур байрам вилоят, водий, ҳатто Республика аҳолиси томонидан узоқ вақт кутилувчи байрамлардан ҳисобланади.



Бойчечак сайли1
Бойчечак сайли бу эрта кўкламда адирларда, тоғ ва далаларда қор эриши билан бойчечак униб чиққанда болалар ана шу гулларни териб олиб уйма-уй олиб юришлари удумидир. Мамлакатимиз ҳудудида анъанавий тарзда ўтказилиб келинган гул сайилларининг энг қадимийси ва кенг тарқалгани “Бойчечак сайли” ёки “Бойчечак хабари” маросими ҳисобланади. Зарафшон дарёси соҳилида истиқомат қилувчи аҳоли ҳар йили эрта кўкламда илк бойчечаклар очилиши биланоқ “Бойчечак гулгардони” номли анъанавий сайилни ўтказиш учун дала-қирларга ошиқишган.

ХХ асрнинг 20-йилларида Зарафшон воҳаси бўйлаб ўтказилган этнографик экспедиция қатнашчиси О.А.Сухарева Самарқанд шаҳри яқинидаги қишлоқлардан бирида бойчечак билан боғлиқ маросимни кузатишга муваффақ бўлган. Унинг ёзишича, “бойчечак чиққанлигининг илк даракчилари болалар ҳисобланган. Одатда, ўғил болалар тўп-тўп бўлишиб далага чиқишади ва қор кетган ўнгирларда очилиб ётган бойчечакларни теришади. Улар баҳор нафаси уфуриб турган бойчечаклардан жажжигина гулдаста ясашиб, қишлоққа қайтиб келишади ва бойчечак қўшиғини куйлаганча уйма-уй кириб чиқишади. Кексалар, касалманд кишилар бойчечакни кўзларига суртишиб, болаларга нон, қанд, ширинлик ҳадя этадилар” (Сухарева О.А. Праздневств цветов у равнинных таджиков (конец XIX – нач. XX вв.) // Древние обряды, верования и культы народов Средней Азии. – М.: Наука, 1986. - С.31-32).

“Бойчечак сайли” ёки “Бойчечак хабари” маросими қадимдан наврўз олди шодиёналаридан бири сифатида ўтказиб келинган. Баъзи жойларда болалар бир даста бойчечакни узун ходанинг учига боғлаб олганлар ва уни кўтариб қишлоқ айланганлар. Бойчечак чиққанлиги қиш-қировли кунлар ортда қолиб, кўклам яқинлашганлигини англатган. Шунинг учун кекса ва касал одамлар болалар олиб келган бойчечакни юз-кўзларига суртиб, ундан яқинлашаётган баҳор ҳидини туйганлар. Соғ-омон Наврўзга етиб келганликларига шукрона айтиб, “Омонлик, омонлик, ҳеч кўрмайлик ёмонлик, янаги йил шу кунларга эсон-омон етайлик! Оғирлик ерга, енгиллигим ўзимга”, деганлар.

ХХ асрнинг бошида Тошкент шаҳрининг Бешёғоч даҳасида бойчечак очилиши бамисоли байрамга айланиб кетган. Болалар 8 – 10 нафар бўлиб, бойчечак теришган ва кўчама-кўча юриб, ёши улуғ кишилар ва кўпдан буён бетоб бўлиб ётган маҳалладошларига бойчечак олиб боришган. Бойчечак кўтарган болалар ҳар бир уй олдига келганда:

Бойчечагим бойланди,

Қозон тўла айронди,

Айронингдан бермасанг,

Қозон-товоғинг вайрондир.

Қаттиқ ердан қазилиб чиққан бойчечак,

Юмшоқ ердан юмалаб чиққан бойчечак.


Бойчечакни тутдилар,

Тут ёғочга осдилар,

Қилич билан чопдилар,

Бахмал билан ёпдилар.

Қаттиқ ердан қазилиб чиққан бойчечак,

Юмшоқ ердан юмалаб чиққан бойчечак, –

деб қўшиқ айтганлар. Мабодо уй эгаси бирор юмуш билан банд бўлиб, ҳадеганда “бойчечакчи”лар ҳузурига чиқавермаса, болалар:

Овратманг, овратманг,

Болаларни жовратманг! –

дейишган (Пещерева Е.М. Праздник тюльпана (лола) в селе Исфара Кокандского уезда // Сборник В.В.Бартольду. – Ташкент, 1927. – С.92).

Тошкент вилоятининг тоғ олди қишлоқларида эса “Бойчечак сайли” ўзига хос тарзда ўтказилган. Фольклоршунос Ш.Галиевнинг маълумотларига

кўра, даста-даста бойчечак териб олган болалар тўп-тўп бўлишиб қишлоқ айланишган ва ҳар бир хонадон эшиги олдига борганда:

Адирлар тўла чечак,

Биз келдик уча-уча,

Бойчечагим, бойчечак,

Кутиб олинг, ҳой чеча, –

деб қўшиқ айтганлар. Уй эгалари эса, болалар олиб келган садафдек оппоқ бойчечакларни юз-кўзларига суртиб, тавоф қилганлар ва “Омонлик, омонлик, илоҳим ҳеч кўрмайлик ёмонлик!” – деб болаларни алқаганлар. Ҳар бир хонадон соҳиби бойчечак хабарини келтирган болакайларни бирорта тансиқ ширинлик билан сийлашга ҳаракат қилган. Бундан хурсанд бўлган болалар:

Бойчечак келтирдик эшигингизга,

Худойим ўғил берсин бешигингизга, –

деб қўшиқ айтиб, бошқа хонадон сари отланганлар. Баъзи болалар эса, уй эгасининг фарзанди ўғил бўлишига истак билдириб, қуйидаги қўшиқни ҳам куйлашган:

Ҳурли бўлинг, ҳурли бўлинг,

Бойчечакдай гулли бўлинг,

Келаси йил шу маҳал

Қўш кокилли ўғилли бўлинг! (Галиев Ш. Ўзбек болалар ўйин фольклори. – Тошкент: Фан, 1998. – Б.73-74).

Ўтган асрнинг 20-йилларида маросим фольклори ва халқ ўйинларига доир материалларни тўплаш мақсадида Тошкент вилояти бўйлаб фольклор экспедициясида бўлган Э.М.Пешчерева Бурчмуллада болалар томонидан “Бойчечак сайли”да айтиладиган қуйидаги қўшиқни ёзиб олган:

Олатой, булатой,

Мен сени йўрғалатай,

Йўрға отим ўлибди,

Гўштини кимга сотай?

Банди, бандига сотай,

Банди кетарман бўпти,

Хотин оларман бўпти,

Хотинининг кучи йўқ,

Чачвонининг учи йўқ,

Ошиқ ўйнар ўғли йўқ,

Кашта тикар қизи йўқ (Пещерева Е.М. Праздник тюльпана (лола) в селе Исфара Кокандского уезда // Сборник В.В.Бартольду. – Ташкент, 1927. – С.93).

Ушбу матн ҳам қадимда “Бойчечак сайли” удумининг ўзига хос қўшиқлари ва расм-русумлари мавжуд бўлганлигини кўрсатади.

Самарқанд вилоятининг Булунғур туманидаги Қорақурсоқ қишлоғида истиқомат қилувчи Ҳазратқул Муҳаммадқуловнинг айтишича, одатда далвнинг 2-3 куни “қантар оғади”, яъни ер тагига иссиқ киради. Қантар оғгандан кейин қори кетган беткайларда бойчечак кўрина бошлайди. Бойчечакнинг очилиш даври эса асосан ҳут ойига тўғри келади. Бу баҳорий чечак очилганда болаларнинг “Бойчечак” қўшиғини айтиш одати мавжуд бўлган. Айтишларича, бойчечак чиққанда “бултурги одамлар бу йил ҳам бор экан”, дер эмиш. Шунинг учун болалар бойчечакдан даста-даста териб, қишлоқдаги ҳамма одамларга тарқатиб чиқишган.



Ялпиз териш – ариқ бўйларидан, сойлар қирғоғидан ялпиз териб, дам олиш. Ундан ҳар хил таомлар тайёрлашган (сомса, чучвара ва бошқалар...). Бу маросим 3 қисмдан: ялпиз териш, дам олиш ва таом тайёрлашдан иборат бўлган.

Баҳорнинг илк гиёҳларидан бўлмиш ялпиз, отқулоқ, исмалоқлардан теришиб, улардан сомса, чучвара каби таомлар тайёрлашиб, ўзаро баҳам кўришган, суҳбат қуришган. Улардан тайёрланган пишириқларни қарияларга, беморларга элтиб, улар ҳолидан хабар олиш савоб иш ҳисобланган.



Чучмома сайли – эрта баҳорда болаларнинг далаларга чиқишиб, чучмома териши илк баҳор кунларидаги муҳим маросимлардан бири ҳисобланади. Болалар чучмома билан биргаликда бошқа гуллардан ҳам териб, табиат қўйнида ўйин-кулги қилишиб, дам олишган. Чучмоманинг оқиш томири мазали бўлиб, болалар сақич каби уни чайнашган. Турли витаминларга бой мазасидан баҳраманд бўлишган. Ота-оналарига, опа-сингилларига совға қилишган.

Наврўз – йил боши сайли
Аждодларимиз қадим замонларда, ислом динидан олдин Қуёш тақвимини жорий этишган, унда ҳар йил 12 ой, яъни 365 кун белгиланган. Наврўз байрами халқимизнинг энг қадимий ва муқаддас байрамларидан бўлиб, табиатнинг баҳор фаслида қайта жонланишини, узун қора тунлар ўрнини узун ёруғ кунлар эгаллашини ифодалайди.

Наврўз байрами мамлакатимизнинг ёшу кекса фуқароларининг, уларнинг жинси, ирқи ва эътиқодидан қатъи назар, барча қатламларга мансуб кишиларнинг шоду хуррамлик қилишидир.

Наврўз байрамини халқимизнинг асрий тажрибалари, хусусан, мустақиллик йилларида бу байрамни ўтказишда тўпланган тажрибалар асосида умумхалқ шодиёнаси тарзида ўтказиш мақсадга мувофиқдир. Байрамнинг асосий тадбири – сайил-томошани дам олиш куни (байрам куни) сифатида белгиланган 21 Март ёки баҳорнинг келиши (об-ҳаво)га қараб бир ой мобайнида ўтказиш мумкин. Чунки қадимдан ушбу байрам ҳафталаб, ҳатто бутун ой давомида ўтказиб келинган.

Табиатда тун ва куннинг тенг бўлиши, баҳорнинг кириб келиши, далаларда иш бошланишидан дарак берувчи, халқ томонидан кенг нишонланувчи Наврўз байрамининг кейинги қисми оммавий сайиллар, халқ ўйинлари, спорт мусобақаларига (кураш, отчопар ўйинлар, шахмат-шашка кабиларга) уланиб кетади.

Ўзбекистоннинг турли туманларида ўтказилган Наврўз байрами тантаналарида турли анъаналар, ўзига хос хусусиятлар борлиги кўзга ташланади. Аммо барча жойда айни шу байрамга хос умумий жиҳатлар мавжуд:


  1. Наврўз байрамининг тантанали очилиш маросими ва катта байрам томошаси.

  2. Халқ сайли: кўриклар, мусобақалар, томошалар ва ҳоказо.

  3. Наврўз байрами кўрик мусобақалари ғолибларини тақдирлаш маросими.

Наврўзни тиклаш жараёнида уни ташкил қилиш тажрибаси ҳам вужудга келди. Байрамга тайёргарлик кўришдан олдин ташкилий қўмита тузилади, унинг бевосита ташкилий ишларини олиб бориш жараёнида қишлоқлар, шаҳар мавзелари, маҳаллалар ва кўчалари, тураржойлар, уйлар, ҳовлилар ўртасида ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш бўйича танлов ўтказилади.

Наврўз гўзаллик, табиат ва меҳнат байрами бўлгани учун очиқ ҳавода, табиат қўйнида, яъни маданият ва истироҳат боғлари, йирик майдонлар, стадионлар, отчопарлар, дам олиш зоналари, сайилгоҳларда ўтказилади. Маданият ва истироҳат боғлари байрамона безатилади. Эрта тонгдан байроқлар, шиорлар ва гуллар билан безатилган бир неча очиқ машина кўчалар бўйлаб юра бошлайди. Биринчи машинада карнай- сурнай садолари янграб, у катта халқ байрами бошланиши ҳақида “хабар” бериб боради. Иккинчи машинада Наврўз маликаси – “Баҳорхоним”, байрамнинг рамзий қаҳрамонлари: “Наврўзбобо” (ёки “Бободеҳқон”), “Момоёр”, “Пахтаой”, “Ҳосилжон” ва байрам руҳига мос либослар кийган ёш йигит-қизлар аҳолини байрам билан олқишлаб борадилар. Уларнинг кўчалардан бу тарзда тантанали ўтиши ўлкага баҳор келгани ва янги ҳосил мавсуми бошланишидан дарак беради. Учинчидан эса машинада меҳнат илғорлари, фахрийлар, бадиий ҳаваскорлик жамоалари қатнашчилари, байрамона кийинган йигит- қизлар барчани баҳор билан қутлаб ўтадилар. Кичик аҳоли пунктларида байрам сайри машиналарсиз, пиёда, ўзига хос намойиш шаклида ўтади. Сўнг байрам мушоираси ўтказилиб, унда аввал шарқ ва ўзбек мумтоз шоирларининг Наврўзга, баҳорга бағишланган шеърлари янграйди. Кейин маҳаллий шоирлар ўзларининг табиат, баҳор байрамлари, меҳнат тўғрисидаги шеърларини ўқишади. Мушоира куй-қўшиқларга уланиб кетади. “Баҳорхоним” даврага Бободеҳқон ва “Момоёрни”ни таклиф этади. Улар барчани байрам билан табриклаб, яхши тилаклар билдиришади. “Наврўз табассуми” эпизодида Насриддин Афанди ва қизиқчилар латифа айтиб, аския қилишади. Сўнг “Баҳорхоним” ўз истакларини қўйидагича билдиради: “Наврўз байрами янги баҳорни кутиб олиш билан бирга табиат гўзалликларини эъзозлаш, сақлаш, бойитиш, уларни тараннум этиш байрами ҳамдир. Истардикки, мана шу маросимда ҳозир бўлган ҳар бир инсон она табиатимизни авайлаб-асраш ишига ўзининг муносиб ҳиссасини қўшса, ҳар бир инсон ўзидан боғ қолдирса. Ана шунда юртимиз янада кўркамлашиб, боғ-роғлар ўлкасига айланади”.


следующая страница>


Ўзбекистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари вазирлиги Республика халқ ижодиёти ва маданий-маърифий ишлар илмий-методик маркази маданият ва истироҳат боғларида халқ сайилларини ташкил этиш

Халқ сайилларини ташкил қилувчи ва ўтказувчи мутасадди мутахассислар учун мўлжалланган

410.93kb.

12 10 2014
3 стр.


Эндокринология илмий текшириш институти

Илмий тадқиқот Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни Сақлаш Вазирлиги Эндокринология Илмий-Текшириш Институтида бажарилган

340.5kb.

09 10 2014
1 стр.


Ўзбекистон республикаси адлия вазирлиги томонидан рўйхатга олинган 25. 08. 2011 й. N 2258

Республикаси єонун іужжатлари тўплами, 2009 й., 34-сон, 370-модда бажариш маєсадида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маікамаси іузуридаги Фан ва технологияларни ривожлантиришни мув

62.05kb.

17 12 2014
1 стр.


Илмий-амалий маркази

Збекистон республикаси президенти ҳузуридаги давлат ва жамият қурилиши академияси

979.82kb.

09 09 2014
5 стр.


Ўзбекистон республикаси адлия вазирлиги томонидан рўйхатга олинган 28. 03. 2011 й. N 2139-1

Республикаси єонун іужжатлари тўплами, 2010 йил, 35-36-сон, 309-модда билан тасдиєланган "Ноширлик ва матбаа корхоналари томонидан Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси іузуридаги "Ижод" фо

272.81kb.

09 10 2014
1 стр.


2009 йил 24 апрелдаги 48, 71, 5-сонли єарорлари билан тасдиєланган

Жамјарма фаєат илмий-амалий тадєиєотлар ва инновацион технологиялар ютуєларидан фойдаланган іолда, товар (ишлар, хизматлар) ишлаб чиєариш жараёнини модернизация єилаётган хўжалик ю

56.67kb.

15 10 2014
1 стр.


Мамлекеттик билим берүү гранттарына талапкер болгон абитуриенттерге жалпы республикалык тест жүргүзүүнү уюштуруу жөнүндө Кыргыз Республикасынын Жогорку Кеңешинин Билим берүү, илим, маданият жана спорт боюнча комитетинин чечими

Кыргыз Республикасынын Жогорку Кеңешинин Билим берүү, илим, маданият жана спорт боюнча комитети Мамлекеттик билим берүү гранттарына талапкер болгон абитуриенттерге жалпы республика

75.01kb.

25 12 2014
1 стр.


Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 20 йиллигига бағишланган услубий тавсиянома Тошкент 2011 Тузувчи

Илмий-услубиёт ва мактаб ахборот ресурс марказлари мутахассисларини малакасини ошириш бўлими

175.07kb.

09 09 2014
1 стр.