Перейти на главную страницу
1.Муаллифлик ҳуқуқи / Ҳаммуаллифлик]
Икки ёки ундан ортиқ фуқаронинг биргаликдаги ижодий меҳнати натижасида яратилган асарга бўлган муаллифлик ҳуқуқи, мазкур асар бўлинмас бир бутун ёки ҳар бири ҳам мустақил мазмунга эга қисмлардан иборат эканлигидан қатъи назар, ҳаммуаллифларга биргаликда тегишли бўлади.
Башарти асарнинг муайян қисмидан унинг бошқа қисмларига боғлиқ бўлмаган ҳолда фойдаланиш мумкин бўлса, бу мустақил мазмунга эга бўлган қисм деб эътироф этилади.
Ҳаммуаллифларнинг ҳар бири, башарти уларнинг ўртасидаги келишувда ўзгача ҳол назарда тутилган бўлмаса, асарнинг ўзи яратган, мустақил мазмунга эга бўлган қисмидан ўз хоҳишига кўра фойдаланишга ҳақлидир.
Ҳаммуаллифлар ўртасидаги муносабатлар, қоида тариқасида, келишув асосида белгиланади. Бундай келишув бўлмаган тақдирда асарга бўлган муаллифлик ҳуқуқи барча муаллифлар томонидан биргаликда амалга оширилади, муаллифлик ҳақи эса улар ўртасида тенг тақсимланади.
Башарти ҳаммуаллифларнинг асари бўлинмас бир бутунни ташкил этса, асардан фойдаланишни етарли асослар бўлмай туриб тақиқлаб қўйишга ҳаммуаллифлардан ҳеч бири ҳақли эмас.
Олдинги таҳрирга қаранг.
1048-модда. Ҳосила асарга бўлган муаллифлик ҳуқуқи
Ҳосила асар муаллифига фан, адабиёт ва санъат асарининг мазкур муаллиф томонидан амалга оширилган қайта ишланмасига бўлган муаллифлик ҳуқуқи тегишлидир.
Ҳосила асар муаллифи қайта ишланган асар муаллифи ҳуқуқларига риоя этган тақдирда, ўзи яратган асарга муаллифлик ҳуқуқидан фойдаланади.
Ҳосила асар муаллифининг муаллифлик ҳуқуқи қайта ишлашга асос бўлган асарни бошқа шахслар ҳам ўзлари қайта ишлашларига тўсқинлик қилмайди.
(1048-модда Ўзбекистон Республикасининг 2007 йил 16 январдаги ЎРҚ-79-сонли Қонуни таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2007 й., 3-сон, 21-модда)
1049-модда. Асарлар яратилишини ташкил этувчи шахсларнинг ҳуқуқлари
Олдинги таҳрирга қаранг.
Асарлар яратилишини ташкил этувчи шахслар (аудиовизуал асарларни тайёрловчилар, энциклопедиялар ноширлари, продюсерлар ва бошқа шу кабилар) тегишли асарларнинг муаллифлари деб эътироф этилмайди. Бироқ ушбу Кодексда ёки бошқа қонунларда назарда тутилган ҳолларда, бундай шахслар ана шу асарлардан фойдаланишда мутлақ ҳуқуқларга эга бўладилар.
Аудиовизуал асарни тайёрловчи бу асардан фойдаланилганда ўз исми ёки номини кўрсатишга ёхуд исми ёки номи кўрсатилишини талаб қилишга ҳақлидир.
Энциклопедиялар, энциклопедик луғатлардан, илмий ишларнинг даврий ва давомли тўпламларидан, газеталар, журналлар ҳамда бошқа даврий нашрлардан фойдаланишга бўлган мутлақ ҳуқуқлар уларнинг ноширига тегишлидир. Бундай нашрлардан ҳар қандай тарзда фойдаланилганда ношир ўз исми ёки номини кўрсатишга ёхуд исми ёки номи кўрсатилишини талаб қилишга ҳақлидир. Бундай нашрларга киритилган асарларнинг муаллифлари, агар муаллифлик шартномасида бошқача ҳол назарда тутилган бўлмаса, умуман нашрдан қатъи назар, ўз асарларидан фойдаланишга бўлган мутлақ ҳуқуқларини сақлаб қоладилар.
(1049-модда матни Ўзбекистон Республикасининг 2007 йил 16 январдаги ЎРҚ-79-сонли Қонуни таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2007 й., 3-сон, 21-модда)
1050-модда. Муаллифлик ҳуқуқининг ҳимоя белгилари
[СПиТ:
1.Муаллифлик ҳуқуқи / Муаллифлик ҳуқуқининг ҳимоя белгилари]
Алоҳида муаллифлик ҳуқуқининг эгаси ўз ҳуқуқларидан хабардор этиш учун асарнинг ҳар бир нусхасида акс эттириладиган ва қуйидаги уч унсурдан иборат муаллифлик ҳуқуқининг ҳимоя белгисидан фойдаланиши мумкин:
айлана ичига олинган лотинча «С» ҳарфи;
алоҳида муаллифлик ҳуқуқлари эгасининг исми (номи);
асар биринчи марта эълон қилинган йил.
Муаллифлик ҳуқуқининг ҳимоя белгисида кўрсатилган шахс, башарти бошқа ҳол исботланмаган бўлса, ҳуқуқ эгаси ҳисобланади.
1051-модда. Муаллифнинг шахсий номулкий ҳуқуқлари
Олдинги таҳрирга қаранг.
Асар муаллифига қуйидаги шахсий номулкий ҳуқуқлар тегишлидир:
асар муаллифи деб эътироф этилиш ҳуқуқи (муаллифлик ҳуқуқи);
асардан муаллифнинг ҳақиқий исми, тахаллусини кўрсатган ҳолда ёхуд исмини кўрсатмасдан, яъни имзосиз фойдаланиш ёки фойдаланишга рухсат бериш ҳуқуқи (муаллифлик исмига бўлган ҳуқуқ);
асарни ҳар қандай шаклда ошкор қилиш ёки ошкор қилишга рухсат бериш ҳуқуқи (ошкор қилишга бўлган ҳуқуқ), шу жумладан чақириб олиш ҳуқуқи;
асарни, шу жумладан унинг номини муаллифнинг шаъни ва қадр-қимматига зарар етказиши мумкин бўлган ҳар қандай тарзда бузиб кўрсатилишидан ёки ҳар қандай бошқача тарзда тажовуз этилишидан ҳимоя қилиш ҳуқуқи (муаллиф обрўсини ҳимоя қилиш ҳуқуқи).
Муаллиф асарни ошкор қилиш тўғрисида илгари қабул қилган қароридан, асардан фойдаланиш ҳуқуқини олган шахсларга улар шундай қарор туфайли кўрган зарарларнинг, шу жумладан бой берилган фойданинг ўрнини қоплаш шарти билан, воз кечиш ҳуқуқига (асарни чақириб олиш ҳуқуқига) эгадир. Агар асар ошкор қилинган бўлса, муаллиф уни чақириб олганлиги тўғрисида оммага маълум қилиши шарт. Бунда у асарнинг аввал тайёрланган нусхаларини ўз ҳисобидан муомаладан олиб қўйишга ҳақлидир. Бу қоидалар, агар муаллиф билан тузилган шартномада бошқача қоида назарда тутилган бўлмаса, хизмат асарларига нисбатан татбиқ этилмайди.
Асарни нашр қилиш, омма олдида ижро этиш ёки ундан бошқача тарзда фойдаланишда асарнинг ўзига, номига ва муаллифнинг исми кўрсатилишига бирон-бир ўзгартиш киритишга фақат муаллифнинг розилиги билан йўл қўйилади.
Муаллифнинг розилигисиз унинг асарини безаклар, сўзбоши, хотима, шарҳлар ёки бирон-бир тушунтиришлар билан нашр этиш тақиқланади.
Муаллифнинг шахсий номулкий ҳуқуқлари унинг мулкий ҳуқуқларидан қатъи назар, унга тегишли бўлиб, асардан фойдаланишга бўлган мутлақ ҳуқуқлар бошқа шахсга ўтказилган тақдирда ҳам унинг ўзида сақланиб қолади.
Муаллифнинг ўз шахсий номулкий ҳуқуқларини амалга оширишдан воз кечиш тўғрисида бирон-бир шахс билан келишуви ва бу ҳақдаги аризаси ўз-ўзидан ҳақиқий эмас.
(1051-модда матни Ўзбекистон Республикасининг 2007 йил 16 январдаги ЎРҚ-79-сонли Қонуни таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2007 й., 3-сон, 21-модда)
Олдинги таҳрирга қаранг.
(1052, 1053, 1054 ва 1055-моддалар Ўзбекистон Республикасининг 2007 йил 16 январдаги ЎРҚ-79-сонли Қонуни билан чиқарилган — ЎР ҚҲТ, 2007 й., 3-сон, 21-модда)
Олдинги таҳрирга қаранг.
1056-модда. Муаллифнинг мулкий ҳуқуқлари
Муаллифга асардан ҳар қандай шаклда ва ҳар қандай усулда фойдаланишда мутлақ ҳуқуқлар тегишлидир.
Юридик ва жисмоний шахслар, ушбу Кодексда ва бошқа қонунларда кўрсатилганидан ташқари ҳолларда, асардан фақат ҳуқуқ эгаси ёки бошқа ваколатли шахс билан тузилган шартномага биноан, шу жумладан мулкий ҳуқуқларни жамоавий асосда бошқарувчи ташкилотлар билан тузилган шартномага биноан ёхуд улар бўлмаган тақдирда, бу ташкилотларнинг вазифалари ва мажбуриятларини бажарувчи ташкилот билан тузилган шартномага биноан фойдаланишлари мумкин.
Муаллифнинг асардан фойдаланишга бўлган мутлақ ҳуқуқлари қуйидаги ҳаракатларни амалга ошириш ёки бундай ҳаракатларга рухсат бериш ҳуқуқини англатади:
асарни такрорлаш (такрорлаш ҳуқуқи);
асарнинг асл нусхасини ёки нусхаларини сотиш ёки мулк ҳуқуқини ўзгача тарзда бошқа шахсга ўтказиш йўли билан тарқатиш (тарқатиш ҳуқуқи);
асарни барчанинг эътиборига етказиш (барчанинг эътиборига етказиш ҳуқуқи);
асарнинг асл нусхасини ёки нусхаларини прокатга бериш (прокатга бериш ҳуқуқи);
тарқатиш мақсадида асарнинг нусхаларини, шу жумладан мутлақ муаллифлик ҳуқуқлари эгасининг рухсати билан тайёрланган нусхаларини импорт қилиш (импорт қилиш ҳуқуқи);
асарни сим (кабель) орқали ёки бошқа шу каби воситалар ёрдамида узатиш йўли билан барчанинг эътибори учун юбориш (кабель орқали юбориш ҳуқуқи);
асарга тузатишлар киритиш, уни аранжировка қилиш ёки бошқача тарзда қайта ишлаш (қайта ишлаш ҳуқуқи);
асарни омма олдида намойиш этиш (омма олдида намойиш этиш ҳуқуқи);
асарни омма олдида ижро этиш (омма олдида ижро этиш ҳуқуқи);
асарни симсиз воситалар ёрдамида узатиш йўли билан барчанинг эътибори учун юбориш (эфирга узатиш ҳуқуқи);
асарни таржима қилиш (таржима қилиш ҳуқуқи);
асарни барчанинг эътиборига такроран юбориш, агар бундай юбориш дастлабки юборишни амалга оширган ташкилотдан бошқа ташкилот томонидан амалга оширилса (барчанинг эътиборига такроран юбориш ҳуқуқи).
Муаллиф ўз асаридан фойдаланишнинг ҳар бир тури учун ҳақ олиш ҳуқуқига (ҳақ олиш ҳуқуқига) эга.
Агар чоп этилган асарнинг нусхалари уларни сотиш ёки мулк ҳуқуқини ўзгача тарзда бошқа шахсга ўтказиш воситасида фуқаролик муомаласига қонуний киритилган бўлса, уларнинг бундан буёнги тарқатилишига муаллифнинг розилигисиз ва унга ҳақ тўланмаган ҳолда йўл қўйилади, қонунда назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно.
Асардан даромад олиш мақсадида фойдаланилганлиги ёки ундан фойдаланиш бундай мақсадга қаратилмаганлигидан қатъи назар, асардан фойдаланилган деб ҳисобланади.
Асарнинг мазмунини ташкил этувчи қоидаларни (кашфиётларни, бошқа техникавий, иқтисодий, ташкилий ва шу каби ечимларни) амалий қўллаш асардан муаллифлик ҳуқуқи маъносида фойдаланганлик деб ҳисобланмайди.
(1056-модданинг Ўзбекистон Республикасининг 2007 йил 16 январдаги ЎРҚ-79-сонли Қонуни таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2007 й., 3-сон, 21-модда)
Олдинги таҳрирга қаранг.
(1057-модда Ўзбекистон Республикасининг 2007 йил 16 январдаги ЎРҚ-79-сонли Қонуни билан чиқарилган — ЎР ҚҲТ, 2007 й., 3-сон, 21-модда)
1058-модда. Муаллифлик ҳуқуқларининг чекланиши
Олдинги таҳрирга қаранг.
Муаллиф ва бошқа шахсларнинг асардан фойдаланиш борасидаги мутлақ ҳуқуқларини чеклашга ушбу Кодекснинг 1059—1062-моддаларида ёки бошқа қонунларда назарда тутилган ҳоллардагина йўл қўйилади. Мазкур чеклашлар асардан нормал фойдаланилишига ўринсиз зиён етказмаган ва муаллифнинг қонуний манфаатларини асоссиз камситмаган тақдирдагина татбиқ этилади.
(1058-модда матни Ўзбекистон Республикасининг 2007 йил 16 январдаги ЎРҚ-79-сонли Қонуни таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2007 й., 3-сон, 21-модда)
Олдинги таҳрирга қаранг.
1059-модда. Асарларни муаллифнинг розилигисиз ва ҳақ тўланмаган ҳолда шахсий мақсадларда такрорлаш
Ошкор қилинган асарни шахсий мақсадларда муаллифнинг ёки бошқа ҳуқуқ эгасининг розилигисиз ва ҳақ тўланмаган ҳолда такрорлашга йўл қўйилади, қонунда назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно.
Ушбу модда биринчи қисмининг қоидалари:
бинолар ва иншоотлар шаклидаги архитектура асарларини такрорлашга;
маълумотлар базаларини ёки уларнинг муҳим қисмларини такрорлашга;
қонунда назарда тутилган ҳолларни истисно қилганда, ЭҲМ учун дастурларни такрорлашга;
китобларни (тўлалигича) ва нотали матнларни репрографик такрорлашга нисбатан татбиқ этилмайди.
(1059-модда Ўзбекистон Республикасининг 2007 йил 16 январдаги ЎРҚ-79-сонли Қонуни таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2007 й., 3-сон, 21-модда)
1060-модда. Асарларни омма олдида эркин ижро этиш
Олдинги таҳрирга қаранг.
Чоп этилган мусиқа асарларини расмий, диний ва дафн маросимларида бундай маросимларнинг хусусиятига мос ҳажмда муаллифнинг ёки бошқа ҳуқуқ эгасининг розилигисиз ҳамда ҳақ тўланмаган ҳолда омма олдида ижро этишга йўл қўйилади.
(1060-модда матни Ўзбекистон Республикасининг 2007 йил 16 январдаги ЎРҚ-79-сонли Қонуни таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2007 й., 3-сон, 21-модда)
Олдинги таҳрирга қаранг.
1061-модда. Асарлардан суриштирув, дастлабки тергов, маъмурий ва судлов ишларини юритиш мақсадлари учун фойдаланиш
Асарлардан суриштирув, дастлабки тергов, маъмурий ва судлов ишларини юритиш мақсадларини кўзлаб, фойдаланиш мақсадига мос ҳажмда муаллифнинг ёки бошқа ҳуқуқ эгасининг розилигисиз ҳамда ҳақ тўланмаган ҳолда фойдаланишга йўл қўйилади.
1062-модда. Хизмат асарига бўлган муаллифлик ҳуқуқи
Хизмат вазифаларини ёки хизмат топшириғини бажариш тартибида яратилган асарга (хизмат асарига) бўлган муаллифнинг шахсий номулкий ҳуқуқлари асар муаллифида сақланиб қолади.
Хизмат асаридан фойдаланишга бўлган мутлақ ҳуқуқлар, агар муаллиф билан иш берувчи ўртасидаги шартномада бошқача қоида назарда тутилган бўлмаса, иш берувчига тегишлидир.
Хизмат асаридан фойдаланишнинг ҳар бир тури учун ҳақ миқдори ва уни тўлаш тартиби муаллиф билан иш берувчи ўртасидаги шартномада белгиланади. Иш берувчи билан тузилган шартномадан қатъи назар, муаллиф асар ошкор қилинган вақтдан эътиборан ўн йил ўтганидан кейин, иш берувчининг розилиги билан эса ундан ҳам олдинроқ асардан фойдаланиш ва ҳақ олиш ҳуқуқини тўлиқ ҳажмда қўлга киритади.
Муаллифнинг хизмат асаридан топшириқ мақсади тақозо этмайдиган усулда фойдаланиш ҳуқуқи чекланмайди.
Иш берувчи хизмат асаридан ҳар қандай тарзда фойдаланишда ўз номини кўрсатишга ёхуд уни кўрсатишни талаб қилишга ҳақлидир.
Хизмат вазифаларини ёки иш берувчининг хизмат топшириқларини бажариш йўсинида ушбу Кодекс 1049-моддасининг учинчи қисмида назарда тутилган энциклопедиялар, энциклопедик луғатлар, даврий ва давомли илмий ишлар тўпламлари, газеталар, журналлар ҳамда бошқа даврий нашрларнинг яратилишига ушбу модданинг қоидалари татбиқ этилмайди.
(1061–1062-моддалар Ўзбекистон Республикасининг 2007 йил 16 январдаги ЎРҚ-79-сонли Қонуни таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2007 й., 3-сон, 21-модда)
Олдинги таҳрирга қаранг.
1063-модда. Муаллифлик ҳуқуқининг амал қилиш соҳаси
Ушбу Кодексга мувофиқ муаллифлик ҳуқуқи:
Ўзбекистон Республикаси фуқаролари бўлган ёки Ўзбекистон Республикаси ҳудудида доимий турар жойига эга бўлган муаллифларнинг ёки муаллифлик ҳуқуқининг бошқа дастлабки эгалик қилувчиларининг асарларига;
муаллифларнинг фуқаролиги ва доимий турар жойидан қатъи назар, Ўзбекистон Республикасида биринчи марта чоп этилган асарларга;
Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларига мувофиқ Ўзбекистон Республикасида муҳофаза қилинадиган асарларга татбиқ этилади.
Агар асар Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқарида биринчи марта чоп этилган санадан сўнг ўттиз кун ичида Ўзбекистон Республикаси ҳудудида чоп этилган бўлса, Ўзбекистон Республикасида ҳам биринчи марта чоп этилган деб ҳисобланади.
Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларига мувофиқ асарга Ўзбекистон Республикаси ҳудудида муҳофаза берилган тақдирда, асар муаллифи муаллифлик ҳуқуқини олиш учун асос бўлиб хизмат қилган юридик факт қайси давлатнинг ҳудудида содир бўлган бўлса, ўша давлатнинг қонуни билан аниқланади.
(1063-модда Ўзбекистон Республикасининг 2007 йил 16 январдаги ЎРҚ-79-сонли Қонуни таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2007 й., 3-сон, 21-модда)
Олдинги таҳрирга қаранг.
(1064-модда Ўзбекистон Республикасининг 2007 йил 16 январдаги ЎРҚ-79-сонли Қонуни билан чиқарилган— ЎР ҚҲТ, 2007 й., 3-сон, 21-модда)
1065-модда. Муаллифлик ҳуқуқининг амал қилиш муддати
Олдинги таҳрирга қаранг.
Муаллифлик ҳуқуқи муаллифнинг бутун ҳаёти давомида ва унинг вафотидан кейин эллик йил давомида амал қилади, ушбу моддада ва бошқа қонунларда назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно.
Ҳаммуаллифликда яратилган асарга бўлган муаллифлик ҳуқуқи ҳаммуаллифларнинг бутун ҳаёти давомида ва ҳаммуаллифлар орасида энг узоқ умр кўрган охирги шахс вафот этганидан кейин эллик йил давомида амал қилади.
Тахаллус остида ёки имзосиз қонуний ошкор қилинган асарга бўлган муаллифлик ҳуқуқи асар ошкор қилинганидан кейин эллик йил давомида амал қилади. Агар кўрсатилган муддат ичида тахаллус остидаги ёки имзосиз асар муаллифи ўз шахсини маълум қилса ёки бундан буён унинг шахси шубҳага ўрин қолдирмаса, ушбу модданинг биринчи қисмида кўрсатилган муддатлар қўлланилади.
Муаллифнинг вафотидан кейин биринчи марта эълон қилинган асарга бўлган муаллифлик ҳуқуқи асар эълон қилинганидан кейин эллик йил давомида амал қилади.
Муаллифлик ҳуқуқи, муаллифлик исмига бўлган ҳуқуқ ва муаллиф обрўсини ҳимоя қилиш ҳуқуқи муддатсиз муҳофаза қилинади.
Асарга Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларига мувофиқ муҳофаза берилган тақдирда, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида муаллифлик ҳуқуқининг амал қилиш муддати ушбу моддага биноан белгиланади. Лекин бу муддат асар келиб чиққан мамлакатда белгиланган муаллифлик ҳуқуқининг амал қилиш муддатидан ошиб кетмаслиги керак.
Ушбу моддада назарда тутилган муддатларни ҳисоблаш муддатнинг ўта бошлаши учун асос бўладиган юридик факт юз берган йилдан кейинги йилнинг биринчи январидан эътиборан бошланади.
(1065-модда матни Ўзбекистон Республикасининг 2007 йил 16 январдаги ЎРҚ-79-сонли Қонуни таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2007 й., 3-сон, 21-модда)
1066-модда. Асарнинг ижтимоий мулкка айланиши
Олдинги таҳрирга қаранг.
Асарларга бўлган муаллифлик ҳуқуқининг амал қилиш муддатини тугаши уларнинг ижтимоий мулкка айланишини билдиради.
Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ҳеч қачон муҳофаза берилмаган асарлар ижтимоий мулк ҳисобланади.
Ижтимоий мулк бўлган асарлардан ҳар қандай шахс ҳақ тўламаган ҳолда эркин фойдаланиши мумкин. Бунда муаллифнинг шахсий номулкий ҳуқуқларига риоя этилиши керак.
(1066-модда матни Ўзбекистон Республикасининг 2007 йил 16 январдаги ЎРҚ-79-сонли Қонуни таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2007 й., 3-сон, 21-модда)
1067-модда. Муаллифлик шартномаси
Олдинги таҳрирга қаранг.
Ушбу Кодекс 1056-моддасининг учинчи қисмида назарда тутилган мулкий ҳуқуқлар фақат муаллифлик шартномасини тузиш йўли билан ҳуқуқ эгаси томонидан бошқа шахсга ўтказилиши мумкин, ушбу Кодексда ва бошқа қонунларда белгиланган ҳоллар бундан мустасно.
Муаллифнинг мулкий ҳуқуқларини бошқа шахсга ўтказиш мутлақ ҳуқуқларни бошқа шахсга ўтказиш тўғрисидаги муаллифлик шартномаси асосида ёки мутлақ бўлмаган ҳуқуқларни бошқа шахсга ўтказиш тўғрисидаги муаллифлик шартномаси асосида амалга оширилиши мумкин.
Мутлақ ҳуқуқларни бошқа шахсга ўтказиш тўғрисидаги муаллифлик шартномаси фақат ушбу ҳуқуқлар ўтказилаётган шахс асардан муайян усулда ва шартномада белгиланган доирада фойдаланишига рухсат беради.
Мутлақ бўлмаган ҳуқуқларни бошқа шахсга ўтказиш тўғрисидаги муаллифлик шартномаси фойдаланувчига асардан шундай ҳуқуқларни бошқа шахсга ўтказган мутлақ ҳуқуқлар эгаси ва (ёки) бу асардан айни шундай усулда фойдаланиш учун рухсат олган бошқа шахслар билан тенг равишда фойдаланишга ижозат беради.
Муаллифлик шартномаси бўйича бошқа шахсга ўтказиладиган ҳуқуқлар, агар шартномада бевосита бошқача қоида назарда тутилган бўлмаса, мутлақ бўлмаган ҳуқуқлар ҳисобланади.
Асарга бўлган муаллифлик ҳуқуқи асар акс эттирилган моддий объектга бўлган мулк ҳуқуқи билан боғлиқ эмас.
Моддий объектга бўлган мулк ҳуқуқини ёки моддий объектга эгалик қилиш ҳуқуқини бошқа шахсга ўтказиш шу объектда акс эттирилган асарга бўлган бирон-бир муаллифлик ҳуқуқининг ўз-ўзидан бошқа шахсга ўтказилишига сабаб бўлмайди.
(1067-модда матни Ўзбекистон Республикасининг 2007 йил 16 январдаги ЎРҚ-79-сонли Қонуни таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2007 й., 3-сон, 21-модда)
1068-модда. Муаллифлик шартномасининг шартлари
Олдинги таҳрирга қаранг.
Муаллифлик шартномасида қуйидагилар назарда тутилиши керак:
асардан фойдаланиш усуллари (мазкур шартнома асосида ўтказиладиган аниқ ҳуқуқлар);
асардан фойдаланишнинг ҳар бир усули учун тўланадиган ҳақ миқдори ва (ёки) тўланадиган ҳақ миқдорини белгилаш тартиби, уни тўлаш тартиби ҳамда муддатлари.
Муаллифлик шартномаси тарафлар зарур деб топган бошқа шартларни ҳам назарда тутиши мумкин.
Муаллифлик шартномасида асардан фойдаланиш ҳуқуқи қанча муддатга ўтказилиши тўғрисида шарт бўлмаган тақдирда, шартнома тузилган санадан бошлаб беш йил ўтганидан кейин, агар фойдаланувчи шартнома бекор қилингунига қадар камида олти ой олдин бу ҳақда ёзма равишда огоҳлантирилган бўлса, шартнома муаллиф томонидан бекор қилиниши мумкин.
Муаллифлик шартномасида асардан фойдаланиш ҳуқуқи амал қиладиган ҳудуд доираси тўғрисида шарт бўлмаган тақдирда, шартномага биноан бошқа шахсга ўтказилаётган ҳуқуқнинг амал қилиши Ўзбекистон Республикаси ҳудуди билан чекланади.
Бошқа шахсга ўтказилиши муаллифлик шартномасида тўғридан-тўғри назарда тутилмаган асардан фойдаланиш ҳуқуқлари бошқа шахсга ўтказилмаган деб ҳисобланади.
Шартнома тузилган пайтда асардан фойдаланиш ҳақида ҳали маълум бўлмаган ҳуқуқлар муаллифлик шартномаси предмети бўлиши мумкин эмас.
Тўланадиган ҳақ муаллифлик шартномасида асардан фойдаланишнинг тегишли усули учун олинадиган даромаддан фоиз тарзида белгиланади ёки агар буни асарнинг хусусияти ёки ундан фойдаланишнинг ўзига хос жиҳатлари билан боғлиқ ҳолда амалга ошириш мумкин бўлмаса, шартномада қайд этилган сумма тарзида ёхуд бошқача тарзда белгиланади. Мазкур ҳақнинг энг кам миқдорлари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.
Агар асарни нашр этиш ёки ундан бошқача тарзда фойдаланиш ҳақидаги муаллифлик шартномасида ҳақ тўлаш қатъий сумма тарзида белгиланса, шартномада асарнинг энг кўп адади белгилаб қўйилиши шарт.
Муаллифлик шартномаси бўйича ўтказилган ҳуқуқлар бундай шартномада тўғридан-тўғри назарда тутилган тақдирдагина бошқа шахсларга тўлиқ ёки қисман ўтказилиши мумкин.
Муаллифлик шартномасининг муаллифни келгусида мазкур мавзуда ёки мазкур соҳада асарлар яратишини чеклайдиган шарти ўз-ўзидан ҳақиқий бўлмайди.
Муаллифлик шартномасининг ушбу Кодекс ёки бошқа қонунлар талабларига зид бўлган шартлари ҳақиқий эмас.
(1068-модда матни Ўзбекистон Республикасининг 2007 йил 16 январдаги ЎРҚ-79-сонли Қонуни таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2007 й., 3-сон, 21-модда)
1069-модда. Муаллифлик шартномасининг шакли
Муаллифлик шартномаси ёзма шаклда тузилиши лозим, қонунда назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно.
1070-модда. Муаллифлик шартномаси бўйича жавобгарлик
Муаллифлик шартномаси бўйича мажбуриятларни умуман ёки тегишли даражада бажармаган тараф бошқа тарафга етказилган зарарнинг ўрнини, шу жумладан бой берилган фойдани қоплаши шарт.
Олдинги таҳрирга қаранг.
(1071–1072-моддалар Ўзбекистон Республикасининг 2007 йил 16 январдаги ЎРҚ-79-сонли Қонуни билан чиқарилган— ЎР ҚҲТ, 2007 й., 3-сон, 21-модда)
1073-модда. Муаллифлик муносабатларини ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солиш
Муаллифлик муносабатлари ушбу Кодекс ва бошқа қонун ҳужжатлари билан тартибга солинади.
[ОКОЗ:
1.03.00.00.00 Фуқаролик қонунчилиги / 03.14.00.00 Интеллектуал мулк / 03.14.03.00 Турдош ҳуқуқлар]
61-боб. Турдош ҳуқуқлар
Олдинги таҳрирга қаранг.
1074-модда. Турдош ҳуқуқлар объектлари
Турдош ҳуқуқлар объектлари жумласига ижролар, фонограммалар, эфир ёки кабель орқали кўрсатув ёхуд эшиттириш берувчи ташкилотнинг кўрсатувлари ёки эшиттиришлари киради.
1075-модда. Турдош ҳуқуқлар субъектлари
Ижрочилар, фонограммаларни тайёрловчилар, эфир ёки кабель орқали кўрсатув ёхуд эшиттириш берувчи ташкилотлар турдош ҳуқуқлар субъектларидир.
Турдош ҳуқуқларнинг юзага келиши ва амалга оширилиши учун турдош ҳуқуқлар объектини рўйхатдан ўтказиш ёки бирон-бир бошқа расмиятчиликка риоя этиш талаб қилинмайди.
Юридик ва жисмоний шахслар, шу жумладан кўрсатув ёки эшиттиришни эфирга узатиш ва кабель орқали юборишни (ретрансляция ҳам шунга киради) амалга оширувчи юридик ва жисмоний шахслар, ушбу Кодексда ва бошқа қонунларда назарда тутилган ҳоллардан ташқари, асардан, ижродан, фонограммадан ёхуд эфир ёки кабель орқали кўрсатув ёхуд эшиттириш берувчи ташкилотнинг кўрсатув ёки эшиттиришидан фақат ҳуқуқ эгаси ёки бошқа ваколатли шахс билан тузилган шартномага биноан фойдаланишлари мумкин. Ретрансляция муаллифлар, ижрочилар, фонограммаларни тайёрловчилар ва бошқа ҳуқуқ эгаларининг эфирга узатиш, кабель орқали юбориш, барчанинг эътиборига етказишга бўлган ҳуқуқларига риоя қилинган ҳолда амалга оширилиши керак.
1076-модда. Турдош ҳуқуқларнинг муҳофаза белгилари
Фонограммага ва (ёки) бундай фонограммага ёзилган ижрога бўлган мутлақ ҳуқуқлар эгалари ўз ҳуқуқларидан хабардор қилиш учун турдош ҳуқуқларнинг муҳофаза белгисидан фойдаланишлари мумкин бўлиб, бу белги фонограмманинг ҳар бир нусхасида ва (ёки) у сақланадиган ҳар бир ғилофда акс эттирилади ҳамда қуйидаги уч унсурдан иборат бўлади:
айлана ичидаги лотинча «Р» ҳарфи;
мутлақ турдош ҳуқуқлар эгасининг исми (номи);
фонограмма биринчи марта чоп этилган йил.
Номи ёки исми ушбу фонограммада ва (ёки) у сақланадиган ғилофда одатий тарзда кўрсатилган юридик ёки жисмоний шахс, агар бошқача ҳол исботланмаган бўлса, фонограммани тайёрловчи деб эътироф этилади.
(1074, 1075 ва 1076-моддалар Ўзбекистон Республикасининг 2007 йил 16 январдаги ЎРҚ-79-сонли Қонуни таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2007 й., 3-сон, 21-модда)
1077-модда. Ижрочининг ҳуқуқлари
Олдинги таҳрирга қаранг.
Ижрочига қуйидаги ҳуқуқлар тегишлидир:
исмига бўлган ҳуқуқ;
ижрони ижрочининг шаъни ва қадр-қимматига зарар етказиши мумкин бўлган ҳар қандай тарзда бузиб кўрсатилишидан ёки ҳар қандай бошқача тарзда тажовуз этилишидан ҳимоя қилиш ҳуқуқи;
ижродан ҳар қандай шаклда фойдаланишга бўлган мутлақ ҳуқуқлар, шу жумладан ижрочининг ижросидан фойдаланишнинг ҳар бир тури учун ҳақ олишга бўлган ҳуқуқ.
Ижрочининг ижродан фойдаланишга бўлган мутлақ ҳуқуқлари қуйидаги ҳаракатларни амалга ошириш ёки бундай ҳаракатларга рухсат бериш ҳуқуқини англатади:
ижро ёзувини такрорлаш (такрорлаш ҳуқуқи);
ижро ёзувининг асл нусхаси ёки нусхаларини сотиш ёки мулк ҳуқуқини ўзгача тарзда бошқа шахсга ўтказиш йўли билан тарқатиш (тарқатиш ҳуқуқи);
ижро ёзувини барчанинг эътиборига етказиш (барчанинг эътиборига етказиш ҳуқуқи);
ижро ёзувининг асл нусхаси ёки нусхаларини, ҳатто улар ижрочининг розилиги билан тарқатилганидан кейин ҳамда асл нусхага ва нусхаларга бўлган мулк ҳуқуқидан қатъи назар, прокатга бериш (прокатга бериш ҳуқуқи);
илгари ёзилмаган ижроларни ёзиб олиш (ёзиб олиш ҳуқуқи);
ижрони эфирга узатиш ёки кабель орқали юбориш, агар бундай эшиттириш ёки кўрсатув учун фойдаланиладиган ижро илгари эфирга узатилмаган бўлса ёки ёзувдан фойдаланилган ҳолда амалга оширилмаса (ёзиб олинмаган ижрони эфирга узатиш ёки кабель орқали юбориш ҳуқуқи);
ижро ёзувини эфирга узатиш ёки кабель орқали юбориш, агар дастлаб бу ёзув нотижорат мақсадлар учун тайёрланган бўлса (ижро ёзувини эфирга узатиш ёки кабель орқали юбориш ҳуқуқи).
Агар ижро ёзувининг нусхалари уларни сотиш ёки мулк ҳуқуқини ўзгача тарзда бошқа шахсга ўтказиш воситасида фуқаролик муомаласига қонуний киритилган бўлса, уларнинг бундан буёнги тарқатилишига ижрочининг розилигисиз ва унга ҳақ тўланмаган ҳолда йўл қўйилади.
Хизмат вазифаларини ёки иш берувчининг хизмат топшириғини бажариш тартибида амалга оширилган ижроларга нисбатан тегишинча ушбу Кодекснинг 1062-моддаси қоидалари қўлланилади.
Ижрочилар ўз ҳуқуқларини ижро этиладиган асарлар муаллифларининг ҳуқуқларига риоя этган ҳолда амалга оширишлари керак.
Ижро ёзувидан даромад олиш мақсадида фойдаланилганлиги ёки ундан фойдаланиш бундай мақсадга қаратилмаганлигидан қатъи назар, ижро ёзувидан фойдаланилган деб ҳисобланади.
(1077-модда матни Ўзбекистон Республикасининг 2007 йил 16 январдаги ЎРҚ-79-сонли Қонуни таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2007 й., 3-сон, 21-модда)
Олдинги таҳрирга қаранг.
1078-модда. Фонограммани тайёрловчининг ҳуқуқлари
Фонограммани тайёрловчига ушбу Кодексга ва бошқа қонунларга мувофиқ мазкур фонограммадан фойдаланишда мутлақ ҳуқуқлар тегишлидир.
Фонограммани тайёрловчининг фонограммадан фойдаланишга бўлган мутлақ ҳуқуқлари қуйидаги ҳаракатларни амалга ошириш ёки бундай ҳаракатларга рухсат бериш ҳуқуқини англатади:
фонограммани такрорлаш (такрорлаш ҳуқуқи);
фонограмманинг асл нусхаси ёки нусхаларини сотиш ёки мулк ҳуқуқини ўзгача тарзда бошқа шахсга ўтказиш йўли билан тарқатиш (тарқатиш ҳуқуқи);
фонограммани барчанинг эътиборига етказиш (барчанинг эътиборига етказиш ҳуқуқи);
фонограмманинг асл нусхаси ёки нусхаларини, ҳатто улар фонограммани тайёрловчи томонидан ёки унинг розилиги билан тарқатилганидан кейин ҳамда унинг асл нусхаси ёки нусхаларига бўлган мулк ҳуқуқидан қатъи назар, прокатга бериш (прокатга бериш ҳуқуқи);
фонограмманинг асл нусхаси ёки нусхаларини, шу жумладан фонограммага бўлган мутлақ ҳуқуқлар эгасининг розилиги билан тайёрланган нусхаларини тарқатиш мақсадида импорт қилиш (импорт қилиш ҳуқуқи);
фонограммани эфирга узатиш ёки кабель орқали юбориш (эфирга узатиш ёки кабель орқали юбориш ҳуқуқи);
фонограммага тузатишлар киритиш ёки уни бошқача усулда қайта ишлаш (қайта ишлаш ҳуқуқи).
Фонограммани тайёрловчи ўз фонограммасидан фойдаланишнинг ҳар бир тури учун ҳақ олиш ҳуқуқига эга.
Агар чоп этилган фонограмма нусхалари уларни сотиш ёки мулк ҳуқуқини ўзгача тарзда бошқа шахсга ўтказиш воситасида фуқаролик муомаласига қонуний киритилган бўлса, уларнинг бундан буёнги тарқатилишига фонограммани тайёрловчининг розилигисиз ва унга ҳақ тўланмаган ҳолда йўл қўйилади.
Фонограммани тайёрловчининг ушбу модданинг иккинчи қисмида назарда тутилган мутлақ ҳуқуқлари шартнома бўйича бошқа шахсларга ўтказилиши мумкин. Бундай шартномага нисбатан тегишинча ушбу Кодекснинг 1067, 1068 ва 1069-моддалари қоидалари қўлланилади.
Фонограммаларни тайёрловчилар ўз ҳуқуқларини фойдаланилаётган асарлар ва ижролар муаллифлари ҳамда ижрочиларининг ҳуқуқларига риоя этган ҳолда амалга оширишлари керак.
Фонограммадан даромад олиш мақсадида фойдаланилганлиги ёки ундан фойдаланиш бундай мақсадга қаратилмаганлигидан қатъи назар, фонограммадан фойдаланилган деб ҳисобланади.
1079-модда. Эфир ёки кабель орқали кўрсатув ёхуд эшиттириш берувчи ташкилотнинг ҳуқуқлари
Эфир ёки кабель орқали кўрсатув ёхуд эшиттириш берувчи ташкилотга ўз кўрсатуви ёки эшиттиришидан фойдаланишда ушбу Кодексга ва бошқа қонунларга мувофиқ мутлақ ҳуқуқлар тегишлидир.
Эфир ёки кабель орқали кўрсатув ёхуд эшиттириш берувчи ташкилотнинг ўз кўрсатуви ёки эшиттиришидан фойдаланишга бўлган мутлақ ҳуқуқлари қуйидаги ҳаракатларни амалга ошириш ёки бундай ҳаракатларга рухсат бериш ҳуқуқини англатади:
кўрсатув ёки эшиттириш ёзувини такрорлаш (такрорлаш ҳуқуқи);
кўрсатув ёки эшиттириш ёзувининг асл нусхаси ёхуд нусхаларини сотиш ёки мулк ҳуқуқини ўзгача тарзда бошқа шахсга ўтказиш йўли билан тарқатиш (тарқатиш ҳуқуқи);
кўрсатув ёки эшиттириш ёзувини барчанинг эътиборига етказиш (барчанинг эътиборига етказиш ҳуқуқи);
кўрсатув ёки эшиттиришни ёзиб олиш (ёзиб олиш ҳуқуқи);
кириш пулли жойларда кўрсатув ёки эшиттиришни барчанинг эътибори учун юбориш (кириш пулли жойларда барчанинг эътибори учун юбориш ҳуқуқи);
кўрсатув ёки эшиттиришни ретрансляция қилиш (ретрансляция ҳуқуқи);
кўрсатув ёки эшиттиришни кабель орқали барчанинг эътибори учун юбориш ёхуд кўрсатув ёки эшиттиришни эфирга узатиш (кўрсатув ёки эшиттиришни кабель орқали юбориш ёки эфирга узатиш ҳуқуқи).
Эфир ёки кабель орқали кўрсатув ёхуд эшиттириш берувчи ташкилот ўз кўрсатуви ёки эшиттиришидан фойдаланишнинг ҳар бир тури учун ҳақ олиш ҳуқуқига эга.
Эфир ёки кабель орқали кўрсатув ёхуд эшиттириш берувчи ташкилотнинг ушбу модданинг иккинчи қисмида назарда тутилган мутлақ ҳуқуқлари шартнома бўйича бошқа шахсларга ўтказилиши мумкин. Бундай шартномага нисбатан тегишинча ушбу Кодекснинг 1067, 1068 ва 1069-моддалари қоидалари қўлланилади.
Эфир ёки кабель орқали кўрсатув ёхуд эшиттириш берувчи ташкилотлар ўз ҳуқуқларини фойдаланиладиган асарларнинг муаллифлари ҳамда ижроларнинг ижрочилари ҳуқуқларига, тегишли ҳолларда эса фонограммаларни тайёрловчилар ҳамда эфир ёки кабель орқали кўрсатув ёхуд эшиттириш берувчи ташкилотлар ҳуқуқларига риоя этган ҳолда амалга оширишлари керак.
Эфир ёки кабель орқали кўрсатув ёхуд эшиттириш берувчи ташкилотнинг кўрсатуви ёки эшиттиришидан даромад олиш мақсадида фойдаланилганлигидан ёки ундан фойдаланиш бундай мақсадга қаратилмаганлигидан қатъи назар, кўрсатув ёки эшиттиришдан фойдаланилган деб ҳисобланади.
(1078–1079-моддалар Ўзбекистон Республикасининг 2007 йил 16 январдаги ЎРҚ-79-сонли Қонуни таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2007 й., 3-сон, 21-модда)
Олдинги таҳрирга қаранг.
(1080–1081-моддалар Ўзбекистон Республикасининг 2007 йил 16 январдаги ЎРҚ-79-сонли Қонуни билан чиқарилган— ЎР ҚҲТ, 2007 й., 3-сон, 21-модда)
[
Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2004 й., 37-сон, 408-модда; 2006 й., 37-38-сон, 371-модда; 39-сон, 385-модда; 2007 й., 3-сон, 21-модда, 37-38-сон, 377-модда, 52-сон, 533-мод
07 10 2014
26 стр.
Ушбу єонун Ўзбекистон Республикасининг халєаро шартномаларини тузиш, бажариш, тўхтатиб туриш ва денонсация єилиш тартибини белгилайди
14 10 2014
1 стр.
Хўжалик суди иєтисодиёт соіасида вужудга келадиган, ушбу Кодекс ва бошєа єонунлар билан ўзининг ваколатига киритилган низолар іамда бошєа ишларни іал єилиш йўли билан одил судловни
14 10 2014
8 стр.
Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 215-моддасида белгиланган жавобгарликка сабаб бўлади
16 12 2014
1 стр.
Ушбу Қонуннинг мақсади тадбиркорлик фаолияти соҳасидаги рухсат бериш тартиб-таомилларига доир муносабатларни тартибга солишдан иборат
14 10 2014
3 стр.
Республикаси єонун іужжатлари тўплами, 2009 й., 34-сон, 370-модда бажариш маєсадида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маікамаси іузуридаги Фан ва технологияларни ривожлантиришни мув
17 12 2014
1 стр.
Республикаси єонун іужжатлари тўплами, 2010 йил, 35-36-сон, 309-модда билан тасдиєланган "Ноширлик ва матбаа корхоналари томонидан Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси іузуридаги "Ижод" фо
09 10 2014
1 стр.
Граждандык кодекстин экинчи бөлүгү 1998-жылдын 1-мартынан баштап кр 1998. 05. 01 №2 Мыйзамы менен колдонууга киргизилген
07 10 2014
35 стр.