Перейти на главную страницу
Тошкент муҳим географик ўринда – Шарқ ва Ғарб мамлакатлари билан савдо- сотиқ йўлида жойлашганлиги туфайли бу ерга узлуксиз савдо карвонлари келиб- кетиб турган. Бу эса шаҳарни етти иқлим билан туташган масканга айлантирган.
Ўрта Осиёдаги бошқа шаҳарлар каби, Тошкент ҳам Х асрда баланд мудофаа деворлари билан ўраб олинган. Маълумки, шаҳар қадимда бирор режа асосида қурилмаган. У табиий равишда бозор атрофидан ҳар томонга кенгая борган. Шаҳар ўсган сари деворлар сурилиб, катта йўлларга туташган жойларда янги дарвозалар қурилиб, уларнинг сони ҳам орта борган. Шунингдек, айрим дарвозалар номи ҳам ўзгариб борган. Ҳар бир дарвозадан ташқарида қабристон бўлган. Албатта, бунинг ўз рамзий маъноси бўлган. Шаҳарга кирган ва чиққан кишиларнинг қалбида қабристонни кўриб, ёвузлик ўрнига яхшилик ҳисси уйғонган.
Шаҳардаги мавжуд қабристонлар шаҳар дарвозасидан ташқарида жойлашганлиги, шаҳарнинг чегарасини аниқлаб беради. Жумладан, ҳозирги кунда шаҳарнинг марказий қисмига тўғри келиб қолган Шайхонтоҳур зиёратгоҳи (қабристони) ўрта асрларда шаҳарнинг шарқий дарвозасидан ташқарида жойлашган. Археологик текширувлар бу жойларда боғ –роғлар бўлганлигидан далолат беради.
Ҳозирги Пахтакор стадиони ва А. Навоий номидаги санъат саройи ўрнида 1956 йилгача Қорёғди номли маҳалла бўларди. Х–Х1 асрда шаҳар ташқарисида вужудга келган бу турар жой «қариядеҳ» яъни қишлоқ деб аталган. XVI– асрнинг иккинчи ярмида маҳалла cифатида шаҳар таркибига кирган. Шаҳар таркибига киргач «қарядех» қорёғди кўринишини олганди. Х1Х асрнинг ўрталарида, яъни Қўқон хонлиги даврида хоннинг Тошкентдаги ноиби Бекларбеги томонидан Тошкент мудофаа деворлари ва дарвозалари таъмирланади, Шунингдек, қўшимча мудофаа деворлари қурилиб, янги дарвозалар ўрнатилади. Бу пайт дарвозалар сони «Тешикқофқа» ва «Янги маҳалла» каби ўтиш жойларидан ташқари ўн иккитага етади. Булар Лабзак, Тахтапул, Қорасарой, Сағбон, Чиғатой, Кўкча, Самарқанд, Камолон, Бешёғоч, Қўймас, Қўқон, Қашқар каби дарвозалари бўлган. Булардан Лабзак, Қашқар, Қўқон, Қўймас каби дарвозалар Шарқ томондан кейинчалик шаҳарга қўшиб олинган қисмига қурилган, айримларнинг ўрни сурилган. Ўрни сурилиши муносабати билан номлари ҳам ўзгарган. Шаҳар дарвозалари қоронғи тушиши билан ёпилган ва эрталаб тонг саҳарда очилгунга қадар ҳеч ким шаҳарга киритилмаган, ҳеч ким шаҳардан чиқиб ҳам кетолмаган. Дарвозахоналар устида махсус қоровулхоналар ва дўмбиралар сақланадиган хоналар ҳам бўлиб, хавф-хатар сезилганда дўмбиралар чалиниб халойиқ огоҳлантирилган. Ҳар бир дарвозада шаҳарга кирувчи ва чиқувчи карвонларни қайд қилиб турувчи божхона бўлган. Дарвозалар олдида амалдорларни кутиб олиш маросимлари ҳам бўлиб турган.
Дарвозалар одатда арча, қайрағоч дарахтлари ёғочидан ясалиб, усти темир ҳошия билан қопланган, турли зулфинлари бадиий нақшлар билан безатилган. Дарвозаларнинг юқори қисми кўпинча панжарали бўлган. Шаҳар, қалъа, сарой кабиларнинг дарвозаларини махсус дарвазабонлар қўриқлаб турган.
1865 йилда Россия томонидан Тошкент босиб олингач, Черняев бу “Таликоймас” тепалигини тўрт тарафидан девор олдириб, қўрғон қурдирган. Эл оғзида бу жой Тупроққўрғон номи билан қолган. Бу қўрғоннинг тўплари Эскишаҳарга қаратилган бўлиб, шаҳарнинг руслар яшайдиган қисмини мудофаа қилиб турган. 1867 йилдан 1883 йилгача бу қўрғондан ҳар куни соат 12.00 да тўплар отилиб, гуё маҳаллий халқни даҳшатга солиб турган. Маҳаллий халқда “Тўпотар” ибораси шундан келиб чиққан.
Тошкент тарихида юқорида номлари келтирилган шаҳарнинг 12 дарвозасидан ташқари Наршахий ва Макдусий каби қадимий тарихчиларнинг асарларидан ўрин олган қадимий Тошкент ўрдасининг икки дарвозаси ва шаҳристонининг Абул Аббос, Каср (Кеш), Гумбаз (Жунай) номлари билан келган уч дарвозаси бўлиб, булар ҳозирги Эскижўва бозори, Зарқайнар, А. Навоий ва Чорсу кўчалари оралиғида бўлган. Бу дарвозаларнинг баъзилари тахминан ҳозирги А. Хидоятов номли театр ва Кўкалдош мадрасасининг орқа томонида бўлган. Шунингдек, ҳозирги А. Навоий ( илгариги номи Шайхонтоҳур) кўчасидан Шайхонтоҳур зиёратгоҳига киришдаги машҳур Шайхонтоҳур дарвозаси бўлган. Дарвоза ўтган асрнинг 40– йиллирида Навоий кўчасини кенгайтирилиши муносабати билан буздириб юборилган.
Тошкент Буюк Ипак йўлида жойлашган Ўрта Осиёнинг қадимий, сиёсий, иқтисодий, маданий ва маърифий марказларидан бири бўлган. Шаҳар муҳим географик ўринда – Шарқ ва Ғарб мамлакатлари билан савдо-сотиқ йўлида жойлашганлиги сабабли, бу ерга ҳар йили юзлаб савдо карвонлари келиб турган.
Тошкентни истило қилишда қатнашган рус рассоми В. Верешчагиннинг ёзишича, «Мен кўрган Шарқ шаҳарларининг ҳеч бирини кенглиги жиҳатидан Tошкентликларнинг бозорига тенглаштириб бўлмайди. Ундаги дўконлар кичкина бўлсада, сон-саноқсиз. Айтиш қийин, Тошкентда дўкондорлик ҳунари билан шуғулланмайдиган бирон-бир киши бормикан? Тушда бозор роса қизийди, савдо ишлари янада жонланади, одам жуда тиқилинч бўлиб кетади, кўчаларда эшак, от ва туяларнинг кўплигидан юриш қийинлашади….»
“Умуман савдо масаласига келсак,” – деб ёзади Верешчагин “Тошкентнинг рақиби йўқ. У Ўрта Осиёнинг асосий савдо йўли устида жойлашган бўлиб, Бухоро ва Қўқондан Россияга ва аксинча ўтадиган карвонлар тўхтаб ўтадиган шаҳардир.”
1813 йили Тошкентда бўлган элчи Филипп Назаров эса шаҳарни турли мамлакатлардан тинмай карвонлар келиб-кетадиган йирик савдо пункти деб таърифлайди.
Рус тарихчиси В. Масалский Эскишаҳар бозорининг 1908-1910 йиллардаги кўринишини қуйидагича тасвирлайди. Бир қисми тимдан иборат бозорда 4500 та дўкон, чойхона, ошхона, устахона ва карвонсарой борки, улар бозор кунлари ниҳоятда тиқилинч бўлади. Бозорга туташган кўчалар ва бозорнинг ўзи шаҳарликлар, даладан келган деҳқонлар, туя карвонлари, отлиқлар, аравалар билан шу қадар тўлиб кетганки, юришга илож бўлмай қолади. Аллофу қандолатчи, каллапазу кабоппаз, баззозу сомсапаз, мисгару чилангар, новвой-ю ҳолвафурушларнинг бақириқ чақириғи, гадоларнинг хайру садақа тилаши, қаландару маддоҳларнинг қироатли ўқишлари, туяларнинг бўкириши-ю, эшакларнинг ҳанграши аралаш-қуралаш бўлиб кетадида, бу маҳобатли гулдирос бозордан олис-олисларгача эшитилиб туради.
Бозор фақат савдо-сотиқ билан хизмат қилибгина қолмай, шаҳар халқи ҳордиқ чиқарадиган жой ҳам эди. Шаҳар ҳокимининг турли фармонлари масжидларда маълум қилингандан ташқари, яна бозорда жарчилар томонидан эълон қилинарди. Ўрта Осиёнинг бошқа йирик шаҳарларида бўлгани каби бу ерда ҳам, ҳайит ва рўза кунлари бозоршаб (кечки бозор) ўтарди. Бозоршабда шаҳарнинг марказий кўчаларидан бири, ёки майдони безатилиб, кўчанинг икки четидаги чойхона ва дўконлар олдига чорпоялар қўйилиб, ҳар хил мева-чева, озиқ-овқатлар сотилган. Карнай-сурнай ва ноғоралар чалиниб, махсус жарчилар одамларни бозоршабга чорлаб турган. Бир томонда дорбозлар, масхарабозлик ва кўғирчоқбозлик, бир томонда кураш ва ўргатилган ҳайвонлар томошаси бўлиб турган. Чойхоналарда созанда, хонанда, аскиячи, қизиқчи ва раққослар ўз ҳунарларини намойиш қилганлар.
ХIХ асрнинг ўрталарида Россия ва бошқа Европа савдогарларининг Тошкент бозорига интилиши натижасида Эскижўва бозори янада гавжумлашади. Натижада, турли савдо фирмалари бу бозорда ўз идора ва магазинларини қурадилар. Жумладан, савдогар Яушевларнинг Маҳсидўзлик кўчасидаги маҳаллий фирмаси ва улар билан иш олиб борган (2005 йилда бузилиб кетган) Эмиль Цинделнинг газлама фирмасининг идораси учун қурилган биноси кабилар. Бино кейинчалик халқ орасида «Синдел дом» номи билан машҳур топган. 1928 йилда «Циндел» фирмаси жойлашган бинода «Ёш томошабинлар театри» ташкил қилинди.
Шунигдек, Эскижўва бозори ҳудудида Граховский, Никифров, Захо, Ю.Давидов ва Шамси Асатулла ўғилларининг турли маҳсулотлар билан савдо қилувчи магазинлари ва идоралари ўз ишларини бошлайди. Эскижўва бозори даврига қараб турли номлар билан аталган. Қуйида ана шу Эскижўва бозорининг турли даврдаги номларини изоҳлашга ҳаракат қиламиз:
Регистон (форсча) – Ўрта Шарқ шаҳарларидаги майдон. Туркийда қумлоқ маъносини англатади. Номига кўра бу бозорнинг дастлабки номи. Чунки Ўрта Осиёда одатда бозорлар унумсиз қумлоқ ва тошлоқ жойларда ташкил қилинган. Лабзак ёки Жангоб ариғининг ҳозирги бозор марказидан ўтадиган жойлар пастлик ва тошлоқ жойлар бўлган. Шунингдек, Ўрта Осиё шаҳарларида марказий майдонлар Регистон деб юритилган. Бу бозор ҳақида X аср тарихчиси Макдусийнинг ёзишича, “Тошкентдан бошқа шаҳарларга темир буюмлар, эгар-жабдуқлар ва бошқа ҳунармандлик маҳсулотлари олиб кетиларди, Тошкент камонлари ва нафис идиш-товоқлари билан шуҳрат қозонган эди.
Қўшбозор. ХV-ХVI асрларда шаҳар ҳудуди ҳозирги Ўрда ва Бешёғоч томон кенгайиб боради. Бинкат номи билан келган Тошкентнинг шаҳристони нураб борарди. Натижада, ўз даври талабларига жавоб бера оладиган янги хон ўрдаси ва шаҳристони ҳозирги Қоратош ва Олмазор маҳаллалари ўрнида қурилади. Бўшаб қолган эски ўрда ва шаҳристон ўрнида янги бозор вужудга кела бошлайди. Янги бозорда кулоллар, мисгарлар, тақачилар, тўқимачилар каби қатор устахоналар жойлашиб, Регистон бозори билан параллел равишда савдо-сотиқ ишларини давом эттира бошлайди. Бу ҳар икки бозор қўшилиб, бир қанча муддат Қўшбозор номи билан атала бошланган.
Чорсу – дастлаб Бешёғоч даҳасининг қадимий маҳаллаларидан бири бўлган. Маҳалла сифатида XI асрда вужудга келган. Унга шаҳарнинг асосий дарвозаларидан йўллар келиб туташган.
Ўрта аср шарқ шаҳарларида 2 йирик кўча кесишган жой – Чорсу дейилган. Бундай жойларда одатда савдо расталари, косибларнинг дўконлари жойлашган. Табиийки, бозор билан чегарадош бўлган бу маҳалла ўз-ўзидан Регистон бозорига қўшилиб кетган. Қадимий манбаларда Човурсук (тўрт томонлама), Чорсук, Чорбозор кўринишларида ҳам учрайди. Суқ сўзи арабчада бозор маъносини англатган. Кейинчалик оғзаки сўлашувда Чорсу шаклини олган.
Проф. Х.Х. Хасанов “Эскижўва” – маҳалла номи, ҳарбий аслахалар омбори (жўвахона) бўлганидан бу жой шундай ном олган дейди. Хақиқатан ҳам жиба “совут” деган сўз. (С.Қораев).
Қадимшунос олима В.А. Булатова эса таниқли олима О.Смирнова асарларида “эски” – сўзи сўғд тилида “баланд” деган маънони англатишини учратиб қолганлигини ёзади. Бу термин қадимий Тошкентга жуда мос деган хулосага келиб, Эскижўва – “баланд бозор” дегани дейди ва исботи тариқасида “Тошкент” етти сой ва етти тепаликдан қад кўтарган, деган афсонани келтиради.
ХVI асрда Тошкентнинг ўрдаси эски шаҳар қисмидан Бешёғоч тарафга кўчирилди. Табиийки, унинг қурол-аслаҳа сақлайдиган омбори ҳам янги жойга кўчирилади. Эски омборхона эса эски жиба, яъни эски омборхона номида қолади. Вақтлар ўтиши билан жиба, жўва кўринишини олиб Эскижўва деб атала бошланган.
Айрим қадимшуносларнинг фикрича, ХIХ асрнинг 80 - йилларида Ўрта Осиё аёлларидан биринчи бўлиб «додхо» унвонини олган, «Олой маликаси» номи билан машҳур бўлган, Олой вилоятининг ҳокими Қурбонжон додхо ўз ўғиллари билан мустақилликка эришиш мақсадида «Пўлатхон» қўзғолони иштирокчилари томонига ўтади. 1876 йил 25 апрелда М.Д. Скобелев қўшинига кучли зарба берган, бироқ, кейинчалик хоинлик натижасида мағлубиятга учраган. Одамларининг айримлари асирга тушган, айримлари турли томонларга қочишга мажбур бўлган. Шуларнинг бир қисми ҳозирги Тошкентнинг Олой бозори ҳудудидан манзил топган ва савдо-сотиқ билан шуғулланишган. Бозорнинг Олой деб номланиши шундан.
Аммо, айрим ҳаваскор атамашунослар матбуот саҳифаларида эълон қилинган мақолаларида келтиришларича – Олой сўзи Алоэ ўсимлиги номидан келиб чиққан дейишади. Айтишларича, бир вақтлар бу ерда алоэ ўсимлиги билан савдо қилишган. Шу сабаб бўлса керак, Олой бозори, яъни “Алайский рынок” бўлиб кетган, – деган фикрни билдирадилар.
Пиёнбозор – 1866 йилда ўша даврдаги шаҳарнинг руслар яшайдиган қисми чеккасида Якшанба бозор (Воскресенскый базар) очилади. Савдонинг асосий қисмини спиртли ичимликлар билан савдо қилувчи дўконлар, майхоналар ташкил қилган. Маҳаллий аҳолининг айрим бойваччалари, бу жойга келиб кайфу сафо қилиб туришган. Маҳаллий халқ ибораси билан Пиён бозор деб номланиши шундан. Бозор 1930 йилгача мавжуд бўлган. Кейинчалик бу ҳудудда Алишер Навоий номли театр қурилган. 1947 йилдан бу ҳудуд Театр майдони номи билан атала бошланган.
Қаймоқбозор – Эскижўва бозоридан кейинги энг катта бозор ҳисобланган. Тoшкент ҳокими Юнусхўжа ҳукмронлиги даврида қурилган ва 1810 йилда Қўқон хонлиги босқини даврида вайронага айлантирилган Кичик ўрда деб номланувчи ўрда вайроналари тепалиги ўрнида бўлган. Шайхонтоҳур дарвозасига яқин бўлган. Асосий савдоси чорва маҳсулотлари бўлган. Бозорнинг «Қаймоқбозор» деб номланиши шундан. Бозор таҳминан Шайхонтохур, А.Навоий, А.Қодирий ва Анҳор канали оралиғида бўлган.
Афсоналарда айтилишича – Тошкент етти сой ва етти тепалик бор жойда қад кўтарган. Кўпинча афсона ва ривоятлар мазмунида рационал маъно ва халқ фантазиясининг реал асослари ҳам ётади. Ҳар ҳолда Тошкент Ўрта Осиёдаги бошқа шаҳарларга қараганда сувга сероб ва боғ-роғларга бурканган шаҳар бўлган. Халқимиз суғориш маданиятида усталик даражасига эришган. Бу борада бундан 1200 йил бурун Нил дарёси сувини ўлчайдиган «Миқёс-ул-жадид»ни яратиб, минг йиллар давомида мисрликлар ечолмаган муаммони ечиб берган Аҳмад ал-Фарғоний билан фахрлансак арзийди.
Тошкентда суғориш шохобчалари яхши йўлга қўйилганлигини кўпчилик ёши улуғларимиз яхши биладилар: шаҳарда оқар сувли ҳовузсиз маҳалла ёки гузар бўлмаган. Бу ҳовузлар сув таъминотини яхшилаш билан бирга жазирама ёз чиллаларида шаҳар ҳароратини яхшилаб турган. Маълумотларга қараганда шаҳарда 500 дан ортиқроқ ҳовуз бўлган. Баъзи ҳовузларнинг номи ҳамон эслатиб турилади. Катта ҳовуз, Ҳовузбоғ, Лангар ҳовуз ва бошқалар. Нисбатан баландликка жойлашган маҳаллаларга ҳам физика фанидаги туташ идишларда сув сатҳи бир текисликка кўтарилади, деган қонун бўйича кўтарма ва қайнама деган сув иншоотлари ўтказилган ёки чархпалак сув узатгичи ўрнатилган. Ҳар бир тошкентлик, ёшу қари сувни муқаддас билиб, унга туфламаслик, ҳовли ёки кўча супурилганда эҳтиётлик билан ариқ томондан бошлашган. Сувга нисбатан бундай ҳурмат ва фойдаланиш усулларига лол қолган дўсту душманларимиз ўзларидан қолдирган хотира ёки асарларида тан бериб эътироф этишган. Жумладан, А. Добромислов 1912 йилда ёзган «Ташкент в прошлом и в настоящем» асарида кўп нарсада жумладан, суғориш системасида ўз ҳайратини яшира олмаган.
Қадимшунос олим академик Яҳё Ғуломовнинг ташаббуси билан 1966 йилда ташкил қилинган Тошкент археологик гуруҳининг тадқиқотларига кўра бундан уч минг йиллар илгари аждодларимиз Чирчиқ дарёсини тўсиб, кетмон билан ариқ қазиб Тошкентга сув олиб келганлар, воҳани обод қилганлар.
Қуйида аждодларимиз томонидан бунёд қилинган сув манбалари атамаси ҳақида маълумот беришга ҳаракат қиламиз.
Чирчиқ – Сирдарёнинг ўнг ирмоғи. Абдуллахон тарихида Чир дарёси Чирчиқ номи билан машҳур дейилади. Бобур бу дарёни Чир суйи деб тилга олган. Чирчиқни Сир-чиқ, яъни «Кичик сир» (дарё) деб изоҳлаш тўғридир, – деб ёзади атамашунос олим С. Қораев. 713 йили Араб халифалиги босқини туфайли гуллаб яшнаётган Чоч катта талофат кўрди. Суғориш шохобчалари, шаҳар вайрон бўлди. IX асрда Араб халифалиги Чоч суғориш шохобчаларини қайта тиклаш учун 2 миллион дирҳам ажратгандан сўнг Тошкент тиклана бошлади. Янги Бўзсув суғориш системаси асосида қайта вужудга келган шаҳар Бинкент ва Тошкент номлари билан атала бошланди.
Бўзсув – Чирчиқ дарёсининг ўнг соҳилидаги магистрал канал. Чирчиқ шаҳрида Чирчиқ дарёсидан сув олиб, Чиноз шаҳpи ёнида Сирдарёга қўшилади. Юнусобод ва Шайхонтоҳур туманлари ҳудудидан ўтади. Бўзсув – лойқа, сариқ тусли сув дегани. Дарё юмшоқ жинсларни ювиб оққанда сув бўз рангда бўлади. Ривоятларда Фирдавсийнинг «Шоҳнома»сидаги Барзуйи деган деҳқон номи билан боғлиқлиги ҳикоя қилинади.
Захариқ – Чирчиқ дарёсидан сув оладиган канал. Ҳужжатларда Зоғариқ, баъзан Золариқ шаклида учрайди. Халқ орасида Фирдавсийнинг «Шоҳнома»сида тасвирланган Зол номли подшонинг номи билан боғлиқлиги ҳикоя қилинади.
Кайкобус – Бўзсувнинг ўнг тармоғи. Шайхонтоҳур ва С.Раҳимов туманлари ҳудудидан ўтади. VIII асрда Бўзсув канали кенгайтирилиб, ундан Кайкобус ариғи чиқарилган ва Қорақамиш жарлигигача етказилган. Шайбонийлардан бўлган Суюнчухўжахон XVI асрда Тошкентнинг Себзор даҳасида, ҳозирги Калковуз канали атрофида ажойиб бир сўлим боғ барпо қилиб, уни Кайкобус чорбоғи деб атаган.
Халқ орасида Кайкобус ариғи (сўзлашувда Калковуз) қадимий Эрон Қаёнийлар сулоласидан бўлган подшо Кайкобус томонидан қаздирилган деган ривоятлар ҳам юради. Номи шундан.
Қомусий адабиётларда эрамиз бошларида Сибирь ва Қозоғистон, қисман Ўзбекистон ҳудудларида Корасуг (сўзлашувда Корасув бўлиб кетган бўлиши ҳам мумкин) қабиласи яшаганлиги ва Ўрта Осиё халқлари билан маданий алоқада бўлганликлари ҳақида маълумотлар бор.
Тошкент Россияга қўшиб олингандан кейин Анҳор билан Салор каналлари оралиғидаги ерларда яъни Шайхонтоҳур даҳасига қарашли Оққўрғон, Миробод, Мингўрик каби мавзелар ҳудудида янги шаҳар қурилиши авж олиб кетди. Қўқон хонлигининг ўрдасига қарашли ҳудуд ҳам янги шаҳар доирасида қолди. Чор ҳокимиятининг амалдорлари мустамлакачилик тузумининг абадийлигини ва ўзгармаслигини ҳар тамонлама таъкидлашга ҳаракат қилди. Янги қурилган шаҳар кўчалари ва майдонларига Николай, Духовский, Романовский, Константин, Черняев, каби истилочи генераллар номи, ҳарбий қисмлар жойлашган кўчаларга Сапёрная, Конвойная, Стрелковая каби номлар, Туркистонни истило қилиш даврида босиб олганлари шарафига ўша шаҳарларнинг номлари билан Асакинский, Хивинский, Самарқанд, Жиззах Маҳрам, Зирабулоқ деб атала бошлади. Шунингдек, Тупроққўрғон атрофидаги кўчаларга 1865 йилгача босиб олган шаҳарлари номи билан Чимкентская, Туркестанская, Аулиятинская деб атала бошланди.
Тошкентга бирин кетин рус капитали кириб келаверди ва шу тариқа саноат ривожлана бошлади. Биринчи завод эгалари ва фабрикантлари пайдо бўлди. Янги пайдо бўлган «Тошкентлик» бойлар жойларга ўз номларини қўйиб хотира қолдирашарди. Рядов, Ляхтин, Косянов, Первушин, Иванов, Давидов кабилар шулар жумласидан эди.
Совет даврига келиб, юқоридаги номлар шўро хукуматининг асосчилари номлари билан алмаштирилди. Бу янги номлар орасида ҳам маҳаллий халқни ҳурмат билан эслатувчи номлар деярли йўқ эди.
Шаҳар маъмурлари бутун эътиборларини янги шаҳарни обод қилишга ҳаракат қилиб келди. Эски шаҳарга деярли маблағ ажратмади. Натижада, Эски шаҳар аввалги файзли қиёфасини йуқотиб бораверди.
Мустақиллик (Собиқ Соборный, Ленин) майдони. Тошкент Россияга қўшиб олинганнинг дастлабки йилиданоқ Анҳор бўйидаги Қўқон хонининг ўрдаси бузилиб, ўрнига Туркистон генерал-губернаторининг резиденцияси қурилади ва у Оқ уй деб атала бошланади. 1888 йилда Оқ уй яқинида Спасо-Преображенский собори қурилади. Натижада, шаҳарнинг бош майдони, яъни эски ва янги шаҳар чегараси бунёдга келади. Майдон шу бино номи билан “Соборный” деб атала бошланади. 1930 йилда бу бино бузиб ташланади. Совет даврида шаҳарни реконструкция қилиш бош режасига асосан бу ҳудудда ҳукумат уйи қад кўтаради. Мустақиллик йилларида майдон томоман бошқача тус олиб, халқимизнинг севимли зиёратгоҳига айланди.
Амир Темур хиёбони. XIX асрнинг 70-йилларида ҳарбий муҳандис Макаров лойиҳаси асосида бу ерда марказий майдон ташкил қилиниб, у Константин майдони деб атала бошланди. Майдонни кесиб ўтган Российский ва Кауфманский кўчалари майдонни тўртга бўлиб турган. Кейинчалик бу ҳар икки кўча 4 алоҳида кўчаларга бўлиниб кетади. Булар:
-марказий майдондан шимолий вокзалгача бўлган қисми (Российкий, совет даврида Пролетарский) ҳозир Моворауннаҳр
-марказий майдондан Юнусобод йўналишидаги қисми (Московский, совет даврида Ф.Энгелс,) ҳозир Амир Темур шоҳ кўчаси
-марказий майдондан Мустақиллик майдонгача (Кауфманская, Саборний, совет даврида К.Маркс) ҳозир Сайлгоҳ кўчаси.
-марказий майдондан Салор йўналишидаги қисми (собиқ Саларская, Ҳамза, Мусахонов, Паҳлавон Маҳмуд) 2008 йилдан Тараққиёт деб номланди.
1883 йилдан бу майдон ўрнида марказий хиёбон барпо қилиниб, генерал губрнатор Кауфман номи билан атала бошланди. Шу билан бирга хиёбон атрофидаги айланма йўлдан бошқа янги кўчалар пайдо бўла бошлайди. Жумладан,:
-Мустақиллик кўчаси (собиқ Лагерний, Пушкин);
-Матбуотчилар кўчаси (собиқ Петроград, Ленинград);
-Истиқлол (собиқ Воранцов, Сталин, Братская, Х.Сулаймонова)
-Фарғона йўли (собиқ Куйбышев, Қўйлиқ).
Хиёбон марказида:
-1913 йил 4 май генерал губернатор Кауфман хайкали;
-1918 йил Озод меҳнат ёдгорлиги (ёғоч ва фанердан ишланган);
-1927 йил Октябрнинг 10 йиллиги ёдгорлиги;
-1950 йил Сталин хайкали 1954 йилда олиб ташланган;
-1968 йил К.Маркс бюсти;
-ниҳоят президентимиз ташаббуси билан марказий майдонда Амир Темурга хайкал ўрнатилди. Майдон Амир Темур номи билан аталабошланди.майдон чеккасида Темурийлар даври музейи барпо этилди.
Марказий хиёбон атрофидаги бинолар.
1817 йилда хиёбон қаршисида ҳозирги Мустақиллик ва Ҳамза кўчалари оралиғида почта канторисининг биноси қурилади.
1887 йил 1 июлда почта кантораси телеграф билан бирлаштирилади ва у “биринчи даражали Тошкент почта-телеграф кантораси” деб аталадиган бўлди. Ҳозир бу бино ўрнида Ўзбекистон меҳмонхонаси жойлашган.
1881 йилда Российский ва Петроград кўчалари оралиғида полковник Тартаковскийнинг 1870 йилда қурилган уйи Туркистон ўқитувчилар семинариясига олиб берилади. Охирги йилларда бузулгунга қадар бу бинодан Тошкент шаҳар соғлиқни сақлаш бош бошқармаси фаолият олиб борган. XIX асрнинг 90 йилларида архитектор Бенуа лоиҳаси асосида ўқитувчилар семинарияси биноси қаторига семинарлар церкови қурилади: Бу церков биноси ҳозир ҳам мавжуд.
1882 йилда хиёбон қаршисида Қўйлиқ ва Россия кўчалари оралиғида 7,5 гектар жойни эгаллаган шаҳар боғи барпо қилинади. Кейинчалик боғ ҳудудида Хава, Турон каби ёзги кинотеатрлар ва яшил театр қурилади. 1890 йилда Тошкентнинг Россия томонидан босиб олинганининг 25 йиллиги муносабати билан боғда кўргазма ташкил қилинади. Гороской сад, Горький, Меҳржон номлари билан келган бу боғ ўрнида ҳозир Тошкент шаҳар ҳокимиятининг биноси жойлашган.
XIX асрнинг 70-80 йилларида ҳозирги сайлгох кўчасининг ҳар икки томонига, ҳиёбонга қаратиб эрлар ва аёллар гимнизияси қурилади. Бинолар ҳозир ҳам мавжуд. Унда Тошкенд Давлат Юридик институти жойлашган.
1895 йилда хиёбон рўпарасида, ҳозирги Амир Темур ва Мустақиллик кўчалари оралиғида давлат банки биноси қурилган. Банк ҳозир ҳам мавжуд.
Сайилгоҳ (1912 йилгача Соборный, 1918 йилгача Кауфманский, 1992 йилгача Карл Маркс кўчаси). Соборний, Константин майдонларини боғлаб турганлиги учун кўча Соборний деб аталган. Соборний кўчаси ўша пайтларда ҳам Тошкентликларнинг сайилгоҳ кўчаларидан бири бўлиб келган.
Кўчада Дорожновнинг газлама магазини, Соберейнинг китоб магазини, Савдогар Д.Т.Захонинг гастрономик магазини, шаҳар думасининг аъзоси Орифхужабой Азизхоновнинг катта савдо растаси бўлган. Бу бино XIX асрнинг охирида бутун Россияда расм бўлган «немис уйғониш даври» деб аталган услубда қурилган бўлиб, нафақат Тошкентда балки бутун Ўрта Осиёда катта ва кўркамлиги бўйича ягона ҳисобланган. 1966 йил Тошкент зилзиласига қадар Тошкентнинг Бош универмаги вазифасини ўтаб келган.
XIX асрнинг 80-йилларида Соборная кўчасининг Романовский кўчаси билан кесишган қисмининг чап томонида князь Л.А.Романовга атаб сарой қурилади. Бу бино архитектор И.С.Гейнцельман томонидан роман услубининг деталларидан фойдаланиб эклектик услубда қурилган. Саройнинг олд томони ўзбек миллий услубида ишланган бўлиб, унинг ҳамма безаклари маҳаллий халқ усталари томонидан ясалган. Бинода 1918 йилдан Санъат музейи 1935 йилдан Республика пионерлар саройи ва, ниҳоят, ҳозирда Ўзбекистон ташқи ишлар вазирлигининг қабулхонаси фаолият кўрсатиб келмоқда.
1912-16 йилларда Соборная кўчасининг Романовский кўчаси билан кесишган жойида, князь Романов саройи қаршисида князга қарашли театр биноси қад кўтаради. Айрим ноқулайлиқ сабабларига кўра қайта тузатишлар киритилиб, кинотеатрга мослаштирилади. Кинотеатр Россиянинг Хива хонлигини босиб олганликлари шарафига Хева деб номланиб, Совет даврида бузилгунга қадар Ёш гвардия номи билан ишлаб келди. 1928 йилда кинотеатр қаршисига телеузатгич ўрнатилиб, 30-40 метр нарига қабул камераси қўйилади. Экранда юриб кетаётган одамлар ва трамвай тасвири кўринади. Шундай қилиб, дунёда биринчи жонли тасвирни қабул қилувчи телевизорга Тошкентда асос солинган эди. Уни Ўрта Осиё Давлат университетининг физика акультети лаборанти Б.П.Грабовский ўз ҳамкасабалари билан ихтиро қилган эди.
Дастлабки йиллардан бошлаб, кўчада ҳаммомлар, почта биноси, вино ва тамаки заводлари пайдо бўлади. 1890 йилда шаҳар думаси аъзоси Д.П.Петров кўчада Тошкентда биринчи бор гугурт фабрикасини очади. Филипп Капланнинг икки қаватли Аптека биноси ҳам ўша йилларда қурилган.
1903 йилдан собиқ Романовский кўчасидан А.С. Пушкин кўчаси бўйлаб, Сергиевский черкови (ҳозирги метронинг Ҳамид Олимжон бекати)гача кўнка қатнай бошлайди. Тошкентнинг манаман деган бойлари 1903 йилнинг 5-апрель куни ана шу кўнкада биринчи бор сайр қилишади. Тошкентда кўнка қатновининг йўлга қўйилиши Бельгиянинг номи яширин жамияти томонидан амалга оширилган эди. Кўнканинг яна бир йўли вокзал майдонини Эски шаҳар билан боғлаб турган. Дастлабки ҳар иккала йўлнинг узунлиги таҳминан 10 километрга яқин бўлган. 1916 йилнинг маълумотига кўра кўнкага 230 та от хизмат қилар ва у 30 вагондан иборат эди.
Шаҳар думасининг 1908 йилда Бельгия жамияти билан шаҳарда электр трамвайини йўлга қўйиш шартномасига биноан янги қуриладиган трамвай йўли 1952 йилдагина шаҳар мулкига айланиши керак эди.
Собиқ «Националь» ва «Шарқ» номлари билан аталиб келган меҳмонхона биносининг ҳозир бузилмай қолган қисмига республика «Нуроний» жамғармаси жойлашган.
Тошкент муҳим географик ўринда – Шарқ ва Ғарб мамлакатлари билан савдо- сотиқ йўлида жойлашганлиги туфайли бу ерга узлуксиз савдо карвонлари келиб- кетиб турган. Бу эса шаҳарни етт
10 09 2014
1 стр.
15 12 2014
1 стр.
15 12 2014
1 стр.
Поезд ва станция радиоалоқаси қурилмаларини таъмирлаш ва хизмат кўрсатиш электрмеханиги
25 12 2014
4 стр.
Илмий-услубиёт ва мактаб ахборот ресурс марказлари мутахассисларини малакасини ошириш бўлими
09 09 2014
1 стр.
Ясси чувалчанглар типи. Лентасимон чувалчанглар синфи. Ҳўкиз ва чўчқа солитёри, пакана гижжа, тиббиётдаги ахамияти
25 12 2014
1 стр.
Бу ща=да юртбошимиз Ислом Каримов шундай таъкидлайди: Муста=иллигиимизнинг дастлабки кунларидано= аждодларимиз томонидан кып асрлар мобайнида яратиб келинган \оят улкан
15 12 2014
6 стр.
Афанди хакида латифалар Анекдоты о ходже Насреддине тўпловчи ва а 89 муҳаррир А. Муҳамеджанов; мусаввир С. Мирзаев. Тошкент: акт ғьех, 2009. 120 б
17 12 2014
1 стр.