Перейти на главную страницу
Филология фанлари номзоди илмий даражасини
олиш учун тақдим этилган диссертация
А В Т О Р Е Ф Е Р А Т И
Тошкент – 2010
Тадқиқот Муқимий номидаги Қўқон давлат педагогика институтининг ўзбек тилшунослиги кафедрасида бажарилган.
филология фанлари номзоди, доцент
педагогика университети
Диссертация ҳимояси 2010 йил ____________ ойининг ____ куни соат _____ да ЎзР ФА Алишер Навоий номидаги Тил ва адабиёт институти ҳузуридаги ДК 015.04.02 рақамли филология фанлари доктори илмий даражасини олиш учун диссертациялар ҳимояси бўйича Бирлашган ихтисослашган кенгаш йиғилишида ўтказилади.
Манзил: 100170, Тошкент шаҳри, И.Мўминов кўчаси, 9-уй.
Диссертация билан Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг Асосий кутубхонасида танишиш мумкин.
Манзил: 100170, Тошкент шаҳри, И.Мўминов кўчаси, 13-уй.
Афтореферат 2010 йил «_____» _____________________ да тарқатилди.
Бирлашган ихтисослашган кенгаш
илмий котиби, филология
фанлари номзоди Д. Худайберганова
ДИССЕРТАЦИЯНИНГ УМУМИЙ ТАВСИФИ
Мавзунинг долзарблиги. XX аср ўзбек адабий тилининг умуммиллий адабий тил даражасига кўтарилиши ва ривожланишида ўзига хос давр бўлди. Ўзбек миллий онги, тафаккури, дунёқараши, адабий тили, адабиёти ва маданиятининг шаклланиши ва тараққий этишида бадиий адабиётнинг ўрни беқиёсдир. Чунки адабий тилнинг ривожи учун бадиий адабиёт тили энг бой манба бўлиб хизмат қилади.
Адабий тилнинг бадиий мукаммалликка, миллий характерлар яратишдаги ўзига хосликка эришишида сўз санъаткорларининг машаққатли хизматларини алоҳида таъкидлаш лозим. Шу боис уларнинг асарлари тили ва услубини лингвистик жиҳатдан ўрганиш бугунги кунда муҳим аҳамиятга эга. Зеро, «ўзликни англаш, миллий онг ва тафаккур ифодаси, авлодлар ўртасидаги руҳий-маънавий боғлиқлик тил орқали намоён бўлади. Буюк маърифатпарвар бобомиз Абдулла Авлоний сўзлари билан айтганда, «Ҳар бир миллатнинг дунёда борлиғини кўрсатадурган ойинаи ҳаёти тил ва адабиётдур. Миллий тилни йўқотмак миллатнинг руҳини йўқотмакдур»1.
Улкан сўз устаси, халқ тилининг йирик билимдони, моҳир ҳикоянавис Абдулла Қаҳҳор асарлари бугунги кун маънавий қиёфамизни шакллантиришда, қалбимизда миллий ғурур, ифтихор, одамийлик туйғуларини юксалтиришда беқиёс аҳамият касб этади. Ўзбекистон Республикаси Президенти И.А.Каримовнинг 2007 йил 8 январда қабул қилган «Ўзбекистон халқ ёзувчиси Абдулла Қаҳҳор таваллудининг 100 йиллигини нишонлаш тўғрисида»ги қарорида «Ўзбек адабиёти ва маданияти ривожига улкан ҳисса қўшган атоқли адиб, Ўзбекистон халқ ёзувчиси Абдулла Қаҳҳор ижодий меросининг ёш авлодни Ватанга муҳаббат ва садоқат, миллий ва умуминсоний қадриятлар руҳида тарбиялаш борасида муҳим аҳамиятга эга экани»2 алоҳида таъкидлаб ўтилган.
А.Қаҳҳорнинг она тилига куюнчаклик билан бўлган муносабати, унинг бойлиги ва буюклигини англаш туйғуси адибнинг баъзи мақолалари қатори ҳикоя, қисса ва романларида яққол намоён бўлади. Айниқса, ёзувчи ҳикояларида ўзбек тилининг жозибаси, оҳангдорлиги, ифодалилиги, таъсирчанлиги турфа лингвистик воситалар ёрдамида тасвирлаб берилган. Хусусан, адиб ҳикоялари тилининг бадииятини таъминловчи лексик-стилистик воситалардан маҳорат билан фойдаланганлиги кишини лол қолдиради.
Ўзбек тили лексик бойлигидан юқори даражада хабардор бўлган А.Қаҳҳор уларни ўз ўрнида қўллаш борасида ҳам моҳир эди. Ёзувчининг сўз қўллаш услуби, ўзига хослиги, маҳорати каби жиҳатлар муайян даражада ўтган асрда қайсидир йўналишда ўрганилган бўлса-да, бироқ ёзувчи ҳикоялари тилининг бадииятини таъминловчи лексик-стилистик воситалар шу кунга қадар лингвистик жиҳатдан алоҳида тадқиқ этилмаган эди. Ваҳоланки, А.Қаҳҳорга хос лингвопоэтик маҳоратни белгилашда мазкур жиҳат ўта муҳим ва долзарб ҳисобланади.
Муаммонинг ўрганилганлик даражаси. Ўтган асрда А.Қаҳҳор асарлари тилининг лингвистик хусусиятлари, унинг сўздан фойдаланиш маҳорати устида айрим ишлар қилинди. Масалан, И.Қўчқортоев А.Қаҳҳорнинг фразеологик новаторлиги ҳамда улардан фойдаланишдаги маҳоратини махсус тадқиқ этди. Олим бунда асосий эътиборни ўзбек тилшунослигида долзарб мавзулардан бири бўлган ёзувчининг фразеологик иборалар яратиши, умуман, тилда фразеологик ибораларнинг вужудга келиши масалаларига: ибора яратиш йўллари ва усулларига ҳамда уларнинг семантик-стилистик хусусиятларини таҳлил қилишга қаратди. Бу муаммони А.Қаҳҳорнинг асарларида қўлланган индивидуал фразеологик неологизмларни тадқиқ қилиш орқали ҳал қилди3. А.Қаҳҳор асарларини бадиият талаби билан лингвистик тадқиқ қилишда И.Қўчқортоев билан бир қаторда Р.Қўчқортоева, М.Омилова, Н.Маҳмудов, А.Абдуллаева, Х.Дониёров, Б.Йўлдошевларнинг хизматларини ҳам алоҳида таъкидлаб ўтиш лозим4. Уларнинг теран мазмундаги тадқиқотлари А.Қаҳҳор асарлари тилини ўзбек тилида такомиллашиб бораётган лингвопоэтик аспектда ўрганишда пойдевор бўлиб хизмат қилади. Чунки «Абдулла Қаҳҳор асарларининг лингвопоэтикаси ҳозиргача мукаммал тадқиқ этилган эмас»5.
«Абдулла Қаҳҳор ижоди юксак эъзозга, теран тадқиқотларга муносиб бўлган, маданиятимиз тарихидан алоҳида ўрин оладиган улкан маънавий бойликдир»6. Шунинг учун адиб ижодини чуқурроқ текшириш, унинг ўзига хос индивидуал маҳорат сирларини очиб бериш нафақат адабиётшуносликнинг, балки биз, тилшуносларнинг ҳам олдимизда турган муҳим, айни дамда, катта масъулият туйғусини юклайдиган вазифалардан биридир.
− бадиий асар тилининг ўзбек тилшунослиги ва адабиётшунослигида ўрганилиш ҳолатини баҳолаган ҳолда уларни лингвопоэтик тадқиқот доирасида умумлаштириш;
− адиб ижодининг ўзбек тилшунослигида ўрганилиш даражасини белгилаш ва унинг бугунги кундаги долзарб аҳамиятини кўрсатиб бериш;
− ёзувчининг сўз танлаш ва қўллашдаги ўзига хос индивидуал услубининг лингвистик ва бадиий-эстетик асосларини очиб бериш;
− А.Қаҳҳор ҳикоялари тилининг бадииятини таъминловчи лексик воситаларнинг лексик-семантик хусусиятларини лингвопоэтика билан ўзаро алоқадорликда ўрганиш;
− ёзувчи ҳикояларида қўлланган кўчма маъно касб этувчи лексемаларнинг коннотатив-эстетик вазифасини аниқлаш;
− ёзувчининг чегараланган лексикадан фойдаланишдаги индивидуал услубий маҳоратини очиб бериш;
− ҳикоялардаги семантик-стилистик воситалар: ўхшатиш, эпитет, жонлантириш, такрор, киноя каби воситаларнинг лингвопоэтик хусусиятларини ёзувчининг сўз қўллаш маҳорати орқали ёритиш;
− А.Қаҳҳорнинг бадиий тил маҳоратини замондош ёзувчилар услуби билан қиёсий тадқиқ қилиш орқали баҳолаш.
Тадқиқот объекти. А.Қаҳҳорнинг 1987 йилда нашр қилинган «Асарлар»ининг 1- ва 2- жилдига киритилган 42 та ҳикоясидан 40 таси тадқиқот объекти қилиб олинди. Ўрни билан қиёсий таҳлил учун Ойбек, Ғ.Ғулом каби сўз санъаткорларининг насрий асарларига мурожаат қилинди. Ёзувчи ҳикояларида қўлланган лексик-стилистик воситаларнинг бадиийликка хизмат қилишини лингвопоэтик аспектда тадқиқ этиш тадқиқот предмети бўлиб хизмат қилди.
Тадқиқот методлари. Мазкур ишни лингвопоэтик аспектда тадқиқ этишда диалектик тафаккур қонуниятларига асосландик. Ва унинг қонуниятларини бадиий матнга татбиқ қилган ҳолда шакл ва мазмун, макон ва замон, хусусийлик ва умумийлик, сабаб-оқибат тамойилларига таяндик. Асосан, семантик-стилистик, компонент таҳлил, тавсифлаш, қиёслаш, лингвопоэтик ва прагмалингвистик таҳлил усулларидан фойдаланилди.
Ҳимояга олиб чиқилаётган асосий ҳолатлар:
− А.Қаҳҳор ҳикоялари тилининг бадииятини таъминловчи лексик-стилистик воситалар гуруҳи аниқланди ва ўзбек тилшунослигида илк бор лингвопоэтик аспектда таҳлил қилинди;
– лингвопоэтиканинг шакл ва мазмун категорияси белгиланди; индивидуаллик лингвопоэтик таҳлилнинг асосий тамойилларидан бири сифатида кўрсатилди;
− ёзувчининг асар бадииятини таъминлашда сўзнинг кўчма маъноларидан фойдаланиш маҳорати туркумлараро ва сўзларнинг ЛСГлари доирасида изоҳланди ва лингвопоэтик имкониятлари ёритилди;
− чегараланган лексиканинг поэтик актуаллашуви, бадиий образлилик қиммати кўрсатилди;
− тарихий сўзларнинг (архаик сўзлар каби) стилистик имкониятлари ёзувчи ҳикоялари мисолида кўрсатиб берилди;
− диалектизмларнинг тасвирийлиги, эстетик-таъсирчанлиги фақат персонаж нутқида эмас, муаллиф нутқида ҳам ифодаланиши мумкинлиги исботланди;
− оғзаки нутқ лексикасининг семантик-стилистик, лингвопоэтик имкониятлари очиб берилди;
− семантик-стилистик воситаларнинг лингвопоэтик хусусиятлари ёзувчининг индивидуал услуб қирралари билан боғлиқ ҳолда ўрганилди; шунингдек, жонлантириш синтактик ҳодиса сифатида кўрсатилиб, унинг компонент тузилиши аниқланди;
− тадқиқотда лингвопоэтиканинг қиёсий таҳлил усулига мурожаат қилинди ва А.Қаҳҳорга хос лингвистик маҳорат Ойбек ва Ғ.Ғуломнинг сўз қўллаш маҳорати билан қиёсан тадқиқ этилди.
Ўзбек тилшунослиги ҳам бошқа фан соҳалари сингари доимо ўсиш ва ўзгаришда. У ўзининг назарий ва амалий фаолиятини давр билан ҳамнафасликда такомиллаштириб бормоқда. Бугунги кун ўзбек тилшунослигининг тараққиёти тўртта энг муҳим тенденциялар асосида ривож топаётгани, шулардан бири – ўзбек тилини ўрганишнинг амалий босқичида қўлга киритилаётган ютуқлар асосида бевосита кузатишда берилган нутқий ҳодисалар замиридаги лисоний моҳиятларни идрок этишга интилиш олимларимиз томонидан эътироф этилмоқда7. Ана шундай нутқий ҳодисалардан бири бўлган матн ва унинг қурилишини ўрганиш ўзбек тилшунослигида сўнгги йилларда ривож топаётган матн лингвистикаси, прагмалингвистика, лингвопоэтика ва эндигина оёққа тураётган когнитив тилшунослик соҳаларини шакллантиришда муҳим аҳамият касб этяпти. Бунинг натижаси ўлароқ, шахс ва тил муносабатига эътибор кучаймоқдаки, бу тилшунослик фанини идрок этиш, билиш, тушуниш, таҳлил қилиш фаолиятларига оид тушунча ва категориялар билан бойитмоқда. «Натижада тилшуносликнинг мантиқ, психология, билиш назарияси каби когнитив фан соҳалари билан ҳамкорликка эҳтиёжи кучаймоқда»8. Демак, ҳозирги кунда тилшунослар эътиборини тортиб келаётган шахс ва тил муносабати бевосита когнитив тилшунослик билан узвий алоқадорликда ўрганилишни тақозо этмоқда. Ишга бу тарзда амалий ёндашиш кейинги йилларда кўплаб тилшуносларни қизиқтириб келаётган бадиий асар тилини лингвистик жиҳатдан таҳлил қилишда кутилган натижаларни бериши шубҳасиз. Чунки «лингвистик таҳлил – когнитив таҳлилнинг бир тури, унинг маълум бир кўринишда намоён бўлишидир»9.
Ўзбек тилшунослигида лингвопоэтиканинг оёққа туришида ва ривожланишида Х.Дониёров, С.Мирзаев, Қ.Самадов, И.Қўчқортоев, Х.Абдурахмонов, Н.Маҳмудов, Б.Умурқулов, И.Мирзаев, М.Йўлдошев каби олимларнинг хизматлари катта бўлди10.Улар бадиий асар тилининг стилистик, бадиий-эстетик жиҳатларини ёзувчининг сўз танлаши, унинг ўзига хос тили, умумхалқ тилига бўлган муносабати, янги сўз ва иборалар яратиши каби омиллар нуқтаи назаридан текширдилар. Айниқса, М.Йўлдошев томонидан бадиий матн лингвопоэтик хусусиятларининг ўзбек тилшунослигида биринчи марта диссертацион планда тадқиқ этилиши бу борадаги ишларни яна бир поғона юқорига кўтарди. Олим бадиий матнни лингвопоэтик таҳлил этишнинг етти тамойилини: шакл ва мазмун бирлиги, макон ва замон бирлиги, матн тилининг умумхалқ тили ва адабий тилга муносабатини аниқлаш, бадиий матнга бадиий-эстетик бутунлик сифатида ёндашиш ва асар концептини аниқлаш, бадиий матнда поэтик актуаллашган тил воситаларини аниқлаш, бадиий матндаги эксплицитлик ва имплицитлик нисбатини аниқлаш, бадиий матндаги интертекстуаллик механизмларининг лисоний ва семантик хусусиятларини аниқлаш тамойилларини ишлаб чиқди11. Олимнинг бу қарашларини тўла қўллаб-қувватлаймиз ва, бизнингча, индивидуаллик ҳам бадиий матн кўрсаткичларидан бири бўлиб, лингвопоэтик таҳлил жараёнида ёзувчининг ўзига хос услубий маҳоратини тадқиқ этишда бош мезон ҳисобланади. Чунончи, В.В.Виноградов таъкидлаганидек, «индивидуал услуб тушунчаси бадиий матн тадқиқининг асосий категорияларидан бири сифатида тан олинади»12. Индивидуаллик, ягоналик ёзувчининг ижод жараёнида сўз танлаш санъати билан белгиланади. Бу ўз ўрнида ёзувчининг лисоний шахсиятини, яъни бадиий тафаккурини, шахсий идрок тарзини, қолаверса, лисоний лаёқати – лингвистик маҳоратини намоён этади. Айниқса, индивидуал услуб тушунчаси бирор муаллиф асарлари тилини унга замондош ижодкор асарлари тили билан қиёсий тадқиқ қилинганда янада ойдинлашади. Чунки ёзувчи услубида санъаткор томонидан эстетик жиҳатдан қўлланган барча тил воситалари унинг бадиий тафаккури билан ички боғлиқлик асосида бирлашади.
Бадиий асар тилини ўрганиш кенг қамровли жараён бўлиб, нафақат адабиётшуносликка оид бадиий ғоя, фикр, умумий образлилик, индивидуаллик, бадиий маҳорат, шунингдек, тилшуносликка оид семиотика, коннотация, прагматика каби тушунчаларни умумлаштиради, когнитив фан соҳалари билан ҳам боғланиб, ўзининг таҳлил доирасини билиш, тушуниш, идрок этиш, таҳлил қилиш, лисоний тафаккур, лисоний онг, лисоний фаолият, лисоний шахсият каби тушунчалар билан ҳам кенгайтириб боради. Ишга мана шу тарзда комплекс ёндашиш лингвопоэтика учун кутилган натижаларни беради.
Биринчи боб «Абдулла Қаҳҳор ҳикояларида сўз кўчма маъносининг лингвопоэтик имкониятлари» деб номланган.
Ўзбек тилшунослигида кўчимлар лексик маъно тараққиёт йўлларидан бири бўлиб, сўзнинг узуал ёки окказионал маъно доирасида ҳосил қилинади. Кўчимлар бадиий матн доирасида талқин қилинганда кўпроқ уларнинг моҳиятига (объективликдан чекинмаган ҳолда) субъективлик нуқтаи назаридан ёндашиш мақсадга мувофиқ. Чунки ёзувчи (субъект)нинг объектга шахсий муносабати, дунёқараши, баҳолашдан кутилган бадиий нияти ва мақсади кўчимларда ўз инъикосини топади.
Бобнинг биринчи бўлими «Ёзувчининг метафоралардан фойдаланиш маҳорати» деб номланади. Метафоралар кўчим турлари орасида жуда кенг тарқалган бўлиб, улар ўз хусусиятига кўра доимий ва индивидуал метафораларга бўлинади. А.Қаҳҳор индивидуал метафоралар яратишда от, сифат, феъл туркумига оид лексемалардан унумли фойдаланган. Жумладан, от-метафоралардан ўз идеолектида реаллашган хусусий яширин маъноларни имплицит тарзда ифодалашда, таъсирчан, образли ифодалар яратишда; сифат-метафораларнинг коннотатив маъноларидан қаҳрамонларнинг характер-хусусияти, сийрат ва суратини тасвирлашда, асар композициясида воқеалар ривожида ечилувчи мавҳум конситуацияга ишора қилувчи тугун ҳосил қилишда ва бадиий-ғоявийликка эришишда; феъл-метафоралардан воқеа-ҳодисанинг интенсивлигини оширишда, персонажлар характер-хусусиятига имплицит ишора қилишда таъсирчан омил сифатида фойдаланиб, ҳикоялари тасвирийлигини, бадиий-эстетик қувватини оширган.
Метафоралар энг кўп ижодийликни талаб этиши билан бошқа бадиий тасвир воситаларидан фарқ қилади. Метафора яратиш ижодкордан кенг дунёқараш, олам ва одам ҳақида чуқур фикр юрита олиш, руҳият ва табиатни яхши билишни талаб этади. Метафора образнинг нафақат ташқи қиёфаси, балки унинг руҳий оламида кечаётган ҳолатларни тингловчи ёки ўқувчи кутмаган фавқулодда бадиий ҳукм асосида тасвирлаш ёки ифодалашга йўл очади:
– Озибманми, қорайибманми? – деди.
– Йўқ, жуда жойида… Майиз бўлибсан… («Асрор бобо»)
Берилган жумладаги майиз лексемаси метафорик маънода қўлланган бўлиб, унинг семема структураси қуйидагича:
майиз – а) узумнинг қуритилган ҳолати (қуруқ мева); б) бурушиқ ҳолатда; в) қора рангли; г) мазали, ёқимли; д) физиологик ҳолат ва ҳ.к. Бунда а сема майиз лексемасининг генетик семаси ҳисобланади. Метафорик ҳосила маънонинг юзага чиқишида б, в, г, д семалар асос бўлиб хизмат қилган ҳамда бадиий мазмун ифодаланишида поэтик актуаллашган. Ёзувчи инсон феноменининг ташқи қиёфасини тасвирлашда ўзига хос йўл тутади. Яъни Асрор бобонинг ҳаёт қийинчиликларига чап бериб келаётган жуссасини, ёлғиз ёдгори – ўғлининг ҳасратида озиб қорайган, ажин тушган юзини образли тасвирлашда майиз лексемасини ижобий прагматик мақсадда қўллаб, қаҳрамоннинг салбий кўринишга эга бўлган ҳолатини ёқимли ифодалаганки, беихтиёр китобхонда Асрор бобонинг қиёфасига нисбатан илиқ туйғулар пайдо бўлади, қаҳрамон дардини ўз қалбида туяди. Кузатишларимиздан шу нарса маълум бўлдики, А.Қаҳҳорнинг портрет яратиш манерасида метафоралардан фойдаланиш маҳорати А.Қодирий услуби билан маълум даражада уйғунлик ҳосил қилади, бироқ Ойбек, Ғ.Ғулом ижодидаги портрет яратиш услуби билан муқояса қилганимизда уларнинг бир-биридан кескин фарқ қилишининг гувоҳи бўлдик. Ойбек ва Ғ.Ғулом персонажнинг ташқи қиёфасини тасвирлашда метафорага нисбатан ўхшатишлардан, баъзан жонлантиришдан унумли фойдаланган.
Бобнинг иккинчи бўлими «Ёзувчининг метонимиядан фойдаланиш маҳорати» деб номланади. Тадқиқотда, асосан, от-лексемалар доирасида ҳосил қилинган метонимиялар таҳлилга тортилган. Тилдаги барча тасвирий воситалар сингари метонимиянинг ҳам бадиий адабиётда ўзига хос ўрни бор. Тўғри, у тилнинг бошқа тасвирий воситалари сингари (синекдоха бундан мустасно) бадиий адабиётда кенг тарқалган эмас, лекин шундай бўлса-да, тилнинг эстетик функциясини оширишда муҳим омиллардан ҳисобланади. Метонимия бадиий асарда ижодкор ғоясини, мақсадини ёритишда бирмунча актуал вазифани бажаради. Масалан: Бизни ҳамма нарсадан бенасиб қилмоқчи бўлган Гитлер ҳозир ҳам анча нарсадан маҳрум қилди. Қани илгариги қишлоқ? («Асрор бобо») Берилган матн фрагментида қишлоқ лексемаси “файз-тароват” семаси билан метонимик жумла ҳосил қилган. Эллипсис натижасида содир бўлган нутқий метонимия қишлоқнинг файзу таровати бирикмасининг қисқарган шаклидир. Белгисиз қаратқич билан ифодаланган метонимия эллипсисга учраган қаралмишдан англашилган ўрин-жойнинг белги-хусусиятини ифода этган. Ёзувчи қишлоқ лексемаси орқали метонимик жумла ҳосил қилар экан, унга катта ғоявий мазмун юклайди. Қаҳрамон қалбидан отлиб чиққан бу нидо Иккинчи жаҳон уруши йилларида фронт ортидаги ўзбек халқининг машаққатли ҳаётини яққол акс эттиради. Асрор бобонинг биргина Қани илгариги қишлоқ? гапида катта бир дард, ғам, алам, ўкинч бор. Асрор бобо бу гапларни гапираётганда қишлоқнинг урушдан олдинги ҳаёти, файзу тароватини: халқ сайилларидаги турли томошалар, йигит-қизларнинг шўх яллалари, хонадонлардаги тўй-томоша, шод-хуррамлик, чойхонани тўлдириб ўтирган чолларнинг шўх аскияларини эслайди. Ҳозир-чи… ҳозир кўчалар, гузарлар, чойхоналар ҳувиллаб қолган, хонадонлардан шод-хуррамлик садолари ўрнига йиғи-сиғи, аза нидолари эшитилади, ҳатто қачонлардир хонадонга шод-хуррамлик бахш этган чақалоқ йиғиси энди гўё уруш даҳшатидан чинқираётган гўдак ноласига ўхшаб туюлади. Буларнинг барча-барчаси Асрор бобонинг қалбида чарх ураётган дард, ғам, алам, ўкинчнинг аччиқ изтироби бўлиб, улар метонимик қўлланган қишлоқ лексемасида ёзувчининг иллокутив (яширин) прагматик мақсадини имплицит ифодалашга хизмат қилган.
Бобнинг учинчи бўлими «Ёзувчининг синекдохадан фойдаланиш маҳорати» деб номланиб, унда синекдоханинг жаҳон ва ўзбек тилшунослигида ўрганилиши юзасидан фикр юритилган ҳамда унга ёндош ҳодисалардан фарқи кўрсатилиб, мустақил тасвир воситаси сифатида талқин этилган. Ўрни билан тилшунос олимларнинг синекдоха борасидаги назарий қарашларига муносабат билдирилган.
Адиб ҳикояларида синекдоханинг: а) бутун ўрнида қисм; б) қисм ўрнида бутун; в) кўплик сон ўрнида бирлик (яъни миқдор муносабатидаги синекдохалар) каби турлари учрайди. Синекдохалар бадиий матнда қўлланганда мураккаб гап тузилишларини, ортиқча чийралган сўз ва ифодаларнинг олдини олади, матн жумлаларига соддалик, аффективлик бахш этади. А.Қаҳҳор синекдоханинг ана шу имкониятларидан ҳикоялари тилини безашда, асар бадииятини таъминлашда унумли фойдаланган ижодкордир.
Диссертациянинг иккинчи боби «Абдулла Қаҳҳор ҳикояларида чегараланган лексиканинг лингвопоэтик имкониятлари» деб номланган. Бобнинг биринчи бўлимида ёзувчининг эскирган сўзлардан фойдаланиш маҳорати лингвопоэтик таҳлилга тортилган.
Эскирган сўзлар, уларнинг турлари, услубий қўлланилишига доир ҳодисалар рус тилшунослигида Н.М.Шанский, И.К.Созанова, А.Б.Калинин, Н.А.Гвоздев, А.И.Ефимов каби олимлар томонидан чуқур ва атрофлича ўрганилган13. Ўзбек тилшунослигида сўзларнинг эскириш сабаби ва қонуниятлари Ш.Раҳматуллаев, Э.Қиличев, А.Шомақсудов, Ш.Шоабдураҳмонов, Э.Бегматов, Х.Абдураҳмонов, Н.Маҳмудов, Ҳ.Неъматов, Р.Расуловлар томонидан кенг ва атрофлича ёритилган14 бўлса-да, алоҳида олинган ёзувчи асарлари тилида қўлланган эскирган сўзларнинг услубий ва бадиий-эстетик хусусиятлари доирасида қилинган тадқиқотлар озчиликни ташкил этади15. Сўнгги йилларда бу борада сезиларли даражада тадқиқот ишлари амалга оширилди, лекин бу масаланинг тўлиқ ўрганилганлигини билдирмайди, албатта. Бу эса тадқиқотимизга қўйилган масаланинг муҳим ва долзарблигини белгилайди. А.Қаҳҳор тарихий қатламга оид лексик бирликлардан ҳикоялари тилининг бадииятини таъминлашда ўта синчковлик ва маҳорат билан фойдаланган. Адибнинг бу борадаги маҳоратини таниқли адабиётшунос олим О.Шарафиддинов қуйидагича баҳолайди: «Тарихий асар яратишга интилмаган ҳолда халқ ҳаётининг тарихан ҳаққоний манзарасини чизиш – Абдулла Қаҳҳор ижодининг муҳим хусусиятидир»16.
Маълумки, ҳар қандай сўзнинг маъно қирралари, қўлланилиш услуби бадиий матн доирасида ёзувчи идеолектига хос бўлган прагматик мақсадларни юзага чиқариш билан намоён бўлади. Сўзни қандай ва қай мақсадларда қўллаш, албатта, ёзувчи услубига хос. Кузатишларимиз асосида А.Қаҳҳор ҳикояларида қўлланган тарихий сўзларнинг архаизмларга хос стилистик вазифаларда келишининг гувоҳи бўлдик. Бу эса А.Қаҳҳорнинг Ойбек ва Ғ.Ғуломдан фарқли равишда тарихий сўзлардан фойдаланишдаги ўзига хос маҳоратини белгилайди. Масалага аниқлик киритиш учун қуйидаги мисолларни муқояса қилиб кўрайлик: Ҳарам доираси бу кун шовқин-суронсиз эди. Подшоҳнинг бир-бирига яқин, лекин айрим-айрим саройда яшаган хотинлари шоҳ хонадонига мансуб бир шаҳзоданинг тўйига кетишган эди. ( «Навоий»)
[Зуҳра:] – Ота-онаси феодал, феодализмнинг уяси, мени чўри, уй чўриси қилмоқчи бўлишди! Ўзинг биласан, уй-рўзғор ишига уқувим йўқ, қозон-товоқни жинимдан баттар ёмон кўраман. Шунинг учун аям мени фақат ўқитганлар, мен ҳам яхши ўқиганман. Йўқ, буларга мен оқсоч бўлишим керак экан! («Нурли чўққилар»)
Ҳар икки матн фрагментида ҳам тарихий сўзлар гуруҳи иштирок этган. Ойбекнинг «Навоий» романидан келтирилган тарихий сўзлар гуруҳи ўз номинатив маъноси билан ўтмиш колоритини бериб, воқеликни реал акс эттиришга хизмат қилган бўлса, иккинчи лексик қуршовда иштирок этган тарихий сўзлар эса бадиий матнда номинатив маъноси билан бир қаторда ёзувчи идеолектига хос иллокутив прагматик мақсадларни юзага чиқарувчи услубий восита сифатида қўлланган. Жумладан, ёзувчи тарихий қатламга оид лексик бирликлар билан персонаж нутқини индивидуаллаштириш орқали бадиий матнга кучли экспрессивлик олиб кирган, аслида эса ҳаётдан ажралиб қолган, одоб-ахлоқ ўрганмаган бу аёлнинг ҳолати, хатти-ҳаракати ва қисмати, ҳақиқий маънавий қиёфасини персонажнинг ўзига хос нутқи орқали очишга эришган. Шунингдек, тадқиқотда ёзувчининг архаизмлардан фойдаланиш маҳорати ҳам атрофлича таҳлилга тортилган.
Иккинчи бўлимда ёзувчининг ноадабий қатламга оид лексик бирликлардан фойдаланиш маҳорати хусусида сўз юритилади. Унда диалектизмлар, этнографик сўзлар, оғзаки нутқ лексикасига оид сўз ва иборалар, вульгаризм ва варваризмлар бадиият талаби билан таҳлилга тортилган.
XX асрнинг 70-йилларидан бошлаб диалектизмларнинг бадиий асар тилидаги семантик-стилистик хусусиятлари ўрганила бошланди17. Маълумки, бадиий матнда диалектизмларнинг лексик, фонетик, грамматик каби турлари учрайди. Биз таҳлил объекти қилиб олган А.Қаҳҳор ҳикояларида уларнинг, асосан, лексик тури иштирок этган ва ўрни билан ёзувчининг бадиий мақсадларига хизмат қилган.
Айрим тилшунослар бадиий асарлардан келтирилган мисоллар асосида муаллиф ва персонажлар нутқида қўлланган диалектал сўзларнинг стилистик функцияларини ўзаро фарқлаб: «…диалектизмларнинг ҳақиқий эстетик моҳияти, асосан, персонаж нутқида яққол кўринади, диалектизмлар характерологик ва экспрессив имкониятларини ана шу персонаж нутқида ҳақли равишда намоён қила олади»18, деб кўрсатадиларлар. Маълумки, ҳар қандай тил бирлигининг услубий имкониятлари каби шева сўзларининг семантик-стилистик имкониятлари ҳам матн доирасида ойдинлашади. Бу, албатта, ёзувчининг идеолекти билан боғлиқ ижодий тафаккурнинг маҳсули сифатида юзага чиқиб, унинг иллокутив прагматик мақсадларини намоён этади. Демак, сўз танлаш ёзувчи ихтиёрида экан, уни қандай усулда баён этиш ҳам унинг индивидуал салоҳиятига, маҳоратига боғлиқ. Шундай экан, бизнингча, диалектал сўзлар бадиий матн доирасида фақат персонажлар нутқида эмас, балки муаллиф нутқида қўлланганда ҳам ўзининг эстетик вазифасини бажариши мумкин. Фикримизни ёрқинлаштириш учун Ойбек ва А.Қаҳҳор асарларидан келтирилган қуйидаги мисолларни чоғиштириб кўрайлик:
[Мирзакаримбой:] Эшигимда жуда кўп одамлар ишлаган. («Қутлуғ қон») …Сандалда ўтириб пинакка кетган додхо уйғониб тамшанди, бошини кўтариб Унсинни кўрди-ю, «жон бераётипти» деб ўйлади шекилли, кўзлари олайди, ундан кўзини олмай секин ўрнидан турди, худди ўлим хавфидан қочгандай, бир ирғиб сандалдан ошди-да, ўзини эшикка урди…(«Даҳшат»)
Берилган ҳар икки лексик қуршовда эшик сўзи шевага хос сўз бўлиб, адабий тилда ҳовли, уй-жой, хонадон каби муқобилларига эга. Бу сўз Қўқон шевасида ташқари маъносида фаол қўлланади. Юқорида, Ойбекнинг «Қутлуғ қон» романидан келтирилган биринчи лексик қуршовда эшик сўзи персонаж нутқида қўлланган бўлиб, унинг нутқига маҳаллий колорит берган, лекин унда бошқа эстетик, услубий имкониятларнинг юзага чиққанлиги кузатилмайди. А.Қаҳҳорнинг «Даҳшат» ҳикоясидан келтирилган мисолда шевага хос сўз муаллиф нутқида келтирилган. Эшик сўзи худди юқоридаги каби воқеликка маҳаллий колорит берган ва ундан фарқли равишда ўзига хос эстетик вазифани ҳам адо этган. Эшик сўзи матн доирасида ўзига алоқадор бўлган сўзлар билан синтагматик алоқага киришиб, бир бутун ҳолда турғун бирикма – фразеологик ибора шаклида қўлланган ва ўзига хос образлиликни вужудга келтирган. Ҳикояда бераҳм, шафқатсиз, разиллик йўлида ҳеч нарсадан тап тортмайдиган, айни дамда, қўрқоқ, юраксиз додхо жабр-зулм, қуллик тақдирига қарши бош кўтарган Унсиннинг бошига солган даҳшатли қийноғининг ҳосиласи олдида ўзи ҳам даҳшатга тушади. Ёзувчи ана шу даҳшат қаршисидаги додхо хатти-ҳаракатларини ишонарли, айни пайтда, интенсив ифодалашда ўзини эшикка урди бирикмасидан ўринли фойдаланган ҳамда ҳикоя бадииятига образлилик, эстетик руҳ бағишлаган.
Этнографик сўзлар муайян халқ, миллат вакилларининг ўтмиши, маданияти, эътиқоди, урф-одатлари, ўзига хос дунёқараши, турмуш-тарзи ҳақида батафсил маълумот беради. А.Қаҳҳор ҳикояларида қўлланган этнографик сўзлар, асосан, халқнинг турмуш тарзи, эътиқоди билан боғлиқ бўлган миллий-эстетик ҳодисаларни ифодалашга хизмат қилган. Масалан: Сотиболдининг хотини оғриб қолди… Бахши ўқиди. Аллақандай бир хотин келиб толнинг хипчини билан савалади, товуқ сўйиб қонлади. («Бемор») Берилган парчадаги бахши, ўқимоқ, саваламоқ, қонламоқ каби сўзлар этнографик сўзлар бўлиб, бахши – «дуолар ўқиб, дам солиб, ирим-сиримлар қилиб даволовчи табиб»19; саваламоқ, ўқимоқ – «касални даволаш учун унинг ҳузурида турли оят ва дуоларни зикр этмоқ» (ЎТИЛ.I.7;527.); қонламоқ – «жонлиқ сўйиб, унинг қонини беморнинг баданига суртмоқ» (ЎТИЛ.I.597. ) каби маънолари билан иштирок этган.
А.Қаҳҳор юқоридаги бирликларни қўллар экан, «…ҳаёт ҳақиқатини мукаммалроқ бериш пайида бўлган, ўша давр шароитида жаҳолатда умр кечирган камбағал бир оиланинг ночор аҳволини, ўлимга маҳкум этилган фожиали қисматини бутун кескинлиги билан кўрсатишга муваффақ бўлган»20.
Оғзаки нутқ лексикаси умумхалқ тили доирасидаги сўзлашув тилига хос луғавий бирликлар, ноадабий қатламга оид диалектизмлар, жаргон ва арголар, вульгаризм, варваризм каби луғавий қатламларни ўз ичига олади. Тадқиқотда оғзаки нутқ лексикасининг бир тармоғи – умумхалқ тили доирасидаги жонли сўзлашув тилига хос луғавий бирликлар (сўз ва иборалар) ва уларнинг бадиий матндаги услубий имкониятлари, поэтик актуаллашуви ҳақида фикр юритилади.
А.Қаҳҳор ҳикояларида ўлсин, ўргилиб кетай, опанг ўргилсин, онанг ўргилсин, ўла қолсин, вой шўрим каби жонли сўзлашув тилига хос сўз ва иборалар ҳам борки, улар аёллар нутқига хос миллий колорит ҳосил қилиб, ҳикояларнинг халқчиллигини таъминлашда актуал вазифа бажаради. Улар нутқ доирасида `менсимаслик`, `эркалаш`, `норозилик`, `ачиниш` каби маъно оттенкаларига эга. Масалан: [Унсин:] – Ўлсин, нокас одам экан, битта қўйни деб… Кошки арзийдиган нарса бўлса!.. – деди. («Даҳшат») Келтирилган мисолда бир қарашда сўзлашув тилига хос ўлсин сўзи `менсимаслик` маъно оттенкаси билан юзага чиққандай туюлади. Албатта, буни инкор қилиб бўлмайди. Лекин бу ўринда ёзувчининг позицияси ўзига хос: Унсин топталган эркини қайтариб олиш мавриди келганини пайқайди ва нутқидаги шу биринчи сўз орқали ўз рақиби – додхо юрагига ҳанжар санчади. Ёзувчи ҳикояда очиқ тасвирланмаган мана шу ситуацияни Унсин нутқи орқали имплицит тарзда ўта моҳирлик билан қўллаб, ҳикоя бадииятида ўта таъсирчан бадиий-эстетик ифода яратади. А.Қаҳҳор қаҳрамонлар тасвирини чизишда ҳам сўзлашув тилига хос халқона оҳанглардан усталик билан фойдаланиб, ўзининг бетакрор услубини яратган: Унинг битта-иккита қора тук чап бериб қолган оппоқ чўққи соқоли… Ёпиримей, соқол ҳам одамга шунча ярашадими-я!.. («Тўйда аза»)
Вульгаризмлар бадиий матнга кучли экспрессия олиб кирувчи лисоний воситадир. Бу ёзувчининг сўз қўллаш маҳорати билан боғлиқ, албатта. Жумладан, А.Қаҳҳор ўз ҳикояларида нутқнинг таъсирчанлигини ва воқеаларнинг аниқлигини таъминлашда вульгаризмлардан ўрни билан моҳирона фойдаланган. Адиб ҳикояларида аксарият вульгаризмлар персонажлар нутқида келтирилган, айрим ўринларда уларни муаллиф нутқида ҳам учратиш мумкин. Масалан: Додхонинг дами ичига тушиб кетди. Бир гадоваччанинг бу даргоҳдан кетишга ошиқиши унга ҳақорат бўлиб тушди. («Даҳшат») Берилган лексик қуршовда гадовачча сўзи кишиларнинг ташқи камчилигини ифодаловчи вульгаризм бўлиб, ижтимоий жиҳатдан паст табақага мансуб кишига нисбатан қўлланган. Бунда у муаллиф нутқида келтирилса-да, додхонинг назари билан баҳоланганлигини пайқаш қийин эмас, чунки бу сўз конситуацияда `менсимаслик`,`камситиш` ифода семалари билан реаллашган. Ёзувчи Унсиннинг ижтимоий ҳолатини додхо назари билан баҳолар экан, ўз бойлик-мартабасини ҳамма нарсадан устун қўювчи, аслида бир «гадовачча» олдида ҳам руҳан, ҳам маънан қашшоқ бўлган додҳонинг руҳий ҳолатини, ҳақиқий тубан қиёфасини ўта таъсирчан ифодалаган.
Диссертациянинг «Абдулла Қаҳҳорнинг семантик-стилистик воситалардан фойдаланиш маҳорати» номли учинчи боби олти бўлимдан иборат бўлиб, биринчи бўлим «Ўхшатиш» деб номланган. Шу кунга қадар амалга оширилган қатор ишларда ўхшатишларнинг таркибий компонентлари, қўлланиш услуби, образ яратиш функциялари ҳақида қатор қимматли фикрлар майдонга келди. Бироқ ўхшатишлардаги хусусийликнинг умумийликка томон силжиши, яъни сўзловчининг ички мақсади акс этган хусусий яширин мазмун кўринишларининг асарнинг умумий ғоясига нечоғлик боғлиқлиги масаласи ўзининг ечимини топганича йўқ. Маълумки, «лингвистик прагматика тилшуносликнинг янги соҳаси сифатида нутқ субъектининг ички мақсади билан боғлиқ яширин пропозицияларни ўрганади»21. Тилнинг тасвирий воситалари лингвистик прагматиканинг бирлиги – прагмема сифатида ана шу хусусий яширин мазмун кўринишларини ўз зиммасига олади. Ўхшатишлар ҳам бундан мустасно эмас.
Кўр ойдин. Осмоннинг чеккаси сариқ-кир увадага ўхшайди.(«Даҳшат»)
Бунда ўхшатиш жонсиз нарсалар ўртасида юзага келган, яъни осмоннинг чеккаси сариқ-кир увадага образли ўхшатилган. Кўр ойдин кечада, бўронли тунда булутлар орасидан тушиб турган ой ёғдуси осмоннинг чеккасида қандай манзарани акслантиришини маълум бир семема – тушунча билан ифодалаш қийин. Ёзувчи ана шундай вазиятда сариқ-кир увада эталонини қўллаб (бунда увада лексемасининг генетик маъноси “номунтазам шаклга эга бўлган эски, ифлос пахта” семасига эга), осмон чеккасидаги манзара тасвирида бевосита иштирок этаётган булут парчаларини номунтазам шаклига, белгисига кўра сариқ-кир увадага образли ўхшатади, тасвирланаётган воқеликни реаллаштиради, тиниқлаштиради, китобхон эмоциясига таъсир ўтказади. Адиб осмон чеккасини сариқ-кир увадага ўхшатиш орқали киши кўнглидаги ғашлик, безовталик, нотинчликка ишора қилиб, ҳикоя қаҳрамони – Унсиннинг руҳий ҳолатини имплицит тарзда ифодалайди ва ўзининг қаҳҳорона услубини яратади.
Тадқиқотда ўхшатиш қурилмаларининг анъанавий ва индивидуал турлари эътироф этилган ҳолда индивидуал ўхшатишлар турли грамматик воситалар билан юзага чиқишига кўра таснифланган ва лингвопоэтик таҳлилга тортилган.
Иккинчи бўлимда жонлантиришларнинг бадиий-эстетик вазифаси хусусида фикр юритилар экан, ўрни билан унинг лисоний хусусиятига муносабат билдирилган ҳамда унга ёндош ҳодисалардан фарқи кўрсатилган.
Биз жонлантиришларни талқин этишда уларнинг ўхшатиш қурилмалари билан боғлиқ жиҳатларини кузатдик. Маълум маънода улар ҳам метафора сингари ўхшатиш асосига қурилади. Лекин бу билан жонлантиришни метафора ёки ўхшатишга тенглаштириш тўғри эмас, албатта. Ўхшатишнинг компонент тузилишидан фойдаланган ҳолда унинг компонент тузилишини қуйидагича белгиладик: жонлантириш субъекти – А; жонлантириш қиёси – В; жонлантириш асоси – С. Жонлантиришда доим А ва С вербал шаклда иштирок этади. Масалан: Офтоб ғарбга ёнбошлаганда икки йўловчи даштдан чиқиб тепаликка йўл олди. («Мастон») Бунда жонлантириш субъекти – офтоб, жонлантириш асоси – ёнбошламоқ бўлиб, жонлантириш қиёси вербал ифодага эга эмас. Берилган жумладаги яширин пропозиция орқали одам каби жонлантириш қиёсини илғаш мумкин. Агар жонлантириш қиёси вербал ифодаланиб, {АВC} шаклга эга бўлса, жонлантириш ва ўхшатиш қаватлашади, уларнинг муҳим белгилари жонлантириш асоси билан белгиланади: Шамол гоҳ оч бўридай увиллар, гоҳ ўлим чангалига тушган мушукдай пихиллар, вағиллар, ҳеч нарса-ҳеч нарса кўринмас эди. («Даҳшат»)
М.Йўлдошев жонлантиришларни от сўз туркуми доирасида белгилайди22. Л.Джалолова эса уларни феъл сўз туркуми доирасида изоҳлайди23. Бизнингча, жонлантиришлар от ва феъл сўз туркумининг ўзаро синтагматик муносабатидан ҳосил бўлади. Жонлантиришларда маълум маънода предикативлик ҳам мавжуд. Шу боис улар синтактик ҳодиса бўлиб, иш-ҳаракат ва унинг бажарувчиси ўртасидаги синтагматик муносабатда ўз инъикосини топади. Албатта, бунда лексемаларнинг ўзаро алоқаланишида улардаги `жонлилик` ва `жонсизлик` семалари зид бўлса-да, улар бадиий нутқ учун меъёрий ҳолат ҳисобланади. Бадиий сўз усталари ана шу синтагматик алоқа бирлигидан образлиликни, ифодалиликни вужудга келтиришда ижодий-индивидуал фойдаланадилар. Чунки жонлантириш бадиий асарда ижодкор ғоясини, мақсадини амалга оширишда муҳим омил саналиб, бетакрор образли ифодалар яратади. Жумладан, А.Қаҳҳор ижодида жонлантиришларнинг энг яхши намуналарини учратиш мумкин. Адибнинг биргина «Даҳшат» ҳикоясида табиат ҳодисалари жонлантирилиб, пейзажнинг драматизм билан уйғунлашуви зўр маҳорат билан чизилган: Яқин икки ҳафтадан бери кўз очирмаётган кузак шамоли яйдоқ дарахтлар шохида чийиллайди, ғувиллайди, томларда вишиллайди, ёпиқ эшик ва дарчаларга бош уриб уф тортади. («Даҳшат») Ҳикояда жонлантириш субъекти – шамол, жонлантириш асослари – чийиллайди, ғувиллайди, вишиллайди, бош уриб уф тортади. Жонлантириш асосларининг бундай уюшиши манзара тасвирини кучайтирган ҳамда градация ҳодисасини юзага чиқарган. Бу манзара орқали киши дилида ҳосил бўладиган ғашлик гўё бўлажак даҳшатли ҳодисанинг даракчисидай туюлади. Ҳикоя экспозициясидаёқ, ёзувчи идеолектига хос яширин мақсадни англаймиз.
«Эпитет» деб номланган учинчи бўлимда эпитетларнинг лисоний ва бадиий-эстетик хусусиятлари талқин қилинди ҳамда ўрни билан тилшунос олимларнинг назарий фикрларига муносабат билдирилди. Таҳлил жараёнида эпитетларнинг анъанавий ва индивидуал турларини қайд этиш билан бирга, уларнинг содда (улар ўз ўрнида кўчимли ва кўчимсиз эпитетларга ажратилган) ва мураккаб турлари лисоний ва бадиият талаби билан таҳлил этилган.
Тадқиқотда А.Қаҳҳорга хос лингвистик маҳоратни белгилашда кўпроқ индивидуал эпитетларга мурожаат қилинган. Индивидуал қўлланишдаги эпитетлар ёзувчи услуби билан боғлиқ бўлиб, уларнинг ўзига хос лисоний лаёқати нутқ кечимида намоён бўлади. Индивидуал эпитетлар «маълум бир ижодкор томонидан илғаб олинган ва бадиий асарда алоҳида кўрсатишга бўлган эҳтиёж туфайли юзага чиқади»24. Демак, индивидуал эпитетларда ёзувчининг ҳам субъектив, ҳам эмоционал муносабатлари яққол кўзга ташланади. Шу муносабат билан эпитетлар нутқ кечимида прагматик ахборот ташийди.
Тўртинчи бўлим бадиий такрорнинг лингвопоэтик хусусиятларига бағишланган бўлиб, унда сўз, сўз бирикмаси шаклидаги такрорлар ҳамда такрорий гаплар лингвопоэтик таҳлилга тортилган. Ўзбек тилшунослигида такрорлар ўтган асрда маълум даражада ўзининг назарий ҳамда амалий асосларини топган25 бўлса-да, алоҳида олинган ёзувчи ва шоир асарларида қўлланган такрорларининг лингвопоэтик таҳлилига бағишланган ишлар эса, ҳали бармоқ билан санарли даражада26.
Ёзувчи дистант ҳолда қўлланган лексик такрорлардан кўпинча сатирик мазмун яратишда, феъл туркуми доирасида ҳосил қилинган лексик такрорлардан персонажлар руҳиятидаги интим ҳолатларни интенсив ифодалашда, такрорий гаплардан фикрнинг ўта таъсирчанлиги, эмоционаллигини таъминлашда ўринли фойдаланган. Такрорларда субъектив модалликнинг ифодаланиши унинг энг муҳим хусусиятидир. «Ундаги субъектив модаллик шахснинг ички кечинмаларида юз берган воқеа-ҳодиса билан боғлиқ равишда воқе бўлади»27. Айниқса, бу атов гап шаклидаги такрорларда яққол намоён бўлади: − Ахир, бошқоронғи бўл, эвида бўл-да! – деди дўпписини қоқмасдан бошига кийиб. − Анор, анор… Бир қадоқ анор фалон пул бўлса! («Анор») Ҳикояда кичик бир турмуш шароити қаламга олинган бўлса-да, у кенг ижтимоийлик касб этган. Яъни унда турмушдаги ночорлик, камбағаллик ҳамда ижтимоий тенгсизлик масаласи асарнинг умумғоясини ташкил этади. Ҳикоядаги анор детали ана шу ҳаёт вазиятини яққол ифода этишда муҳим тасвирий воситага айлантирилган. Айниқса, унинг такрор ҳолда стилистик қўлланилиши персонажнинг ички кечинмаларини ҳаёт вазияти билан боғлиқ равишда воқелантирган.
Бешинчи бўлим киноянинг бадиий-услубий қўлланилишига бағишланган. Киноя воситасининг бадиий асар тили, унинг эстетик қимматини оширишдаги аҳамияти хусусида атрофлича изланишлар олиб бориш мумкин. Айниқса, унинг моҳиятига прагмалингвистик нуқтаи назардан ёндашиб, асар бадииятини таъминлашдаги ўрнини муайян ёзувчи асарлари мисолида тадқиқ қилиш ўзининг долзарблик даражасини сақлаб турибди. Прагматика тил бирликларидан фойдаланувчи шахс ёки сўзловчининг тил белгиларига муносабатини ўрганувчи тилшунослик аспектларидан бири ҳисобланар экан, биз А.Қаҳҳор ҳикояларида қўлланган киноя воситаларини лингвистик прагматиканинг импликатив мазмун турларидан бири бўлган тагмаъно кўринишларидан бири сифатида талқин этдик. Чунки «киноя ва унинг кўринишларини тўғридан-тўғри олиб уни прагматика соҳаси билан боғламай туриб, ундаги яширин мазмун кўринишларини аниқламай туриб, у ҳақда фикр юритиб бўлмайди»28.
Бадиий матнда ўрни билан қўлланган киноя воситаси персонажнинг хулқ-атворини характерлаб, баҳолаш вазифасини бажариши мумкин. Жумладан, қуйидаги лексик қуршовда бунинг тасдиғини кўриш мумкин: Фотиманинг аччиғи келди: − Орқага қайтиш бўлса нима, нурли чўққидан тушиб қоласанми? («Нурли чўққилар») Берилган гапда киноя воситаси ситуатив характерга эга. Шунинг учун бунда сўзловчининг ички мақсади аниқ сезилиб туради. Чунки киноя воситасининг ишора қилиш вазифаси субъектнинг ички мақсадини юзага чиқаришда актуал вазифа бажарган. Ҳикоя персонажи Фотима киноя орқали Зуҳранинг бир вақтлар ота-онасига ёзган хатида «келажакнинг нурли чўққилари томон бормоқдамиз» деган гапига ишора қилиб, у интилган чўққи фақат худбинлик, манманлик, калтабинлик ботқоғи устига қурилган чўққи эканлигини кесатади.
Бобнинг сўнгги бўлимида ёзувчининг муболаға ва кичрайтиришлардан фойдаланиш маҳорати хусусида сўз юритилади. А.Қаҳҳор ҳикояларида қўлланган муболағали тасвирлар фавқулодда бетакрорлиги, образ яратиш функцияси билан алоҳида эътиборга молик. Ёзувчи муболағалардан фойдаланишда уларнинг ҳаёт ҳақиқати ва ситуация билан боғлиқлигига, сентиментал характерига, асарнинг умумий ғояси билан уйғунлашувига синчковлик билан ёндашиб иш кўради: Ҳақиқатан бундай кечаларда гўристон эсига тушган ҳар қандай одам, айниқса додхо сингари пайғамбар ёшидан ошиб, кафанлигини сандиққа солиб қўйган киши ўлишдан ҳам кўра гўристонда ётишни ўйлаганида тилигача савуқ тер чиқаради. («Даҳшат») Маълумки, «Даҳшат» ҳикоясида ўзбек аёлининг бурун замонда кўрган куни, фожиали тақдири ва бу даҳшат комида қолган Унсиннинг ундан қутулиш йўлидаги интилиши, ўз эрки учун кураши асарнинг асосий мазмунини ташкил этади. Ҳикояда даҳшат фони ҳукмрон. Ёзувчи барча тасвирий воситаларни шу фон тасвири учун маҳорат билан қўллайди. Табиат тасвири билан инсон тақдири ана шу фонда кесишади. Жумладан, юқоридаги лексик қуршовда қўлланган муболаға воқеликни янада бўрттириб, ҳикоя бадииятига кучли аффективлик олиб кирган.
Абдулла қАҲҲор ҳикоялари тилининг бадииятини таъминловчи лексик-стилистик воситалар
04 09 2014
2 стр.
Збекистон республикаси президенти ҳузуридаги давлат ва жамият қурилиши академияси
09 09 2014
5 стр.
Раҳматуллаев М. А. – А. Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси “Хорижий адабиётлар ва алоқалар” бўлими мудири, т ф д., профессор
07 10 2014
1 стр.
«Тил илимине киришүү» предмети студенттердин жалпы лингвистикалык кругозорун кеңейтүү максатында 1- курстун 1- семестринде 6 саат лекция
10 10 2014
1 стр.
Збекистон республикаси соғЛИҚни сақлаш вазирлиги олий ва ўрта тиббий таълим бўйича ўҚув-услубий идораси
14 12 2014
4 стр.
Дала шароитида сувни оддий усулда хлорлаш, коагулянт дозасини аниқлаш, сувни зарарсизлантириш учун таблеткаларнинг яроқлилигини аниқлаш
10 10 2014
19 стр.
Илмий тадқиқот Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни Сақлаш Вазирлиги Эндокринология Илмий-Текшириш Институтида бажарилган
09 10 2014
1 стр.
Республикаси єонун іужжатлари тўплами, 2009 й., 34-сон, 370-модда бажариш маєсадида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маікамаси іузуридаги Фан ва технологияларни ривожлантиришни мув
17 12 2014
1 стр.